Усмонийлар: салжуқийлар давлатининг ташкил топиши

0

Хуросон, Мовароуннаҳр, Шом ҳамда Анатолияда кичик-кичик салжуқийлар давлатлари бор эди. Ҳижрий бешинчи, милодий ўн биринчи асрда бу давлатлар бирлашиб, салжуқийларнинг катта бир давлати ташкил топди. Бу давлатнинг маркази аввалда Эрондаги Рай шаҳри бўлиб, кейинчалик эса Бағдодга кўчиб ўтди.

Ислом оламида бир тарафдан сунний аббосийлар давлати, иккинчи тарафдан эса шиа тоифасига мансуб фотимийлар давлати халифаликка талашаётган бир вақтда салжуқийлар давлатининг тузилиши ислом оламида сиёсий ҳолатнинг ўзгаришига катта таъсир ўтказди. Эрон ва Ироқда бувайҳий шиаларнинг, Миср ва Шомда эса убайдий фотимий шиаларнинг сони ортиб, аббосийлар халифалиги қулай деб турган вақт эди. Салжуқийлар ёрдами билан аббосийлар халифалиги қайта оёққа турди.

Салжуқийлар давлатининг султони Тўғрулбек ҳижрий 447 йилда Бағдодда бувайҳийлар давлатини йиқитди ва бутун фитналарга чек қўйди. Масжидларнинг пештоқларига осиб қўйилган саҳобаларни ҳақорат қилувчи ёзувларни олиб ташлади ва рофизийларнинг шайхи Абу Абдуллоҳ Жаллобни рофизийликка чуқур кетгани учун қатл қилди.

Бувайҳийлар Бағдод шаҳри ва аббосийлар халифасини қўлга олиб қўйган эди. Салжуқийлар бувайҳийлар давлатини йиқитганидан кейин Тўғрулбек Аббосийлар халифалигининг пойтахти Бағдодга кирди. Уни аббосийлар халифаси Қоим Биамриллаҳ тантанали равишда кутиб олди ва унга қимматбаҳо кийимлар тортиқ қилди. Тўғрулбекга ёнидан жой бериб, уни улуғ номларга кўмиб ташлади. Жумладан, уни Султон Рукниддин (дин устуни) Тўғрулбек дея кўкларга кўтарди. Қолаверса, аббосийлар халифаси Султон Тўғрулбекнинг исми пулларга ёзилиб, Бағдод ва бошқа ердаги масжидларда ўқилган хутбаларда унинг исми тилга олинсин, деб буйруқ берди. Бу эса салжуқийларнинг обрўсини янада орттирди. Шундан кейин салжуқийлар Бағдод шаҳри ва аббосийлар халифасини ўзлари хоҳлаганларидек идора қилишда бувайҳийларнинг ўрнини эгаллади.

Тўғрулбек ўткир заковатли, ўта шижоатли, кучли бир шахс эди. У диндор, тақволи ва адолатли бўлгани учун ҳам халқи уни қаттиқ қўллаб-қувватлади. У ўзига кучли бир қўшин тайёрлаб, салжуқий туркларни кучли бир давлат остида бирлаштиришга ҳаракат қилди.

Аббосийлар халифаси Қоим Биамриллаҳ салжуқийлар султони Тўғрулбек билан ўртадаги алоқани мустаҳкамлаш ниятида ҳижрий 448, милодий 1059 йилда Тўғрулбекнинг катта акаси Чағрибекнинг қизига уйланди. Ҳижрий 454, милодий 1062 йил шаъбон ойида Тўғрулбек халифа Қоим Биамриллаҳнинг қизига уйланди. Бироқ бу воқеадан кейин Тўғрулбек кўп яшамади. У ҳижрий 455, милодий 1062 йил 2 рамазон жума кунида етмиш ёшида вафот этди. Тўғрулбек Хуросон, Эрон, шимолий ва шарқий Ироқ минтақаларини бутунлай Салжуқийларнинг қўлига олиб берган эди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг