Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валиднинг Шомга юборилиши

0

Холиднинг Шомга юборилиши ва Ироқ қўшини қўмондонлигини Мусанно қабул қилиб олиши

Холид Фирозда ўн кун турди. Сўнг қўшинга Ҳийрага қайтиш буйруғини берди. Осим ибн Амрни қўшиннинг олд қисмига, Шажара ибн Аъазни эса орқа қисмига бошлиқ этиб тайинлади. Ўзи эса қўшиннинг орқасида кетаётгандек кўриниб туриб, бир гуруҳ одамлари билан қўшиндан ажралиб, ҳаж мақсадида Маккага йўл олди. Зулқаъда ойи тугашига беш кун қолган эди. Маккага илгари юрилмаган йўллар орқали юриб бориб, шу йилги (ҳижрий 12 йил) ҳаж мавсумига етиб борди. Ҳаж ибодатини адо этгач, шитоб юриб, қўшин ҳали Ҳийрага кириб бормасидан уларга келиб қўшилди. Унинг ҳаж қилганини Абу Бакр Сиддиқ ҳаждан Мадинага қайтиб келган ҳожилардан эшитиб билди. Холидга мактуб йўллаб, қўшинни ташлаб ҳажга кетгани учун унга дашном берди, халифадан берухсат қайтиб бундай ишга қўл урмасликни насиҳат қилди[1]. Сўнг унга Ироқни тарк этиб, Шомга йўл олишни буюрди. Аллоҳ унинг қўлида бу ўлкаларни ҳам фатҳ этишига умид билдирди. Уни барча иш-ҳаракатларида ниятини Аллоҳ учун холис қилишга чақирди, ўзидан кетиб қолиш, ғурурланиб кетиш ва ғалабани ўз шахсига боғлаш хатаридан огоҳлантирди, бундай қилиш инсоннинг амалини бекорга чиқаришини ва рад этилишини уқтирди, киши қилаётган амали билан ҳаволаниб кетиши ва амали билан Аллоҳга миннат қилиб қўйиши оқибатидан огоҳлантирди, миннат ёлғиз Аллоҳга хос ва тавфиқ Аллоҳнинг қўлида эканини таъкидлади[2].

Холид Шомга йўл олар экан, Ироқ қўшини қўмондонлигини Мусанно ибн Ҳориса Шайбоний қабул қилиб олди. Мусанно Ироқ ерларини яхши билар, форслар билан урушларда тобланган ва жанговар маҳорати ўта юқори қўмондонлардан эди. Ироқ урушларида Ислом қўшинларининг куч-қудрати намоён бўлди. Холиднинг Ироқда олиб борган урушларини кузатган кишига маълум бўладики, у жанговар ҳаракатларида аввало Аллоҳга суянган, сўнг душман ҳақида ўта аниқ ва пухта маълумотлар йиғишга қаттиқ эътибор берган эди. Бу борада каттагина жамоа иш олиб борган, улар бошида Мусанно ибн Ҳориса турган эди. Унинг бу муваффақиятлари фақатгина ўз заковатига ва тактик маҳоратига боғлиқ эмасди. Балки у шу минтақада ўсиб улғайган, унинг қавми Бани Шайбон Ироқ ҳудудига яқин, Фурот дарёси соҳилларида яшайдиган Бакр ибн Воил қабиласига мансуб эди. Улар жуғрофий ўринларидан келиб чиқиб ва ироқликлар билан тиғиз алоқалари туфайли разведка (жосуслик) маълумотлари йиғиш ишига энг муносиб кўрилган эдилар. Форс қўшинларининг ҳар қандай ҳаракати ва йўналиши ҳақидаги хабарлар зудлик билан Мусаннога етиб келар, форс ўлкасида юз бераётган ҳар бир иш унинг эътиборидан четда қолмас эди.

Сиддиқ Холидга шундай деб ёзган эди: «Ироқни тарк эт, уни сен келгунча ҳам у ерда мавжуд бўлган кишиларга қолдир. Ироққа сен билан бирга Ямомадан келган, сенга йўлда қўшилган, Ҳижоздан келиб қўшилган асҳобларимиз ҳамроҳлигида Шомга йўл ол. У ердаги Абу Убайда ибн Жарроҳ бошлиқ мусулмонлар жамоасига бориб қўшил. Етиб борганингдан сўнг сен уларга амирсан. Вассалому алайка ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ»[3].

Холид сафарга ҳозирлана бошлади. У қўшинни иккига бўлди, бир қисми у билан Шомга кетиши, иккинчи қисми Ироқда қолиши керак эди. У саҳобаларнинг ҳаммасини ўз қўшини сафига олди. Мусанно бундан норози бўлиб: «Валлоҳи, Абу Бакрнинг саҳобаларнинг ярмини олиб, ярмини қолдиришинг ҳақидаги амридан бошқасига асло кўнмайман. Аллоҳга қасамки, мен ғалабани улар шарофатидан деб биламан, сен мени улардан маҳрум этяпсан», деди. Дарҳақиқат, Сиддиқ Холидга қўшинни иккига бўлишни буюрар экан: «Эй Холид, улуғлардан бирини ўзинг билан олсанг, яна бирини Ироқда қолдир», деган эди. Холид Мусаннони рози қилиш учун саҳобалар ўрнига унга қавмларининг энг обрўли кишиларини, жангларда тенгсиз қаҳрамонликлар кўрсатган баҳодир инсонларни беришини ваъда қилди ва охир-оқибат уни бунга кўндирди[4].

Холид қўшинини йўлга ҳозирлади ва Шомга чексиз бепоён саҳролардан ўтиб борувчи йўлни танлади. Йўл кўрсатувчиларидан: «Қандай қилиб румликларни четлаб ўтиб, орқа томондан Шомга кириб бориш мумкин? Чунки румликларга тўқнашсам, Шомдаги мусулмонларга ёрдамга етиб боришдан кечикаман», деб сўраган эди, улар: «Фақат битта йўл бор, бироқ у ўта хатарли ва кимсасиз чўл-саҳродан ўтади, якка-ёлғиз суворийлар ҳам у йўлда ҳалок бўлишдан қўрқади, шундай экан, бутун бошли қўшин кўч-кўрони билан чидаш бериши қийин, беш кунлик масофада сув топиш бутунлай имконсиз”, дейишди.

Румликларни айланиб ўтиш учун шу йўлга юришдан бошқа чорамиз йўқ, деди Холид ва ҳар қанча хатарли бўлмасин, шу йўлдан юришга қарор қилди.

Йўл бошловчи Рофеъ ибн Умайр бу ҳалокатли саҳродан ўтиб олиш учун кўп миқдорда сув олишни маслаҳат берди. У Холиддан йигирмата (баъзи ривоятларда ундан кўпроқ) катта туя сўраб олиб, уларни бир неча кун сувсиз қолдирди. Сўнг қаттиқ ташна бўлган туяларни суғориб, қоринларини сувга тўлдирди. Туялар кавш қайтариб, қоринларидаги сувни ачитиб қўймаслиги учун оғизларини тумшуқбоғ билан маҳкам боғлаттирди. Сўнг Холидга, энди кўч-кўронларни йиғиштириб йўлга тушсак ҳам бўлади, деди.

Холид аскарларга уни бу йўлга юришга мажбур этган ва бу йўлни бошқа йўллардан афзал этган сабабларни очиқлаб, бунинг сабаби тезлик, махфийлик ва кутилмаган ҳаракат эканини тушунтирди. Одамларини сабр-матонатга чорлаб, Аллоҳнинг ёрдамига суянган мусулмон ҳар қандай хатарларга парво қилмаслиги кераклигини уқтирди.

 

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/357.
[2] «Тарих ад-даъва илал-Ислом», 295-бет.
[3] «Ас-сиддиқ аввалул хулафо», 169-бет.
[4] «Ас-сиддиқ аввалул хулафо», 170-бет.

Изоҳ қолдиринг