Фарзанд тарбиясидаги хатолар (9): Болаларнинг қўрқинчли тушлар кўришларига сабабчи бўлиш

0

Фарзандингизга ялмоғиз жодугарлар ва арвоҳлар ҳақида ҳикоялар ва эртаклар айтиб беринг, вампирлар ҳақида филмлар қўйиб беринг. Жодугарлар, сеҳргарлар, жинкаш домлалар ва дуохонлардан гапиринг. Ухлашни хоҳламаганларида бўжилар ва махлуқлар келиб уларни еб кетишларини айтиб қўрқитинг.

Жинлар билан ошналиги гапириладиган “Жинчи бобо” лақабли жодугарлар ҳақида ҳикоялар айтишга уста бир қарияни танирдим. Болалар уни кўрганда арвоҳни кўргандай қўрқар, лекин шунга қарамай унинг атрофида йиғилиб, жодугарлар ҳақида ҳикоя айтиб беришини хоҳлар эдилар. У болаларни ҳаяжонлантириш учун нозланар, уларни роса ялинтиргандан кейингина ҳикоя айтиб беришга рози бўларди. Атрофдаги кимсасиз жойларни, арвоҳлар макон тутган ташландиқ биноларни, ёвуз руҳлар мавжуд қасрларни ундан яхшироқ биладиган киши йўқ эди. Ҳикояни бошлашдан олдин тамаки трубкасини лабига қистириб тутатар, суяниб ўтириб олиб, паст бир овозда, сўзларига урғу бериб “Бир замонлар…”, дея ҳикоя қилишни бошларди.

Бир сафар мен ҳам болалар билан бирга “Жинчи бобо”дан бир ҳикоя эшитгандим: “Қарши тарафдаги тоғ ортида уч юзга кирган жодугар кампир яшар экан. Бу хотиннинг ҳеч боласи бўлмабди. Бир кун ўрмонда айланиб юрса, ўтин кесаётган отасига овқат олиб келаётган ўн ёшлардаги чиройли бир қизчани кўриб қолибди. Қизни бола қилиб олишни истабди, лекин қиз бунга кўнмабди. Жодугарнинг бундан қаттиқ жаҳли чиқибди ва сеҳр қилиб қизни қуёнга айлантириб қўйибди. Кичик қиз қуёнга айланиб қолганини билмаган ҳолда йўлида давом этибди. Отаси дарахтлар орасидан бир қуённинг чиққани кўрганда милтиғини олибди, кичик қизчага тўғрилаб, яхшилаб нишонга олгач тепкини босибди. “Пақ!” Отилган ўқ қизча тегиб, унинг жажжи баданини ерга қулатибди. Бечора ота қуён деб ўлдирган овининг ўз қизи эканини билмас эмиш. Қуённинг терисини шилиб, ички аъзоларини чиқариб тозалагач, ўртасидан бир таёқ ўтказибди. Катта гулхан ёқиб, қуённи у ёққа бу ёққа айлантириб, қизартириб пиширибди ва ўтириб ебди. Ёвуз жодугар бир дарахтнинг орқасига беркиниб олиб, буларнинг ҳаммасини томоша қилар экан. Ота ўз қизини еганини кўрганда хурсандлигидан шундай бир қаҳқаҳа отибдики, унинг овози энг узоқ қишлоқлардан ҳам эшитилибди…”

Бу ҳикояни эшитаётганлар орасидаги бир қизча йиғлашни бошлади. Бечора қўрққанидан тагини ҳам ҳўллаб қўйганди. Бу одамни ёқасидан тутиб, дўппослашдан ўзимни зўрға тутдим. Бу қилган ишининг жуда ёмон иш эканини, агар яна шундай ҳикоялар айтишда давом этадиган бўлса, милитсияга устидан шикоят қилишимни айтдим. У жуда хотиржам оҳангда: “Бу айтганларим ҳикоя эмас, ҳақиқат…”, деса борми! Ўша тоғнинг ортида жодугарлар ҳар ойнинг биринчи куни йиғиладиган ғор бор экан. Ғор оғзига қадар сеҳр учун ишлатиладиган нарсалар билан тўла экан. Буларнинг барини жодугарнинг жодусидан қутулган бир одам айтиб берган экан…

Болалар “Жинчи бобо” айтиб берган ҳикоялардан шунчалар таъсирланар эдиларки, кечалари чироқ ўчирилган жойда ётолмас, ёлғиз ўзлари ҳожатхонага боролмас эдилар. Оқшом пайтларида ташқарига чиқишганда ёнларида ота-оналари бирга бўлсалар ҳам қўрқар, қоронғу бурчаклардан бир жодугар чиқишини хаёл қилар эдилар. Дарахтлар оғзини очиб турган махлуқларга, ахлат қутилар қиёфасини ўзгартирган арвоҳлар каби кўринарди уларнинг кўзларига.

“Жинчи бобо”дан ҳикоя эшитган бир боланинг онаси айтиб берганди. Бола бечора кечаси учган юлдузни космосдаги жодугарларнинг отган оловли тўплари, омборда юрган сичқонларни эса, жодугарлар жодусига гирифтор бўлган болалар деб ўйлар экан.

Жодугарлар ҳақидаги ҳикоялар таъсири остида қолган болалар ичида энг соддаси Карим деган бола эди. Жоду ишларига шунчалар ишонган эдики, ўн беш ёшга кирганда жинлар билан гаплашишини даъво қилиб бошлаганди.

Девлар, жодугарлар, вампирлар ва арвоҳлар ёмон ниятли эртакчиларнинг тўқиб чиқарган бемаъниликларидир. Бироқ жинлар ҳақида айни гапни гапира олмаймиз. Чунки улар Аллоҳ яратган махлуқотлардан биридир. Жинлар орасида ҳам одамлардаги сингари яхшилари ва ёмонлари бор. Ёмон жинлар руҳий хаста инсонларга таъсир қилиб, улардан фойдаланадилар. Ким билсин, балки Карим ҳам ёвуз жинларнинг таъсирига учраган руҳий хасталардан биридир. Эшитганларимизга қараганда, Карим ўртоқларини атрофига тўплаб, уларга жинлар унга чизиб берган хазина хариталарини кўрсатар экан. Қизиғи, Каримга ишонганлар орасида отаси ҳам бор. Ота-ўғил ишларини ташлаб, қўлларига кураклар олиб, вайроналар орасидан хазина қидириш учун йўлга чиқар, ҳар сафар қуруқ қайтишларига қарамай, хазина қидиришда давом этардилар.

Баъзи ҳушёр болалар Каримнинг соддалигидан фойдаланиб унга турли ўйинлар қилиб кўнгил очардилар. Бир сафар жуда ёмон ўйин ўйнадилар. Кечқурун йўл устига ичи чўғ парчаларига тўла қўра қўйдилар. Карим қўрага яқинлашган пайт йўл четида беркинган болалардан бири инграган овозда бақирди: “Ёрдам бер Карим! Ёвуз руҳлар энг яхши кўрган жинингни қўрада ёқишмоқда!” Бечора Карим бунинг ўйин эканини ўйлаб ҳам ўтирмасдан қўрага қараб югурди. Палтосини ечиб қўранинг устига отди. Қўллари билан палтонинг устидан босиб, чўғни ўчиришга ҳаракат қилди. Лекин уддалай олмади. Палтоси ҳам, қўллари ҳам куйди. Ўртоқлари беркинган жойларидан чиқиб, қоринларини ушлаб кулишарди…

Изоҳ қолдиринг