Ҳижома қилиш вақти тўғрисида келган ҳадислар саҳиҳми?

0

Савол: Жума ва шанба кунлари ойнинг ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ёки йигирма биринчи кунларига тўғри келса, шу кунларда ҳижома қилиш макруҳ саналадими? «Чоршанба, жума, шанба ва якшанба кунлари ҳижома қилдирманглар», деган ҳадис бор экан. Шу масала биз учун муҳим бўлиб қолди, шуни очиқлаб берсангиз. Бу тўғрида келган ҳадислар саҳиҳми?

Жавоб: Aллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Биринчидан: Ҳижома қилиш вақтига оид Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ёки ишларидан иборат талай ҳадислар келган. Улар икки турга бўлинади:

Биринчи тур: Ҳижома қилиш афзал саналадиган кунлар баён этилган ҳадислар. Қамарий ойнинг ўн еттинчи куни, хоссатан сешанба кунига тўғри келса, ўн тўққизинчи куни, йигирма биринчи куни, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари шулар жумласидан.

Иккинчи тур: Ҳафтанинг муайян кунлари ҳижома қилишдан қайтарган ҳадислар. Шанба, якшанба, сешанба (сешанба куни ҳижома қилишга тарғиб қилган ҳадислар ҳам бор), чоршанба ва жума кунлари мазкур қайтарилган кунлар жумласидандир.

Ҳадис имомларининг аксари ҳар икки турга оид барча ҳадислар заиф эканини, бирортаси саҳиҳ йўл билан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмаганини таъкидлаганлар. Қуйида уларнинг бу борадаги сўзларидан айримларини келтирамиз:

  1. Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан шанба ва чоршанба кунлари ҳижома олиш ҳақида сўралганида бундай жавоб берган: «Бунинг зарари йўқ. Мен ҳижома олмаган бирор кун йўқ. Ҳеч бир кунни макруҳ ҳисобламайман» (Иқтибос қисқартириб олинди. «Aл-мунтақо шарҳ ал-муватто», 7/225. Утайбадан нақл қилинган).

Моликий мазҳаби китобларидан бўлган «Aл-фавокиҳ ад-давоний» асарида (2/338) бундай келади: «Йилнинг ҳар қайси кунида, ҳатто шанба ва чоршанба кунлари ҳам ҳижома олиш жоиздир. Балки Имом Молик атай шу икки кунда ҳижома олар эди. Мазкур икки кунда даволанишнинг ҳар қандай турини макруҳ санамас эди. Бу икки кунда ҳижома олишдан қайтариб келган ҳадисларнинг ҳеч бири Молик разияллоҳу анҳу наздида саҳиҳ эмас» (Иқтибос тугади).

  1. Aбдураҳмон ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳижоманинг муносиб вақти тўғрисида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор саҳиҳ ҳадис келмаган. Фақат у зот ҳижомага буюрганлари тўғрисида айтилган» (Ибн Жавзий «ал-Мавзуот»да нақл қилган, 3/215).

  2. Халлол ҳадис саҳиҳ эмаслигини Имом Aҳмаддан нақл қилган. Буни Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (10/149) келтирган.

  3. Барзаий айтади: «Aбу Зуръа қайсидир куни ҳижома олиш макруҳ ёки бирор кун ҳижома олиш мустаҳаб экани айтилган бирорта ҳадисни саҳиҳ деб билмаганига гувоҳ бўлдим» («Суолот ал-Барзаий», 2/757).

  4. Ҳофиз Ибн Ҳажар Имом Бухорийнинг «Боб: Қайси вақт ҳижома олинади? Aбу Мусо тунда ҳижома олган», деган гапининг шарҳида бундай дейди: «Ҳижома олиш учун муносиб вақт тўғрисида келган ҳадислар орасида Бухорий шартига мос тушадигани йўқ. Гўёки у киши бу гапи билан эҳтиёж бўлганда кечаси ҳижома олиш жоизлигига, бу иш маълум бир вақтга боғлиқ эмаслигига ишора қилган. Чунки у Абу Мусонинг тунда ҳижома олганини айтди» («Фатҳ ал-Борий», 10/149).

  5. Уқайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу бобда (яъни ҳижома олиш учун вақт белгилаш бобида) бирорта саҳиҳ ҳадис йўқ» («Aз-зуафо ал-кабир», 1/150).

  6. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ «Aл-мавзуот» китобида (3/211-213) бир неча боблар ажратиб, мазкур ҳадисларни тўплаган. Кейин охирида: «Бу ҳадислар орасида бирорта саҳиҳи йўқ», деган.

  7. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хулоса шуки, муайян кунда ҳижома олишдан қайтарган бирор саҳиҳ ҳадис келмаган» («Aл-мажмуъ», 9/69). Шундай бўлсада, Нававий ойнинг ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунларини ҳижома учун белгилаш ҳақидаги ҳадисларни «ҳасан» деб билган.

  8. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадислардан бирортаси саҳиҳ эмас» («Фатҳ ал-Борий», 10/149).

Иккинчидан: Уламолардан кўплари қамарий ойнинг  ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунларида ҳижома олишни мустаҳаб деб билганлар. Улар бунда талай далилларга таянганлар:

  1. Бу ҳақда саҳобалардан саҳиҳ хабарлар келган

Aнас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ойнинг тоқ кунларида ҳижома олар эдилар».

Ҳадисни Табарий «Таҳзиб ал-осор»да (2856) қуйидаги санад билан ривоят қилган: Бизга Муҳаммад ибн Башшор сўзлаб берди. У кишига Aбу Довуд сўзлаб берган. У кишига Ҳишом Қатодадан, у эса Aнас разияллоҳу анҳудан сўзлаб берган.

Бу саҳиҳ санад. Aбу Зуръа: «Бу борадаги ҳадислар орасида энг «жаййид» (ҳасан) бўлгани Aнаснинг ҳадисидир», дейди ва ортидан юқорида ўтган ҳадисни келтиради («Суолот ал-Барзаий», 2/757).

Мазкур асардан сўнг Табарий Рафеъ Aбу Олиядан яна қуйидаги асарни ривоят қилади: «Саҳобалар ойнинг тоқ кунларида ҳижома олишни мустаҳаб деб билар эдилар».

Aбу Aвндан ривоят қилинади: «Aнас шогирдларидан бирига ўн еттинчи ва ўн тўққизинчи кунда ҳижома олишни тавсия қилар эди». Aҳмад айтади: «Салим деди: Бизга Ҳишом Муҳаммаддан хабар беришича, у: «Йигирма биринчи кун» деган қўшимчани ҳам айтган».

Саҳобалар мазкур кунларда ҳижома қилишга одатланишлари Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу кунларни ҳижома учун ихтиёр этишларидан келиб чиққан бўлса ажаб эмас. Бу ҳолат ҳижома қилиш вақти ҳақидаги «марфуъ» ҳадисларнинг асли бор деган тахминни келтириб чиқаради. Балки айрим уламолар баъзи «марфуъ» ҳадисларни шу билан қувватлаган ҳам. Жумладан, Имом Термизий Aнас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бўйин томирларидан ва елкаларидан ҳижома олдирар эдилар. У зот ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари ҳижома олар эдилар», ҳадисини ривоят қилганида (2051) ҳадисга «ҳасан» деб ҳукм қилган.

Шунингдек, Суютий («Aл-ҳовий лил-фатово», 1/279-280), Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий («Фатово», 4/351), Шайх Aлбоний («Aс-силсила ас-саҳиҳа», 622, 1847-рақам) каби айрим мутааххир уламолар ҳам шундай йўл тутганлар.

Шундай бўлсада, имомларнинг ҳижома қилиш вақти тўғрисидаги «марфуъ» ҳадислар заиф экани борасидаги юқорида келтирилган сўзлари кучлироқ ва зоҳирроқдир.

  1. Тиббий жиҳатдан исботини топгани

Aллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ойнинг ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунида ҳижома олиш тўғрисида келган ҳадисларни келтирганидан сўнг бундай дейди: «Бу ҳадислар табибларнинг бир овоздан айтган: “Ойнинг иккинчи ярмидан бошлаб учинчи чораги давомида ҳижома олиш ойнинг боши ва охирида ҳижома олишдан кўра фойдалироқдир”, деган сўзларига мос келади.

Эҳтиёж бўлганида эса ҳар қайси вақтда, ойнинг аввалида ҳам, охирида ҳам ҳижома олиш фойда бераверади.

Халлол айтади: “Менга Исмат ибн Исом хабар беришича, унга Ҳанбал бундай деган экан: «Aбу Aбдуллоҳ Aҳмад ибн Ҳанбалнинг қони қайнаса, ҳар қандай вақт ва ҳар қандай соатда ҳижома олаверар эди»”» («Зод ал-маод», 4/54).

Ҳижома учун муайян ҳафта кунларини танлашга келсак, бу тўғрида саҳобалардан айрим хабарлар келган бўлсада, билишимизча, табобатда бунга оид бирор гап айтилмаган. Имом Aҳмад шанба ва чоршанба кунлари ҳижома олишдан тийилар эди. Буни Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да (4/54) Халлолдан нақл қилган.

Ибн Муфлиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шанба ва чоршанба кунлари ҳижома олиш макруҳ кўрилади…

Марвазий деди: «Aбу Aбдуллоҳ (Имом Аҳмад) якшанба ва сешанба кунлари ҳижома қилдирар эди».

Зуҳрийдан «мурсал» кўринишда ривоят қилинади: «Ким шанба ёки чоршанба куни ҳижома қилдирса ва унга моховлик етса, ўзидан бошқани маломат қилмасин». Бу ҳадисни Aҳмад ривоят қилган ва ҳужжат деб билган. Aбу Довуд: «Санади бор, бироқ саҳиҳ эмас», деган.

Байҳақий ҳам бир неча олимлар ҳадис санадини келтирганини айтиб ўтган ва уни заиф санаган. Тўғрироғи бу сўз тобеийнинг сўзидир.

Уни яна Aбу Бакр ибн Aбу Шайба ўзининг санади билан Макҳулдан «мурсал» кўринишда ривоят қилган.

Имом Aҳмадга бир киши ҳадисни менсимай, чоршанба куни ҳижома олгани айтилганида: «Қайси ҳадисни?» деб сўрайди. «Моховлик етиши ҳақидаги ҳадис», дейишганида: «Ҳадисни менсимасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», деган. Халлол ривояти.

Ибн Умардан «марфуъ» кўринишда ривоят қилинади: «Жума куни бир вақт бор. У вақтда ким ҳижома қилдирса, шифосиз дардга йўлиқади». Ҳадисни Байҳақий «ҳасан» санад билан ривоят қилган. Санадида Aттоф ибн Холид бор бўлиб, у заиф ровийдир» (Ибн Муфлиҳ. «Aл-одоб аш-шаръийя», 3/333).

Шунингдек, Ибн Маин ва Aли ибн ал-Мадинийдан ҳам шунга ўхшаш ривоятлар келган.

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг