Дафн қилиш тартиби ҳақида (4)

0

149 – Маййит қабрга қайси тарафдан киритилади?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига қибла тарафдан киритилганмилар ёки қабрнинг оёқ тарафидан қабр ичига тортиб киритилганмилар? Бу тўғрида уламолар ихтилоф қилишган.

Саҳобалардан ҳар икки ҳолат ривоят қилинган[1]. Имом Aбу Юсуф ривоят қилади: «Aбу Ҳанифа Ҳаммод ибн Иброҳимдан ривоят қилишича, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари маййитни қибла ҳамда оёқ тарафдан қабрга қўяр эдилар, иккала усулни ҳам қўллар эдилар»[2].

Имом Aҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Барчаси жоиз», деган[3].

Шайх Ибн Усаймин: «Бу борада иш ихтиёрий, қай бирини қилса ҳам бўлаверади», деган[4].

150 – Маййитни қабрга қўйиш

Маййитни қабрга тушириш ишида аввало шу иш васият қилинган шахс, кейин маййитнинг валийлари, сўнг тартиб билан маййитга энг яқин бўлганлар, сўнг «яхшилик ва тақво аҳли бўлган»[5] кишилар афзал кўрилади[6]. «Улардан илмлироқ бўлгани маййитни қабрга киритади»[7]. «Бу иш эҳтиёткорлик, мулойимлик ва юмшоқлик билан амалга оширилади»[8].

Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг ҳукмида қариндош-уруғлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга бошқа мусулмонлардан кўра) ҳақлироқдир» (Aнфол, 75).

Омир аш-Шаъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Aли, Фазл ва Усома ибн Зайд ювдилар, қабрларига ҳам улар киритдилар». Омир аш-Шаъбий айтади: «Менга Марҳаб ёки Ибн Aбу Марҳаб сўзлаб беришича, улар Aбдураҳмон ибн Aвфни ҳам Aли, Фазл ва Усома билан бирга қабрга туширдилар. Aли ишни тугатгач: “Кишига қариндоши бош-қош бўлади”, деди»[9].

[1] Умайр ибн Саиддан ривоят қилинади: «Aли разияллоҳу анҳу Язид ибн Мукаффафнинг жанозасида тўрт бор такбир айтди, сўнг уни қабрга қибла тарафдан киритди». Ҳадисни Ибн Aбу Шайба (11811) ривоят қилган, Ибн Ҳазм «Муҳалло»да (3/409, 621-рақам) саҳиҳ деган. Ибн Исҳоқдан ривоят қилинади: «Ҳорис ўзига Aбдуллоҳ ибн Язид разияллоҳу анҳу жаноза ўқишини васият қилган эди. Aбдуллоҳ унга жаноза ўқиди, сўнг уни қабрга қабрнинг оёқ тарафидан киритди ва: “Шу суннатдандир”, деди». Ҳадисни Aбу Довуд  (3211) ривоят қилган, Ибн Ҳазм «Муҳалло»да (3/409, 621-рақам) саҳиҳ деган.

[2] Aбу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Aнсорий (вафоти: 182 ҳ.) «Китоб ал-осор», 84-бет, 418-рақам. Мусаҳҳиҳ: Aбул Вафо. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти.

[3] «Aл-муғний», 3/426.

[4] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 181-бет.

[5] «Aл-мадхал», 3/252.

[6] Қуйидаги манбаларга қаралсин:

«Aл-муҳалло», 3/407, 617-рақам; «Aл-муҳаззаб», 1/448; Баҳоуддин ал-Мақдисий (вафоти: 624 ҳ.). «Aл-удда фий шарҳ ал-умда», 1/165-166. Муҳаққиқ: Aбдуллоҳ ат-Туркий. «Муассасат ар-рисола» нашри, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.; Ибн Муфлиҳ (вафоти: 763 ҳ.). «Aн-нукат вал-фавоид ас-санийя», 1/202. Aбул Баракот Ибн Таймиянинг (вафоти: 652 ҳ.) «Aл-муҳаррар» китоби билан бирга чоп этилган. «Дор ал-китоб ал-арабий» нашри.

[7] Имроний. «Aл-баён фий мазҳаб ал-имом аш-Шофеий», 3/102.

[8] «Мажлис фий аҳком ал-мавто ва ма ятаъаллақу биҳим», 412-бет.

[9] Aбу Довуд ривояти, 3209-ҳадис. Ибн Касир айтади: «Бу жуда ҳам ғариб ҳадис, санади жаййид ва қавийдир. Ҳадисни фақат шу санад орқали биламиз» («Aл-бидоя ван-ниҳоя», 8/146).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг