Эй иймон келтирганлар (60): Неъматларни эслаш ва шукр қилиш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизларга инъом этган неъматни эсланг. Ўшанда сизларга қарши қўшинлар йиғилиб, сизларни ўраб олган эди. Биз бу қўшинлар устига қаттиқ шамолни ва осмондан сизлар кўрмаган фаришталарни юбордик. Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўрувчи зотдир. Улар тепангиздан ва қуйи тарафингиздан бостириб келишганини эсланг. Ўша онда кўзлар қотиб қолган, юраклар бўғизларга етган ва Аллоҳга нисбатан ҳар хил ёмон гумонларни қилаётган эдингиз. Ана шундай оғир ҳолатда мўминларнинг иймони синалди ва қаттиқ ларзага солиндилар” (Аҳзоб, 9-11).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо аввалда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига Аллоҳнинг буюк бир неъматини эслаб, шукр қилишлари, фаровонликда ҳам, қийин дамларда ҳам Аллоҳ ва Расулига итоат қилишлари учун йўлланган бўлса-да, сабабнинг хослиги эмас, лафзнинг умумийлиги эътиборга олинади. Қолаверса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари душманларнинг уларни таг-туги билан йўқ қилиб ташлаш режасидан нажот топиб, омон қолишлари Аллоҳ таолонинг ҳар бир мўмин ва мўмина учун ҳаёти дунёдаги энг катта неъматидир. Чунки улар Аҳзоб жангида ҳалок бўлиб кетишганида эди, бизларга Ислом етиб келмаган, Раббимизни танимаган, Уни улуғлаб эсламаган, шукр қилмаган бўлар эдик. Бизларга неъматларини инъом этган, фазл-марҳаматини ёғдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Расулуллоҳ ва саҳобаларга қарши фитна уюштирган гуруҳлар умидини пучга чиқариб, уларни муваффақиятсиз қайтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар эса фитнадан қутулиб, нажот топдилар.

Қуйида сиз азиз ўқувчига ушбу илоҳий нидо ўз ичига олган уч оят шарҳини баён қиламиз.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига қаратилган нидоларини қайси сўзлар билан бошлаши юқорида кўп келганидан сизга ёд бўлиб қолган бўлса ажабмас: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб ва илоҳ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчи, Исломни дин ва шариат деб билган мўминлар!

Аллоҳ сизларга инъом этган неъматни эсланг”, яъни сизга хавф солиб турган, сизни ўраб олган катта бир хатарни даф қилгани неъматини ёдга олинг. Хатар шундан иборат эдики, мусулмонларга қарши жанг қилиш учун мушрик, мунофиқ ва яҳудийлардан иборат қўшин Мадинага бостириб келган эди. Улар Қурайш, Асад ва Ғатафон қабиласи мушриклари қўшини ҳамда Мадинадаги яҳудлардан Бани Қурайза қўшини бўлиб, бу гуруҳларни яҳудий Ҳуяй ибн Ахтаб мусулмонларга қарши гижгижлаб, уруш майдонига келтирган эди. Сабаби, мусулмонлар уни Мадинадан ҳайдаб чиқарган эдилар. Мадинадан ҳайдалган Ҳуяй Хайбар ва Таймода Бани Назир қабиласи яҳудийлари билан топишиб, мусулмонлардан ўч олиш учун ўзаро тил бириктирадилар.

Ўшанда сизларга қарши қўшинлар йиғилиб, сизларни ўраб олган эди”. Бу қўшин Қурайш, Асад ва Ғатафон мушрикларидан йиғилган катта гуруҳ эди.

Биз бу қўшинлар устига қаттиқ шамолни ва осмондан сизлар кўрмаган фаришталарни юбордик”. Бу ҳол тоғ ёнбағридаги йигирма беш кунлик қамалдан кейин содир бўлди. Орқаларида дара, олдиларида эса хандақ бор эди. Аллоҳ таоло улар устига сабо шамолини юборди. Шамол уларнинг ёққан гулханларини, овқат пишираётган оловларини ўчирди. Қозонларини ағдариб, чодирларини қўпориб ташлади. Уларнинг ҳаммасини ташлаб кетишдан, оёқни қўлга олиб қочишдан бошқа чоралари қолмади. Бунга қўшимча Аллоҳ таоло уларга қарши осмондан фаришталардан бўлган қўшин юборди. Уларнинг қалбларига қўрқув тушиб, нима қилишларини билмай қолдилар ва аччиқ мағлубият юкини судраганча қайтиб кетдилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўрувчи зотдир”. Яъни эй мўминлар, Раббингиз Аллоҳ сизнинг барча амалларингизни кўриб, билиб турувчидир. Жанг, кураш услублари бўлсин, сиз билан душманингиз ўртасини тўсган хандақ қазиш бўлсин, мунофиқлар айтган ёмон сўзлару уларнинг дилларидаги ёмон ўйлар бўлсин, буларнинг бари Аллоҳга махфий эмас. Яхшиларни қилган яхшилиги билан мукофотласа, ёмонларни ёмонлиги билан жазолайди.

Бу илоҳий нидонинг иккинчи оятида Аллоҳ таоло деди: “Улар тепангиздан”, яъни шарқ томондан Уяйна ибн Ҳисн қўмондонлиги остида Ғатафон ва Асад қабилалари “ва қуйи тарафингиздан”, яъни жанубий-ғарб тарафдан Қурайш ва Кинона мушриклари “бостириб келишганини эсланг”. Бу жанг майдонининг чегараси эди. Ана шунда “кўзлар қотиб қолган”, яъни қаттиқ қўрқувдан кўзлар бостириб келган душмандан бошқасини кўрмай қолган, “юраклар бўғизларга етган”, яъни даҳшат ва хавфнинг зўридан юраклар ўпкадан ўтиб, бўғизнинг охиригача етган эди. Ҳамма мўминлар шу ҳолга тушмаганлар, бу ҳол уларнинг айримларига етган эди. “Аллоҳга нисбатан ҳар хил ёмон гумонларни қилаётган эдингиз”, яъни ғолиб бўламизми ё мағлуб, саломат қоламизми ёки ҳалок бўламизми, деган турли хил гумонлар қилдингиз. Ҳолатни бундай ўта нозик тарзда тасвирлаш Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, барча нарсадан хабардор, ҳар нарсани билувчи эканига далолатдир. Ҳақиқатда ҳолат айнан шундай эди.

Бу нидодаги учинчи оят эса мўминларнинг яна бир бор имтиҳон қилингани ҳақида хабар беради: “Ана шундай оғир ҳолатда мўминларнинг иймони синалди”, яъни иймонида собит турувчи, қийинчиликлар бука олмайдиган, фитналарга алданмайдиган мўмин билан иймони бўш, осонгина мағлуб бўлувчи, ақидасининг заифлиги, қатъият ва сабрининг камлигидан тезда ўзгариб қолувчи мўминни кўрсатиб бериш учун Парвардигорлари уларни имтиҳон қилди. “Ва қаттиқ ларзага солиндилар”, яъни душман қўшинининг кўпсонли ва куч-қудратли экани, мусулмонларнинг заиф ва озлиги, очлик, қамал, қаттиқ совуқ, мунофиқларнинг ташлаб кетиши, Бани Қурайза яҳудлари аҳдни бузиб, мусулмонларга қарши йиғилган гуруҳларга қўшилиб кетиши каби бир қанча омиллар боис қаттиқ ларзага тушдилар.

Неъматларни эслаш ва уларни инъом этган Зотга шукр қилиш мўмин киши асло унутмаслиги лозим ишлардандир. Ким неъматни эсламаса, шукрини ҳам адо этмайди.

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари сон-саноқсиз, адоғи йўқ. Бадан ва ақл соғлиги, соғлом ақида ва ҳақ дин каби улуғ неъматларнинг ҳар бири бандадан алоҳида-алоҳида, тинмай шукр қилишни тақозо этади. Неъматларни ва уларни ато этган Аллоҳни эслаш шукр қилишга ёрдам беради.

Шукр қуруқ тилда эмас, балки неъматларни берган Аллоҳга ибодат қилиш билан, Аллоҳ яхши кўрган ишларни бажариш, Уни улуғлаш, Унга ҳамду сано айтиш билан адо этилади. Банда Аллоҳни қалби ва тили билан зикр қилиши, берилган неъматларни Аллоҳ йўлида сарфлаши ҳам неъматларга шукр қилиш бобидандир.

Неъматларига шукр қилган бандасига Аллоҳ янада яхши ва ундан-да афзалини зиёда қилаверади: “Агар неъматларимга шукр қилсангиз, албатта Мен сизларга ўз фазлимдан яна зиёда қиламан. Агар куфрони неъмат қилсангиз, албатта сизларни оғир азоб билан азоблайман” (Иброҳим, 7).

Парвардигоро, Сенга ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин. Бизга берган неъматларингга барака бер ва уларни янада зиёда қил.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг