Қодиёнийларнинг келиб чиқиши

0

Қодиёнийлар милодий ўн тўққизинчи асрнинг охирларида Ҳиндистонда пайдо бўлган ботиний фирқалардан биридир. Улар Ҳиндистон ва Покистонда қодиёнийлар номи билан танилган бўлсаларда, бошқа исломий диёрларда ўзларини аҳмадийлар деб аташади. Бу билан улар ўзларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб қилиб кўрсатмоқчи бўлишади. Аслида эса улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган диннинг илдизига болта уришни ўзига дин деб билган фирқадир.

Бу фирқа исломга қанчалик зарар етказишини кўрган Ҳиндистон мустамлакачиси бўлмиш инглиз давлати уларни қўлларидан келганича ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан қўллаб-қувватладилар. Қодиёнийларнинг айтишича, ҳатто Исроил ҳукумати ҳам уларга Исроил ичида фаолият юритишларига имкон яратиб берган.

Улар ўзларининг бузуқ эътиқодларини мусулмонлар ўртасида ёйишга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Ҳатто Покистондек мусулмон юртда ўзларидан бир вазир етиштирдилар. Бу мамлакатда қодиёний тоифасига мансуб Зафаруллоҳ Хон ташқи ишлар вазири этиб тайинланганидан кейин қодиёнийларнинг даъвати янада авж олди.

Аввалида Қодиён, кейин эса Рабва қодиёнийларнинг марказига айланди ва улар араб давлатларида ҳам фаолият юрита бошладилар. Ироқ, Сурия, Индонезия ҳамда Африкадаги баъзи давлатларда бир қанча инсонларни йўлдан урган бўлсаларда, лекин Аллоҳнинг раҳмати ила Араб Ярим Оролига қадам боса олмадилар. Қодиёнийлар ўз динларини тарқатишга қанчалар қаттиқ ҳаракат қилишмасин, Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан уламоларимиз ислом умматига уларнинг асл башарасини очиб бердилар. Бу борада Ҳиндистон ва Покистон уламоларининг ҳиссалари катта. Шундай бўлсада, ҳанузгача мусулмонлар орасида Қодиёнийни пайғамбар, ҳаж қилиш учун Қодиёнга боришни эса дин деб қабул қиладиган баъзи жоҳиллар йўқ эмас.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг