Намоз: Намоз ўқиш тартиби

0

Намоз ўқиш тартиби

«Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами» ва бошқа ҳадис китобларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди набавийга кирдилар. Шу пайт бир киши масжидга кириб намоз ўқиди. Сўнг у зотнинг олдиларига келиб салом берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг саломига алик олиб бундай дедилар: «Бор, қайтадан намоз ўқи, сен намоз ўқимадинг ҳисоб». Ҳалиги киши бориб қайтадан намоз ўқиди ва яна у зотнинг олдиларига келиб салом берди. «Бор, қайтадан намоз ўқи, сен намоз ўқимадинг ҳисоб», дедилар яна Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бу ҳолат уч бор такрорланди. Шунда ҳалиги киши: «Сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, бундан бошқача намоз ўқишни билмайман, менга ўргатинг», деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоз ўқиш учун турсанг, такбир айт. Сўнг билганингча Қуръон ўқи. Сўнг руку қил ва руку қилган ҳолатингда хотиржам тур. Сўнг рукудан бошингни кўтар ва қиёмда қаддингни ростлаб тур. Сўнг саждага бош қўй ва сажда қилган ҳолингда хотиржам тур. Сўнг саждадан бош кўтар ва хотиржам ўтир. Сўнг иккинчи бор саждага бош қўй ва сажда қилган ҳолингда хотиржам тур. Сўнг шу ишни намозингнинг ҳар ракаатида такрорла»[1].

Ушбу ҳадис «намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис» деб номланади. Мазкур ҳадис намоз рукнларини баён қилиш бобида асос саналади. Ҳадис бир қанча иборалар билан ривоят қилинган бўлиб, уларни ўз ўрнида келтирамиз, иншааллоҳ.

Дарҳақиқат, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиш тартиблари Абу Ҳумайд ва Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисларда ҳам баён этилган.

Муҳаммад ибн Умар ибн Атодан ривоят қилинади: «Абу Ҳумайд Соидий разияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўнта саҳобалари ичида кўрдим, у ерда Абу Қатода ҳам бор эди. Абу Ҳумайднинг бундай деганини эшитдим: «Мен ичингизда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиш тартибларини энг яхши билувчингизман». Саҳобалар: «Нега энди?! Аллоҳга қасамки, сен у зотга кўпроқ эргашган ҳам, ичимизда у зотга энг узоқ муддат ҳамроҳ бўлганимиз ҳам эмассан!» «Ҳа, шундай», деди Абу Ҳумайд. «Қани, айтиб берчи?» дейишди саҳобалар. Абу Ҳумайд деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турсалар икки қўлларини елкалари баробарида кўтариб такбир айтар, ҳатто таналаридаги ҳар бир суяк ўз ўрнида қарор топар эди. Сўнг қироат қилар эдилар. Сўнг такбир айтиб, қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Сўнг руку қилар, кафтларини икки тиззаларига қўяр, бошларини пастга ҳам эгмай, юқорига ҳам кўтармай текис турар эдилар. Сўнг рукудан бошларини кўтарар ва «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дер эдилар. Сўнг қўлларини елкалари баробарида кўтарар ва қадларини ростлаб турар эдилар. Сўнг «Аллоҳу акбар» дея саждага борар эдилар. Саждада тирсакларини биқинларидан узоқлаштирар эдилар. Сўнг саждадан бошларини кўтарар ва чап оёқларини ерга тўшаб, устига ўтирар эдилар. Сажда қилсалар оёқ панжаларини букиб, уларни қиблага қаратиб турардилар. Сўнг «Аллоҳу акбар», дея бошларини саждадан кўтарар, чап оёқларини ерга тўшаб, таналаридаги ҳар бир суяк ўз ўрнига қайтгунча (хотиржам) ўтирар эдилар. Сўнг иккинчи ракаатда ҳам шундай қилар эдилар. Сўнг агар иккинчи ракаатдан қиёмга турсалар такбир айтар ва намозни бошлашда қилганларидек, қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Сўнг шу ишларни намознинг қолган ракаатларида ҳам такрорлар эдилар. Саломдан олдинги охирги саждага келганларида чап оёларини (думбалари остидан ўнг томонга) чиқариб, чап думбаларини ерга теккизиб қаъдада ўтирар эдилар». Саҳобалар айтдилар: «Тўғри айтдинг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай намоз ўқир эдилар»[2].

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўқишларини ўрганиш учун намозларини кузатай дедим. У зот намоз ўқиш учун ўринларидан турдилар, қиблага юзланиб, такбир айтдилар. Қўлларини қулоқлари баробарида кўтардилар. Сўнг ўнг қўллари билан чап қўлларини ушладилар. Руку қилмоқчи бўлганларида қўлларини яна шундай кўтардилар. Сўнг қўлларини тиззаларига қўйдилар. Бошларини рукудан кўтарганларида қўлларини яна шундай кўтардилар. Сажда қилганларида бошларини олдиларига (қўлларини эса қулоқларининг баробарига) қўйдилар. Сўнг чап оёқларини тўшаб, (ўнг оёқларини тикка қилиб) қаъдага ўтирдилар, чап қўлларини чап сонлари, ўнг тирсакларини ўнг сонлари устига қўйдилар, икки (жимжилоқ ва номсиз) бармоқларини кафтларига ёпиштирдилар ва (икки бармоқлари билан) ҳалқа ҳосил қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бундай қилганларини кўрдим». Ҳадисни Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилган Бишр бош ва ўрта бармоқлари билан ҳалқа ҳосил қилиб, кўрсаткич бармоғи билан ишора қилар экан, Воилнинг «мана бундай» деганини кўрсатиб берди»[3].

Юқоридаги ҳадислар намоз ўқиш тартиби тўғрисида келган айрим ҳадислардир. Ушбу ҳадисларнинг бир қанча лафзлари ва қўшимчалари мавжуд бўлиб, уларни ўрни келганда намоз китобида келтирамиз, иншааллоҳ. Энди эса намоз ўқиш тартибини амаллар кетма-кетлигига кўра тўлиқ ва батафсил баён қиламиз, ҳар бир амалга тегишли ҳукм ва мулоҳазаларни айтиб ўтамиз.

Банда намоз ўқимоқчи бўлса, аввало намоз дуруст бўлиши учун шарт бўлган таҳорат, қиблага юзланиш ва ҳоказо ишларга эътибор қаратиши лозим. «Намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»га оид ривоятлардан бирида шундай дейилади: «Сизлардан бирингиз Аллоҳ буюргандек мукаммал таҳорат олмагунича: юзини ҳамда икки қўлини тирсакларига қадар ювмагунича, бошига масҳ тортмагунича, икки оёғини тўпиғига қадар ювмагунича намози дуруст бўлмайди»[4]. Бошқа бир ривоятда келади: «Мукаммал таҳорат ол, сўнг қиблага юзланиб такбир айт»[5]. Намоз шартларини тўлиқ бажаргач, қуйидаги тарзда намоз ўқишга киришади:

[1] Бухорий (793), Муслим (397), Абу Довуд (856), Термизий (303), Насоий (1/141), Ибн Можа (1046), Аҳмад (2/437) ривоят қилган. Шунингдек, Рифоа ибн Рофеъ Бадрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қавватлайди. Бу ҳадисни Абу Довуд (859), Термизий (302), Насоий (1/161), Ҳоким (1/242), Аҳмад (4/340) ривоят қилишган. Ҳадис санади саҳиҳ.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (730), Термизий (304), Насоий (3/34), Ибн Можа (1061), Бухорий («Рафъ ал-ядайн жузъи»да) ривоят қилишган.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (726), Термизий (292), Ибн Можа (867, 912), Насоий (2/126), Ибн Ҳиббон (1860) ривоят қилишган.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (858), Насоий (2/225), Ибн Можа (460) ривоят қилишган.
[5] Бухорий (6251), Ибн Можа (1060) ривояти.

Изоҳ қолдиринг