Маййитни қабрга қўяётганда қандай зикр айтилади? Азон ва иқомат ҳам айтиладими?

0

153 – Маййитни қабрга қўяётганда айтиладиган зикр

Маййитни қабрга қўяётган киши: «Бисмиллаҳ ва ъала миллати Расулиллаҳ» (Аллоҳнинг исми билан, Расулуллоҳнинг шариатига мувофиқ[1]) деб айтиши мустаҳаб эканига уламолар иттифоқ қилганлар. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар[2].

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни қабрга қўйсалар: “Бисмиллаҳ ва ъала миллати Расулиллаҳ” деб айтар эдилар. Абу Холид бир марта бундай деган: “Маййитни қабрга қўяётган киши: «Бисмиллаҳ ва ъала суннати Расулиллаҳ» (Аллоҳнинг исми билан, Расулуллоҳнинг суннатига мувофиқ) деб айтади”».

Ҳишом ҳадисида: «Бисмиллаҳ ва фий сабилиллаҳ ва ъала миллати Расулиллаҳ» (Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳнинг йўлида, Расулуллоҳнинг шариатига мувофиқ), деган»[3].

«Мазкур зикрни маййитни қабрга қўяётган кишилар айтиши мустаҳабдир. Яъни уларнинг ҳар бири шу дуони айтадилар»[4]. Бунга далил Баёзий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қачон маййит қабрига қўйилса, уни қўяётган кишилар қабрга қўяётган пайти: «Бисмиллаҳ ва биллаҳ ва ъала миллати Расулиллаҳ» деб айтсинлар”»[5].

154 – Маййитни қабрга қўйиш асносида азон ва иқомат айтиш

Маййитни қабрга қўйиш асносида азон ва иқомат айтиш жоиз эмас[6]. Сабаби, бу иш на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на бирор саҳобадан келган. «Ибн Ҳажар фатволарида бу ишнинг бидъат эканини таъкидлаган»[7].

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1285 ҳ.) айтади: «Қабр бошида азон айтиш Аллоҳ у ҳақда бирор далил туширмаган ва эргашиладиган мўътабар зотлардан бирортаси қилмаган хунук бидъатлардандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан кўра енгилроқ бўлган иш – қабристонда ёки қабрга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар[8]. Гарчи намозхон Аллоҳ учун холис намоз ўқиётган бўлсада, бу иш қабрларни улуғлаш  ва уларга сиғинишга сабаб бўлиб қолмаслиги учун шундай қилинган»[9].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Билишимизча, маййитни қабристонга таҳлил айтиб олиб бориш ёки уни кўмгандан кейин азон айтиш борасида на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на у зотнинг саҳобаларидан бирор хабар келган. Демак, бу иш янги пайдо қилинган бидъатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бизнинг шариатимизда бўлмаган ишни пайдо қилса, у рад этилади»[10], деган сўзларига кўра бу иш инкор этилади»[11].

Қўмита яна бундай дейди: «Маййитни кўмгандан кейин, ё уни кўмишдан аввал қабр бошида, ё қабр ичида азон ҳам, иқомат ҳам айтиш жоиз эмас. Чунки у одамлар ўйлаб топган бидъатдир»[12].

Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит қулоғига азон айтиш, жанозани овоза қилиш учун азон айтиш, маййитни қабрга қўяётганда азон ва иқомат айтиш, маййитни кўмиб бўлгандан сўнг қабри тепасида азон айтиш – мазкур тўрт ишнинг барчаси бидъат бўлиб, бирортасининг асоси йўқ»[13].

[1] Яъни у зотнинг йўли, шариати ва манҳажига мувофиқ, деган маънода (Шайх Сулаймон ал-Улвон ҳафизаҳуллоҳ).

[2] Қаранг: «Ал-ум», 2/162; Аҳмад Қудурий ал-Ҳанафий (вафоти: 428 ҳ.). «Мухтасар ал-Қудурий», 48-бет. Муҳаққиқ: Комил Увайза. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.; Ибн Қудома. «Ал-кофий», 2/65; «Аз-захира», 2/478.

[3] Ибн Можа (1550) ва Термизий (1067) ривоят қилган ва «ҳасан ҳадис» деган.

Нававий айтади: «Ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ҳасан ёки саҳиҳ санадлар билан ривоят қилган» («Хулосат ал-аҳком», 2/1018, 3639-ҳадис).

[4] Абул Маҳосин ар-Рувёний (вафоти: 502 ҳ.). «Баҳр ал-мазҳаб фий фуруъ мазҳаб ал-Имом аш-Шофеий», 3/371. Муҳаққиқ: Аҳмад Дамашқий. «Дор эҳё ат-турос» нашриёти, биринчи нашр, 1423 ҳ.й.

[5] Ҳоким ривояти, 1395-ҳадис. Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да (193-бет, 102-рақам) ҳадисни ҳасан деган.

[6] Қаранг: «Ҳошият Ибн Обидин», 3/166; «Ҳошият ионат ат-толибин», 1/393. Муаллиф: Усмон ибн Муҳаммад ад-Димётий аш-Шофеий (вафоти: ҳижрий 1300 йилдан кейин). Мусаҳҳиҳ: Муҳаммад Ҳошим. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, учинчи нашр, 1428 ҳ.й.

[7] «Ҳошият Ибн Обидин», 3/166.

[8] Ҳадис тахрижи 33-масалада ўтди.

[9] «Ад-дурар ас-санийя фил-ажвиба ан-наждийя», 5/142.

[10] Ҳадис тахрижи 77-масалада берилди.

[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/22-23, 5782-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[12] Аввалги манба, 9/72, 3549-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[13] «Тасҳиҳ ад-дуо», 496-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг