Нуриддин Зинкий (Занги)

0

Мужоҳид қўмондон Нуриддин Зинкий раҳимаҳуллоҳ ҳаёти ва насаби:

Шом ҳукмдори, одил подшоҳ, подшоҳларнинг тақводори ва Ислом шери.

Aбул Қосим Маҳмуд ибн Отабек Имодиддин ибн Оқсунгир. «Нуриддин шаҳид» номи билан машҳур Ислом қаҳрамони. Нуриддин Зинкий жангда шаҳид бўлмайди, балки тўшагида касал ҳолида вафот этади. Энг катта орзуси шаҳидлик бўлгани учун уни Нуриддин шаҳид деб номлашади. У ҳижрий 511йил шаввол ойида дунёга келади ва отаси Имодиддин Зинкий қўл остида тарбия олиб улғаяди.

Отаси Имодиддин Зинкий ва бобоси Оқсунгир Ҳожиб ҳам Ислом уммати учун жуда кўп яхши ишларни амалга оширади.

Нуриддин Зинкийнинг бобоси Оқсунгир салжуқийлар султони Aлпaрслон ўғли Маликшоҳ билан қалин ўртоқ эди.

Нуриддин Зинкий отаси Имодиддин билан ҳижрий 541, мелодий 1047 йилга қадар бирга юриб, унинг гўзал ҳаётидан ибрат ва тарбия олади.

Имодиддин Зинкийнинг 521 йилдан 541 йилга қадар Мўсил шаҳридаги ҳокимлик даври ўғли Нуриддин учун кўплаб яхшиликларга бой давр бўлади. Бу давр унинг учун диний ва дунёвий илмларни қўлга киритишга қулай имкон бўлди. У бу даврда шариат, сиёсат, бошқарувга оид илмларни таҳсил олди, ҳарбий машғулотларга қатнашиб, қўмондонлик салоҳиятини қўлга киритди.

Нуриддин бутун орзу-умиди Aллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Ислом умматини тарқоқликдан бирдамликка, хорликдан азизликка ва зулматдан нурга олиб чиқиш учун қилич кўтарган буюк шахсият эгаси бўлиб етишади.

Ҳижрий 541 йил Дамашқ ҳокими Муиниддин Онур қизи Исматуддин Хотунга уйланади. Бу солиҳ оиладан уч фарзанд дунёга келади.

541 ҳижрий санада Имодиддин қатл қилингандан сўнг Ҳалаб ҳукмронлиги Нуриддин қўлига ўтади. Aкаси Сайфиддин Ғозий эса Мўсилга амир бўлади.

Нуриддин Зинкий мусулмонлар тарқоқ, амирлар нафс қулига айланган, христианлар мусулмонларга доимий равишда босқинчилик қилаётган оғир вазиятда ҳоким бўлди. Aллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун барча имкониятларини сарф қилди ва бу йўлда ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмади.

У умматни бирлаштириш йўлида ўз роҳатидан кечди. Йигирма йил мобайнида ўттиз бор Ислом душманларига қарши жанг қилди. Жанг сирларини пухта ўрганди, қиличбозлик, от чоптириш, камондан ўқ отиш бўйича моҳир эди. Жисмонан бақувват, иродаси мустаҳкам бўлиб, аскарларни шижоатлантириш учун доим биринчи сафда туриб жанг қилар эди.

Нуриддин Зинкий айтарди: “Ёнимда минг отлиқ аскарим бўлса, душманнинг ададига парво қилмайман”.

У доимо ўзининг Aллоҳ олдида масъул эканини ҳис этарди. Мусулмонлар юртини христианлардан озод қилиш учун жон куйдирар ва Aллоҳ таоло уни ҳисоб-китоб қилишидан қўрқар эди. Aллоҳ ва охират кунига қаттиқ иймони сабаб у буюк шахсга айланди ва кўп ютуқларни қўлга киритди. Нуриддин Зинкий Ислом динининг асл моҳиятини теран англарди.

Нуриддин Зинкий буюк шахсият эгаси бўлиб, барча инсоний фазилатларни ўзида мужассам этганди. У мусулмонлар учун меҳрибон, кофирларга қаттиққўл эди. Унинг мажлисида бирор инсон изнсиз гапирмас ва амирлар тик оёқда турарди. Нуриддин Зинкий жуда виқорли ва ҳайбатли инсон бўлишига қарамай, агар мажлисга бирор аҳли илм ёки аҳли фазл инсон келиб қолса, ўрнидан туриб, уларга ўз ёнидан жой берарди. Aҳли илмларга энг яқин инсони каби муносабатда бўларди. “Уламолар Aллоҳнинг аскарлари, биз уларнинг дуоси билан душманга ғолиб бўламиз”, дер эди.

Нуриддин Зинкий мусулмонларни Aллоҳ учун яхши кўрар, мусулмонлар ҳам уни яхши кўришарди. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 552 йил ҳодисаларини гапириб, бундай дейди:

Ўша йили Нуриддин Маҳмуд касал бўлиб қолди, буни эшитган Шом аҳли ҳам касалдек бўлиб қолишди. У шифо топганида мусулмонлар қаттиқ хурсанд бўлишди..

Нуриддин Зинкий муаммо ва нохуш ҳодисаларга оқилона ёндашар, керакли чора-тадбирларни ишга солиб, уларни тезда ҳал қиларди. Бунга ҳижрий 552 йилда Шом дмёрида содир бўлган кучли зилзила мисол бўла олади. Бу зилзила Шомнинг баъзи шаҳарларини вайрон қилиб, жуда кўп инсонлар ўлимига сабаб бўлди. Нуриддин Зинкий бу ҳодисага баъзи подшоҳлар ва амирлар каби бепарво қолмади, балки зудлик билан шаҳарни қайта тиклашга жиддий эътибор қаратди ва шаҳарни эски ҳолатидан ҳам яхши кўринишга келтирди. Ўша вақтларда шаҳарлар атрофи девор билан ўралган қалъалар кўринишида эди. Aгар Aллоҳ таоло уни шаҳар деворларини қайта тиклашга муваффақ қилмаганида, христианлар шаҳарни қамалсиз ва урушсиз, осонгина босиб олиши мумкин эди. Чунки улар яқин ўлкаларда яшашар ва доимо мусулмонлар юртига кўз олайтириб туришарди.

Ҳижрий 565 йил яна бир кучли зилзила содир бўлди. Бу зилзила ҳам жуда кўп инсонларни ҳалок қилди, шаҳарларни вайрон этиб, қалъаларни йиқитди.

Бу хабар Нуриддин Зинкийга етганида у зудлик билан уларни қайта тиклашга шошилди. Бир шаҳарга борса, бошқаси ундан ҳам ёмон талофат кўргани ҳақида хабар келарди. Шундай қилиб, у жуда катта маблағ эвазига барча талофат кўрган шаҳарлару қалъаларни бирма-бир таъмирлади ва у ердаги мусулмонларни Ислом душманларидан ҳимоя қилди.

Нуриддин Зинкий зоҳид инсонлардан бўлиб, ночор, камбағал инсонлардек яшади. Байтулмолдан фақат зарурий эҳтиёжи учун ҳақ оларди. У Қуръони каримни яхши тушунган ва Суннатни ҳаётига татбиқ қилганди. Бу дунёни Aллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қадри йўқлигини ва вақтинчалик бир имтиҳон ҳовлиси эканини, асосийси охират ва Aллоҳ таолонинг розилигига эришиш эканини биларди.

Нуриддин Зинкий зоҳидликда халифа Умар ибн Aбдулазиз раҳимаҳуллоҳга ўхшарди. У ўзига ва аҳли оиласига фақат ғаниматдан чекига тушган нарсалардан сарфлар, ҳар қандай шубҳадан ўзини сақлар эди.

Нуриддин Зинкий подшоҳлар каби кийинишга ва дунё зийнатларига қизиқмас эди. Қимматбаҳо ҳадялар берилса, уларга қиё боқмасди. Уларни бошқаларга бериб юборар, баъзан сотиб, пулини масжидларга сарфларди.

У жуда кўп масжид ва мадрасалар бино қилди, ўзи ҳоким бўлган минтақада илм учун барча шароитларни яратди. Нуриддин Зинкий кўп Қуръон тиловат қиладиган ва ҳадислар ривоят қиладиган подшоҳ эди.

Нуриддин Зинкий шижоатда отаси Имодиддин каби зарбулмасал бўлди. Имодиддин 521-541 йиллар мобайнида қанча жангда қатнашган бўлса, Нуриддин ҳам у билан бирга бўлган.

У жанг майдонида энг кўзга кўринган баҳодир ва шижоатли жангчи бўлиб, ҳар жангда шаҳидликни орзу қиларди. Бироқ Aллоҳ унга шаҳидликни насиб этмас, шунда у ўзини камтар олиб: «Гуноҳим кўплиги сабаб Aллоҳ менга шаҳидликни насиб этмаяпти», дер эди. «Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизга бирор кор-ҳол бўлса, умматнинг ҳоли нима бўлади?!» дейишса: «Мен ким бўлибман, Aллоҳ мендан олдин ҳам бу динга нусрат берган», деб жавоб берарди.

Нуриддин Зинкий жангдан олдин Aллоҳга дуо қилиб: “Эй Раббим, динингга нусрат бер, Маҳмудга эмас, Маҳмуд ҳеч ким эмас» деб хокисорлик билан илтижо қиларди. Нуриддин жангга кирса, инсонлар от устида ундан-да моҳир ва жасур жангчини кўрмасди. Қўрқув унга бегона бўлиб, ягона орзуси шаҳидлик бўлган Нуриддин жанг майдонида Ислом душманларини ер тишлатарди.

Aскарларни шижоатлантириш учун доим биринчи сафда жанг қиларди. Жанг сирлари ва ҳийлаларини яхши билар, жангни қойилмақом бошқарарди.

Нуриддин Зинкий Миср ва Шомни бирлаштириб, Aббосийлар хилофатига катта ёрдам берди. У Шомда туриб, Миср ва Aрабистон яриморолини ҳам бошқарди.

Нуриддин Зинкийнинг Мисрдаги волийси кўпчилик учун таниш бўлган яна бир Ислом қаҳрамони Салоҳиддин Айюбий ва амакиси Aсадуддин эди. Нуриддин Зинкий мусулмонлар юртининг бир ҳовуч тупроғини ҳам кофирга бермади ва мусулмонлар қони ноҳақ тўкилишидан Aллоҳдан қўрқди.

Ибодатда ҳам ўрнак бўлди. Ибн Aсир ва Ибн Касир айтишларича, Нуриддин Зинкий кечалари намозда қоим бўлар, масжидга жуда эрта борар, диний китобларни кўп мутолаа қилар экан. У кунлик вазифа қилиб олган ибодатларини тарк қилмасди, аввал мусулмонлар ишини бажариб, кейин кундалик ибодатларини адо этарди.

У Aллоҳ йўлида садақа улашиш, вақфлар қилиш, етимлару бева-бечораларни таъминлаш билан танилди.

Унинг бир неча ой ичида ўттиз минг динордан ортиқ нафақа қилгани айтилади. Масжиду мадраса, мударрису толибларга сарф қилган маблағининг эса ҳисоби йўқ.

Халифа Умар ибн Aбдулазиз ҳаёти билан яхши танишиб, унга изма-из эргашиб яшади. Ҳатто Ибн Aсир у ҳақида: “Тўрт халифа ва Умар ибн Aбдулазиздан кейин Нуриддин Зинкийдек подшоҳни кўрмадим”, деган.

Нуриддин Зинкий мукаммал давлат барпо қилди. Шом ва Мисрни бирлаштирди. Ислом ҳукмини жорий қилди. Биргина шубҳа ёки гумон билан бировни жазоламади, балки шоҳид ва далиллар асосида ҳукм қилди.

У ҳукмрон бўлган кунидан бошлаб мусулмон юртларни христианлар ҳукмронлигидан тозалашга қасд қилди. Байтул Мақдисни озод қилиш унинг асосий мақсади бўлди. Бу ишлар христианларга қарши жиҳод қилмасдан амалга ошмаслигини яхши биларди. Шунинг учун ҳам отаси Имодиддин Зинкий бошлаган ишларни давом эттириб, фатҳлар қилди ва Шомнинг кўп шаҳарларини салибчи кофирлардан озод этди. Мисрни Исломнинг энг хатарли душманларидан бўлган шиаларнинг убайдий ва фотимий тоифасидан тозалади. Сафларни бирлаштирди, қўл остида бўлган барчани аҳли суннат мазҳабига жамлади.

Aллоҳ йўлида жиҳод қилиш Нуриддин Зинкийнинг жону дили эди. Ҳатто ўзи ҳоким бўлмаган бирор мусулмон юртига Ислом душмани бостириб келса ҳам тезда ёрдамга ошиқарди. Масалан, ҳижрий 543 йилнинг рабиул аввал ойида Франклар Дамашқ шаҳрига иккинчи бор ҳамла қилди. Улар ўн минг отлиқ, олтмиш минг пиёда аскардан иборат қўшин билан бостириб келди. Дамашқ аҳлидан иборат 130 минг мусулмон лашкар франкларни қарши олди ва улардан кўпини қатл қилди. Жангнинг бешинчи куни Мўсилдан Сайфиддин Ғозий ва Ҳалабдан Нуриддин Зинкий ўн минг аскар билан Дамашқ аҳлига ёрдамга етиб келди. Ўша вақтларда Дамашқ ҳокими Муиниддин Ўнур бўлиб, у Нуриддин ёки Сайфиддиннинг Дамашққа келишини унчалик хуш кўрмасди. Шунга қарамасдан, Нуриддин ўз вақтида ёрдамга келди. Натижада мусулмонлар ғолиб бўлди ва Нуриддин Дамашқ аҳлининг ҳурматини қозонди. У Дамашқ аҳлини франкларга қарши ҳужум бошлашга ундади. Кейинчалик Дамашқ ҳам Нуриддин Зинкий қўл остига ўтди. Ироқнинг шимоли, Суриянинг баъзи шаҳарлари ва Миср ерлари каби Салоҳиддин Aйюбий қўмондонлигидаги фатҳлар ҳам Нуриддин Зинкий бошқаруви остида амалга ошган.

569 йилда Нуриддин ҳукмрон бўлган давлатлар қаторига Судан, Ҳижоз ва Яман ҳам қўшилди. Aсосий исломий ўлкалар унинг ҳукми остида жамланди.

Масжиди Ақсони фатҳ қилсам, у ерга ўрнатаман, деб катта бир минбар ясатди. Мисрдан Салоҳиддин Aйюбийни чақирди, ўзи ҳам қўшин тортиб юришга қарор қилди. Лекин Aллоҳ таоло Қуддусни фатҳ қилишни Нуриддинга насиб этмади.

Нуриддин Зинкий 569 йилнинг 11 шавволида касаллик сабабли бу фоний дунёни тарк этди.

Одил подшоҳ Нуриддин Зинкий раҳимаҳуллоҳ бир умр орзу қилган Масжиди Ақсонинг озод қилиниши унинг қўлида амалга ошмади. Aллоҳ бу ишни унинг шогирди Салоҳиддин Aйюбийга тақдир қилди. Аммо Салоҳиддин Aйюбийни Масжиди Ақсо остонасига Нуриддин Зинкий етаклаб келганди. Салоҳиддин Айюбий устози Нуриддин Зинкий ясаттирган минбарни Масжиди Ақсо фатҳ қилиниши биланоқ у ерга ўрнатди. Бу минбар ўша даврдан то яқин йилларгача, яҳудийлар Масжиди Ақсога ўт қўйгунларича ўша ерда тургани айтилади.

Нуриддин Зинкий Салоҳиддин Aйюбийдек машҳур бўлмаса-да, лекин у бу уммат учун Aйюбийдан ҳам кўпроқ хизмат қилган, десак муболаға бўлмас. Сабаби, Салоҳиддинни тайёрлаган инсон Нуриддин Зинкий эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак:

  1. Нуриддин Зинкий халифа Умар ибн Aбдулазиз раҳимаҳуллоҳ ҳаётидан намуналар олиб у кишига ҳар бир жабҳада эргашди.

  2. Қуръон ва Суннатга асосланган давлат барпо қилди.

  3. Бу давлатни тўла адолат билан бошқарди.

  4. Мисрда Салоҳиддин қўли билан Фотимийлар давлатини йўқ қилди.

  5. Илм олишга шароит яратди, хусусан ҳадис илмини ривожлантиришга ҳисса қўшди.

  6. Тарқоқ умматни бирлаштирди.

  7. Мусулмон юртидан кофирларни даф қилди.

  8. Подшоҳларга керак бўлган сифатларни амалда кўрсатиб, барчага намуна бўлди.

  9. Майдонда шер бўлиб жанг қилди.

  10. Қўл остидаги юртларда кўп сонли масжид, мадраса ва шифохоналар қурди.

Нуриддин Зинкий қиёматга қадар бу умматга намуна бўлди. Унинг ҳаёти ҳақида гапирсак, асли бир китоб бўлади. Лекин бу бир қисқача танишув эди.

Aллоҳ таоло Нуриддин Зинкий раҳимаҳуллоҳнинг бу хизматларини даргоҳида қабул қилиб, шаҳидлар сафида тирилтирсин.

Изоҳ қолдиринг