Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валиднинг Шомга юборилиши (2)

0

Шундан сўнг йўл бошловчи Рофеъ қўшинни сувсиз, кимсасиз, йўл белгиларисиз, Қароқир ва Суво ўрталиғидаги қисмида умуман аҳоли яшаш масканлари бўлмаган таҳликали саҳрога бошлади, зотан Шомга олиб борувчи энг қисқа йўл шу эди. Маълум масофани босиб ўтилгач, туялардан баъзиси сўйилар ва қоринларидаги сув билан отларни суғорилар, одамлар ўзлари билан олган сувдан ичишар эди. Қўшин Ироқнинг энг сўнгги қишлоғи Қароқирдан чиқиб, саҳронинг у ёғидаги Шом қишлоқларининг энг биринчиси Сувони кўзлаб йўлга чиқди. Орадаги масофа беш кунлик йўл эди. Қўшин кундузи дам олиб, тунда йўл юрди. Холиднинг ёнида саҳрони яхши билган Рофеъ ибн Умайрдан ташқари кечалари юлдузларга қараб йўл топишга моҳир йўлбошчи Муҳарриз ал-Муҳорибий бор эди. Улар тунда ва эрталаб то кун қиздиргунича тўхтовсиз йўл босиб, кундузлари дам олиб, шу тарзда кунига икки марҳаладан[1] йўл босишди. Холид бирорта ҳам аскарни пиёда юргизиб қўймади, мадорсизланиб қолмасин деб ҳаммани туяларга миндирди. Ҳар куни тўхтаган ерларида туяларни сўйиб, сувидан фойдаланиб келишар экан, бешинчи кун деганда сув батамом тугади. Холид аскарлар ташналикдан ҳалок бўлишидан қўрқиб, Рофеъдан маслаҳат сўради. Рофеъ одамларни атрофга йўллаб: «Шу атрофда фалон кўринишдаги бир авсаж дарахти (наъматаксимон тиканли дарахт) бўлиши керак, ўшани излаб топинглар», деди. Улар излаб-излаб, авсаж танасининг кичик бир қолдиғини топдилар. Рофеъ унинг остини қазишни буюрди. Қазишган эди, эски қудуқнинг оғзи очилди. Одамлар унинг сувидан ичиб, ташналикларини қондирдилар.

Бир ривоятда айтилишича, қўшиндаги баъзилар Холидга: «Тонггача фалон дарахтнинг олдига етиб олсак тирик қоламиз, етиб боролмасак ҳамма ҳалок бўлади», дейишди. Холид қўшинни шитоб юргизди, тонг пайтида айтилган жойга етиб бордилар. Шунда Холид: «Тунда юрган одамлар тонг пайтида мақталар» деди. Унинг бу гапи кейинчалик мақолга айланиб кетди[2].

Шундай қилиб, қўшин румликларнинг Ироқ йўлидаги кузатув нуқталарини ва катта йўл бўйларидаги истеҳкомларини четлаб ўтиб, беш кун деганда Шом ҳудудига, Суво қишлоғига етиб олди. Холиднинг қўшин билан беш кунда бу кимсасиз ва сувсиз саҳрони кесиб ўтиши даҳо йўлбошчининг иймон ва иродаси неларга қодирлигини кўрсатадиган ажойиб бир мисол бўлди.

Сўнг Холид Шом ҳудудидаги ҳарбий юришларини бошлади. Дастлаб Арак деган жойга етиб келиб, уни қамалга олди. Сўнг ерли аҳоли билан сулҳга келишиб, уларни озод қилди. Кейин Тадмурга келди. Тадмурликлар аввал муросага келишдан бош тортиб, қалъалари билан ҳимояланишди. Кейин омонлик истаб, сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Холид юришини давом эттириб, Қарятайнга етиб келди, улар билан урушиб ғалаба қозонди. Сўнг Ҳаворинга йўл олди. Санийя деган жойга байроқ тикди. Бу байроқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқлари бўлиб, Уқоб деб аталар эди. Шундан сўнг бу жой «Саниятул уқоб» деб аталадиган бўлди[3].  Сўнг Холид Азрони фатҳ этди. Ғассонликларга тегишли мўл-кўл бойликларни ғанимат олди. Сўнг Дамашқ шарқидан чиқиб, Бусрога йўл олди. У ерга етиб борганида саҳобалар жанг олиб бораётган эканлар. Бусро Шомдан фатҳ этилган илк шаҳар бўлди. Холид ғассонликлардан олинган ғаниматларнинг бешдан бирини Билол ибн Ҳорис Музаний орқали Абу Бакр Сиддиққа юборди.

Сўнг Холид, Абу Убайда, Марсад ва Шураҳбил одамларини олиб, Амр ибн Осга ёрдамга йўл олдилар. У Меъварга тобе Арбо деган ерда румликлар билан урушга ҳозирланаётган эди. Сўнг у ерда Ажнодайн жанги бўлди[4].

Холид ибн Валид Ислом қўшинларига ёрдам бериш учун жаҳон ҳарб тарихида мисли кўрилмаган жасорат кўрсатиб, ҳеч ким кутмаган кўринишда Шомга кириб боришга муваффақ бўлди. Генерал-майор Маҳмуд Шит Хаттоб ёзади: «Холид ибн Валиднинг бу таҳликали саҳрони ҳеч ким кутмаган ва ўйламаган бир шаклда кесиб ўтиши ҳарб тарихида мисли кўрилмаган иш бўлди. Қадимда Ҳаннибалнинг, сўнг Наполеоннинг Алпни ошиб ўтиши ёки Наполеоннинг Сино саҳросини кесиб ўтиши, шунингдек биринчи жаҳон урушида инглизларнинг ушбу саҳродан ўтишлари Холид ибн Валиднинг хавф-хатарга тўла бу юриши олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Чунки тоғни ошиб ўтиш саҳрони кесиб ўтишдан анча енгил иш. Тоғларда сув бор, саҳрода йўқ. Сино саҳросида ҳам кўплаб қудуқлар ва аҳоли яшаш пунктлари бор, Холид ўтиб келган саҳрода буларнинг ҳеч бири йўқ эди. Холиднинг бу тарзда саҳродан ўтиб келиши румликлар асло кутмаган ва бунга тайёргарлик кўрмаган ҳодиса бўлди»[5].

Ироқ-Шом йўлида Холид тўқнашган шаҳар-қишлоқларнинг қўриқчи аскарлари енгил жангдан сўнг ёки умуман жангсиз таслим бўлишарди. Чунки улар қудратли мусулмон қўшини уларга бу томондан келишини асло кутмаган эдилар.

Тарихлар мобайнида ҳарбий қўмондонлар Холиднинг ҳарбий закосидан таъсирланиб келадилар. Ҳатто «Ал-умма ал-мусаллаҳа» (қуролли уммат) китоби муаллифи ва биринчи жаҳон урушида Туркия-Олмония жабҳаларидан бирининг қўмондони бўлган немис генерали Рюдигер фон дер Гольц Холид ибн Валид ҳақида: «У менинг ҳарб фанидаги устозим» деб ёзган эди[6].

 

[1] Марҳала – карвон ўртача 12 соатда босиб ўтадиган масофа, тақрибан 44 км (24 мил).
[2] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 7/7.
[3] Низор Ҳадисий ва Холид Жанобий, «Абу Бакр Сиддиқ», 68-бет.
[4] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 7/7.
[5] «Ал-ҳарб ан-нафсийя», 2/163.
[6] Холид ибн Валиднинг форсларга қарши урушлари», 167-бет.

Изоҳ қолдиринг