Фарзанд тарбиясидаги хатолар (10): Болаларни диндан совутиш йўллари

0

Фарзандингиз тўполон қилса ёки гапингизга қулоқ солмаса дўзах билан қўрқитинг. Аллоҳ қулоқсиз, безори болаларни дўзахда куйдиришини айтинг. Уларга мажбурлаб Қуръон, дуо ёдлатинг. Ёдлашга дангасалик қилсалар жазоланг. Диндор кишиларни, қори ва имомларни улар олдида ёмонланг. Улар одамларни алдаш ва ўмариш учун диндан фойдаланишларини айтинг.

Болаларига тарбия беришни билмайдиган нодон бир хотинни танирдим. Болалари тўполон қилса, гапига қулоқ солмаса Аллоҳ билан қўрқитишга ҳаракат қиларди. Уларга: “Аллоҳ тўполон қилган ва оналарининг гапига қулоқ солмайдиган болаларни дўзахда куйдиради”, дер эди. Момақалдироқ гумбурласа: “Қаранглар, қаранглар! Аллоҳ оналарини хафа қилган болаларга қандай ғазаб қиляпти”, дер эди. Ҳар чақмоқ чаққанда эса: “Аллоҳ оналарига итоатсиз болаларга оловли ўқларини отяпти. Ким билсин, ҳозир қанча қулоқсиз болалар ёниб, кул бўлган бўлса. Огоҳ бўлинглар, мени бошқа хафа қилманглар, йўқса, Аллоҳ бир оловли ўқини сизларга ҳам жўнатади!” деб уларни қўрқитар эди.

Болалар дарсларини қилмасалар, овқатни ёқтирмасалар ёки ухлашни хоҳламасалар дарҳол жаҳаннамни тасвирлай бошлар эди: “Жаҳаннамнинг қандай ёмон жой эканини билсангиз эди, асло гапимдан чиқмас эдингиз. Дев жуссали жаҳаннам қўриқчилари қулоқсиз болаларни оловга улоқтирадилар. Болаларнинг йиғи-сиғиси, ялиниб-ёлворишлари уларга фойда бермайди. Жазоларини тортгунларига қадар олов ичра қолишади…”.

Бу тошбағир онанинг тўртта фарзанди бор эди. Энг кичиги Амир жаҳаннам сўзини эшитди дегунча қўрққанидан титрар, худди оловга ташлангандек оғриқ ҳис қиларди. Болаларни жаҳаннамига ташлагани учун Аллоҳни ёмон кўриб қолган эди.

Кўриб турганингиздек, бу нодон хотин таърифлаган Аллоҳ биз билган Аллоҳ эмас. Ҳақиқий Аллоҳ болаларни яхши кўрадиган, маъсум бўлганлари учун ножўя ишларни қилсалар ҳам уларга гуноҳ ёзмайдиган, болаларга ўз оналаридан ҳам шафқатлироқ бўлган ва вафот этган болаларни жаннатига киргизадиган раҳмон ва раҳим бўлган Аллоҳдир.

Кичик Амир улғайди, катта йигит бўлди. Ҳеч қачон унинг дуо қилганини кўрган бўлмади. Аллоҳга ишонмаганини айтишарди. Тошбағир онанинг нотўғри талқинлари ва тарбияси туфайли Амир динсиз бўлиб етишганди.

***

Лазиз деган бир йигитни танирдим. Аллоҳдан, пайғамбардан, Қуръондан ва нариги дунёдан сўз очилди дегунча юзи буришар, эшитишни истамасди. “Буларнинг бари катталар тўқиб чиқарган чўпчаклар”, дерди.

Лазизни таниган, иймон-эътиқодли, болаликдан бирга ўсган ўртоғидан унинг нима учун ўзини бундай тутиши ҳақида сўрадим. У шундай изоҳлади: “Лазизнинг диндор, лекин тошбағир ва қаттиққўл отаси бор эди. Унга мажбурлаб сура ва дуолар ёдлатарди. Арзимаган бебошлик қилиб қўйса, таёқ билан урарди. Онаси яхши хотин эди. Лазизни урмаслиги учун эрига ёлворарди. У эса хотинининг юмшоқ кўнгилли, раҳмдил эканига жаҳли чиқар ва: “Ўғлимизнинг ҳам банкчининг болаларига ўхшаб динсиз бўлишини хоҳлайсанми?!” деб жеркиб берарди.

Лазиз яхши бола эди, лекин отасидан нафратлангани учун у ишонган барча нарсалардан ҳам нафратланадиган ҳолга тушганди…”.

***

Камол деган отига номуносиб ёмон хулқли бир қўшнимиз бўларди. Қиморга ва ичкиликка ружу қўйган, оғзибузуқ одам эди. Бу ҳам етмагандек, фурсат топди дегунча диндор кишиларни ёмонлар, уларга бўлмаган бўҳтонларни тўнкарди. Бир марта бўлса ҳам масжидга қадам босмаган ҳолда масжид имомига тиш қайрарди. Маҳалладаги болаларга бепул Қуръон ўргатадиган, камбағал бечораларга ёрдам бериш дардида бўлган бу яхши инсон кўчадан ўтаркан, кўрар-кўрмас болаларини ёнига чақирар ва: “Шу кетаётган одамга яхшилаб қараб, таниб олинглар. Бошидаги дўппига, эгнидаги тўнига алданиб, бегуноҳ деб ўйламанглар. Бу имомлардек бировларнинг ҳисобига кун кўрадиган тамагир бирон кимса йўқ. Масжидга ёрдам учун йиғилган пулларни чўнтагига уради. Пул учун Қуръон ўқийди, пул учун жаноза ўқийди, ўликни ювади… Қанча кўп пул берсак, шунча кўп савоб олар эканмиз, олааа, алдагани бола яхши! Буларга қаранг, жаннатни ҳам пулга сотишяпти! Бир тўда аҳмоқлар уларга ишонишади. Жаннат, жаҳаннам… Бу имомларнинг пул топиш учун ўйлаб топган нарсалари”, дер эди.

Намоз вақтлари ҳамма масжидга кетар экан, у дераза ёнига ўтириб олиб, бир ёндан ароғини симирар, бир ёндан намозга кетаётганларни ёмонларди: “Бораверинглар аҳмоқлар. Имом жаннат ваъда қилиб чўнтагингизни бўшатсин. Мен имомларга лаққа тушадиган даражада ақлсиз эмасман. Қаранглар болалар, қаранглар! Шу соқоллининг аҳмоқлиги юзидан кўриниб турибди”, деб қаҳқаҳа отиб куларди.

Бундай ота қўлида етишган болаларнинг динсиз бўлишдан бошқа чораси бўлиши мумкинми?!

Изоҳ қолдиринг