Пайғамбаримизнинг кун тартиби (15)

0

Хуфтондан сўнг

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан кейин уйга кириб, хуфтоннинг икки ракаат суннатини ўқир эдилар[1]. Сўнг уйқуга ётишдан олдин аҳли оилалари билан бироз суҳбат қуриб ўтирар эдилар. Гоҳида баъзи саҳобалариникига бориб, улар билан суҳбат қурар эдилар. Баъзан Абу Бакрнинг уйида Абу Бакр ва Умар билан мусулмонларнинг муаммолари ҳақида сўзлашар эдилар. Суҳбатдан кейин уйга қайтишларида то масжидга етгунларича Абу Бакр ва Умар у зотга ҳамроҳ бўлиб, гаплашиб келар эдилар[2].

Гоҳида йўлда кетаётганларида қайсидир саҳобанинг Қуръон ўқиётган товуши қулоқларига чалиниб қолар эди. Қироатнинг гўзаллигидан тўхтаб, унга қулоқ тутар эдилар. Бир куни тунда Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳунинг уйи олдидан ўтиб қолдилар. У Қуръон тиловат қилаётган эди. Тиловатини тингладилар. Эрталаб унга: “Эй Абу Мусо, кеча кечқурун тиловатингни эшитдим. Сенга Довуд алайҳиссалом оиласига берилган гўзал оҳанг берилган экан”, дедилар[3].

Бир куни кечаси масжидга келдилар. Масжидда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу намоз ўқиётган эди. Намозда Нисо сурасини тартил-тажвид билан қироат қилаётган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қироатини тинглаб турдилар. Сўнг Абу Бакр ва Умарга: “Ким Қуръонни нозил қилинганидай ўқишни хоҳласа, Ибн Умму Абднинг қироатига солиб ўқисин”, дедилар[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирганларида уйғоқ одам эшитадиган, ухлаётган одамни уйғотиб юбормайдиган даражада паст овозда салом берар эдилар. Чунки масжид одамдан холи бўлмас, унда камбағал мусулмонлар ухлашар эди. У зот масжидда намоз ўқиганларидан сўнг уйларига кирар эдилар[5].

Уйга киргач, ухлашдан олдин кийимларини ечиб, бош қўядиган томонларида турадиган бир матони белдан пастга ўраб олар эдилар. Сўнг хотинлари билан бир ёпинчиқ остида ётар эдилар. Тўшаклари теридан бўлиб, ичига хурмо дарахтининг танаси билан пўстлоғи оралиғида бўладиган тўрсимон толалар тиқилган бўлар эди. Ёстиқлари ҳам теридан бўлиб, унинг ичига ҳам тўрсимон толалар тиқилган эди. Ёстиққа хотинлари билан бирга бош қўяр эдилар[6].

Ухлашдан олдин бош томонларига мисвокни қўйиб қўяр эдилар. Одатда уйғонишлари биланоқ мисвок ишлатар эдилар. Кечасими, кундузими, уйқудан уйғонгач энг аввал мисвок ишлатар эдилар[7].

Мисвокни ишлатмоқчи бўлсалар, уни ювиш учун Ойша разияллоҳу анҳога берар эдилар. Ойша Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак оғизлари намидан баҳраманд бўлиш мақсадида мисвокни бир-икки ишлатиб, сўнг ювар эди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга берар эди[8].

Мисвок тоза бўлар эди ва у зотга яқин жойда турар эди. Уни тез-тез қўлларига олиб, муборак оғизларини поклаб турар эдилар. Мисвокни кўп ишқаганларидан ҳатто тишлари тушиб кетишидан қўрқар эдилар[9].

Фаришталарга нидо қилишдан олдин оғизларини мисвок билан поклар эдилар. Ўткир ҳидли кўкат ва полиз экинларини емас эдилар.  У зотдан бунинг сабабини сўралганда: “Ҳаром эмас. Лекин мен Аллоҳнинг фаришталаридан уяламан. Мен сизлар сўзлашмайдиган зотлар (фаришталар) билан сўзлашаман”, деган эдилар[10].

Шунинг учун доимо мисвок ишлатар эдилар. Уйқудан турган заҳоти мисвокни қўлга олар эдилар. Уни ухлашдан олдин бош томонларига қўяр эдилар.

Тўшакка ётганларида қуйидаги дуони ўқир эдилар:

الحمدُ لله الذي أَطْعَمنا وسقانا وكفانا وآوانا فكم ممن لا كافي له ولا مُؤْوِي الحمد لله الذي مَنَّ عَلَّي فأَفْضَل والذي أعطاني فأَجْزَل الحمد لله على كل حال اللهمَّ ربَّ كلِّ شيء ومالكَ كلِّ شيء، لك كلُّ شيء أعوذ بك من النار

“Бизга едирган, ичирган, кифоя этган (қараган, ҳимоялаган) ва бошпана берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Кифоя этувчиси, бошпана берувчиси бўлмаган қанча киши бор. Менга фазли марҳаматини инъом этган ва мўл-кўл қилиб берган Алллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Раббим, Сен барча нарсанинг Раббисан. Ҳамма нарсанинг эгасисан. Ҳамма нарса сеникидир. Менга дўзахдан паноҳ бер”.

Сўнг икки кафтларини очиб, уларга дам уриб, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқир эдилар. Сўнг икки кафтларини бошларидан бошлаб, юзлари ва баданларининг қўллари етган жойигача уч мартадан суртар эдилар”[11].

Ўн томонга ёнбошлаб, қўлларини ёноқлари остига қўйиб ётар эдилар. Ётганда ушбу дуони ўқир эдилар:

باسمك اللهم  أحيا، وباسمك أموت، اللهمَّ قِنِي عذابك يومَ تبعثُ عبادَك

“Эй Аллоҳ, Сенинг исминг билан ўлиб, Сенинг исминг билан тириламан. Эй Аллоҳ, бандаларингни қайта тирилтирадиган кунда мени азобингдан сақла!”[12].

Сўнг ухлаш пайтида қуйидаги дуолардан ўқир эдилар:

اللهمَّ ربَّ السماوات، وربَّ الأرض، وربَّ العرش العظيم، ربَّنا وربّ كلِّ شيء، فالقَ الحبِّ والنَّوى، ومنزِلَ التوراةِ والإنجيل والفرقان، أعوذ بك من شرِّ كل ذي شرٍّ أنت آخذٌ بناصيته، اللهمَّ أنت الأولُ، فليس قبلك شيءٌ، وأنت الآخرُ، فليس بعدك شيءٌ، وأنت الظاهرُ، فليس فوقك شيءٌ، وأنت الباطنُ، فليس دونك شيءٌ، اقضِ عنَّا الدينَ، وأَغْنِنا من الفقر

“Осмонлар ва ернинг Парвардигори, улуғ аршнинг Парвардигори, бизнинг Парвардигоримиз ва барча нарсанинг Парвардигори, уруғ ва данакни ёриб ундирувчи, Таврот, Инжил ва Фурқон (Қуръон)ни нозил этган эй Аллоҳ! Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) барча нарсанинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ! Сен Аввалдирсан, Сендан олдин ҳеч нарса йўқ. Сен Охирдирсан, Сендан сўнг ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирдирсан, Сенинг тепангда ҳеч нарса йўқ. Сен Ботиндирсан (яқиндирсан), Сендан яқин ҳеч нарса йўқ. Қарзларимизни биздан ечгин ва бизни фақирликдан бой этгин”[13].

  ىبسم الله وضعتُ جنبي، اللهمَّ اغفرْ لي ذنبي، واخْسَأْ شيطاني، وفُكَّ رِهاني، وثقل ميزاني واجعلني في الندي الاعلى

“Аллоҳнинг исми ила ётдим. Эй Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират эт. Шайтонимни хор қил. Мени қарзлардан озод эт. Тарозимни оғир қил ва мени улуғ жамоатдан қил”[14].

 اللهمَّ أسلمتُ نفسي إليكَ، ووجَّهتُ وجهي إليكَ، وفوَّضتُ أمري إليكَ، وألجأتُ ظهري إليكَ، رغبةً ورهبةً إليكَ، لا مَلْجَأَ ولا مَنْجَا منكَ إِلَّا إليكَ، آمنتُ بكتابك الذي أنزلتَ، وبنبيكَ الذي أرسلتَ

“Эй Аллоҳ! Ўзимни Сенга таслим этдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг савобингни умид этаман, азобингдан қўрқаман. Сенга юзландим ва Сенга суяндим. Сенинг азобингдан Сендан бошқа ҳимоя қилувчи йўқ, паногоҳим фақат Ўзингсан. Нозил этган китобингга, юборган набийингга иймон келтирдим”[15].

Гоҳида Қуръондан баъзи сураларни ўқир эдилар. Баъзан Сажда ва Инсон сурасини, баъзан Зумар ва Исро сурасини ўқиганлар[16].

Сўнг хотинлари билан бироз суҳбат қурар эдилар. Фараз қилинг, улуғ эр ва унга муҳаббатли покиза аёлининг осуда кечадаги суҳбати қалбга хурсандчилик киритади, эр-хотин ўртасида муҳаббатни зиёда қилади.

Бу суҳбатдан сўнг хотинлари билан қовушишга рағбат бўлса, рағбатларини қондирардилар.

Гоҳида хотинлари ҳайз кўрган бўларди. Шу ҳолда ҳам уни эр-хотинлик фароғатидан маҳрум этмасдилар. Белдан пастга изор-мато ўраб олишга буюрар эдилар. Кейин жинсий алоқадан четланган ҳолда эркак киши хотини билан қиладиган ишни қилар эдилар[17].

Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади: “Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир ёпинчиқ остида ётган эдим. Тўсатдан ҳайз кўриб қолдим. Ўзимни ёпинчиқдан ташқарига олдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳайз кўрдингми?” дедилар. “Ҳа”, дедим. У зот: “Бу Аллоҳнинг Одам қизларига тақдир этганидир”, дедилар. Мен чиқиб, кийимларимни тузатиб келдим. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кел, мен билан бирга ёпинчиққа ўран”, деб мени ёпинчиқлари остига олдилар”[18].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлашдан олдин жанобатдан ғусл қилар эдилар. Гоҳида таҳорат олиб ухлар, уйғонгач ғусл қилар эдилар[19].

Гоҳида у зот хотинлари билан бирга, бир идишдан сув олиб ғусл қилар эдилар. Идишда бир-бирларининг қўллари қўлларига тегиб кетар эди. Хотинлари: “Менга ҳам (сувдан) қолдиринг, менга ҳам қолдиринг”, дер эди. У зот ҳам: “Менга ҳам қолдир, менга ҳам қолдир”, дер эдилар. Бу ҳам эр-хотин ўртасидаги ҳазил аралаш, меҳрга тўла чиройли муомалани кўрсатадиган белгилардандир.

Сўнг ухлар эдилар. Қаттиқроқ уйқуга кетсалар, хуррак отар эдилар. Кечаси у ёндан бу ёнга ағдарилсалар, бундай дер эдилар:

لا إله إلا الله الواحدُ القهارُ، ربُّ السموات والأرض وما بينهما العزيزُ الغفَّار

“Ягона ва Қаҳҳор, осмонлар, ер ва улар ўртасидаги мавжудотлар Парвардигори бўлган Азиз ва Ғаффор Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”[20].

Одатда у зот кечаси уйғониб кетсалар ҳам мисвок ишлатар эдилар. Сўнг ярим кечагача ухлар эдилар[21].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг узун уйқулари шу бўлса керак.

[1] Юқорида манба берилган.

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (4569), “Саҳиҳ Муслим” (763, 2055).

[3] Қаранг: «Саҳиҳ Бухорий» (5048), «Саҳиҳ Муслим» (793).

[4] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (332), “Муснад Аҳмад” (35, 175, 4340, 1857).

[5] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (1256), “Саҳиҳ Муслим” (2055).

[6] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (23), “Саҳиҳ Муслим” (1163).

[7] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (245), “Саҳиҳ Муслим” (255).

[8] Қаранг: “Сунан Абу Довуд” (62), “Сунан Байҳақий” (1/39).

[9] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (16007, 22269), “Сунан Ибн Можа” (279).

[10] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (855), “Саҳиҳ Муслим” (564).

[11] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (5017), “Саҳиҳ Муслим” (2192).

[12] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (6312, 6315, 6324, 7394), “Саҳиҳ Муслим” (2711).

[13] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (8960, 9247, 10924), “Саҳиҳ Муслим” (2713).

[14] Қаранг: «Сунан Абу Довуд» (5054), «Ал-оҳод вал-масоний» (2878).

[15] Қаранг: «Муснад ал-Ҳумайдий» (723), «Саҳиҳ Бухорий» (6315).

[16] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (14659, 14388, 25556), “Жомеъ ат-Термизий” (2892, 3405, 3406).

[17] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (302), “Саҳиҳ Муслим” (293).

[18] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (298, 323), “Саҳиҳ Муслим” (296).

[19] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (1804, 24453), “Саҳиҳ Муслим” (307).

[20] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (698), “Саҳиҳ Муслим” (763).

[21] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (245), “Саҳиҳ Муслим” (255, 256, 746).

Изоҳ қолдиринг