Дафн қилиш тартиби ҳақида (7)

0

155 – Маййитни қабрга киритаётиб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш

«Маййитни қабрга тушириш асносида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш асоссиз бидъатлардандир»[1].

156 – Маййитни қабрда ўнг тарафи билан қиблага қаратиб ётқизиш

Маййитни қабрда ўнг тарафи билан, «юзи ва танаси билан»[2] қиблага юзланган ҳолатда ётқизиш суннат эканига уламолар иттифоқ қилганлар[3].

Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам катта гуноҳларни зикр қилар эканлар, жумладан «Тирик ва ўлик ҳолатингизда ҳам қиблангиз бўлмиш Байтул Ҳарам (Каъба)нинг ҳалол қилиб олиниши» деганлар[4].

«Чунки қибла тарафларнинг энг улуғи бўлиб, Аллоҳ таоло уни намоз учун танлади»[5]. Шунга биноан, «мусулмонлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бери ҳозиргача шундай кўринишда дафн этиб келадилар»[6]. «Мазкур ҳолатга зид бўлган ҳар қандай кўриниш шариатдан эмас. Бинобарин, уни тарк қилиш вожибдир»[7]. «Агар маййит чап томони билан қиблага қараб ётқизилса, макруҳ бўлади, бироқ қабрдан ковлаб олинмайди»[8]. Маййитнинг қўли ёнбошига қўйилади. Исҳоқ ал-Кавсаж айтади: «Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан: “Маййит қабрга қўйилганида қўли қай ҳолатда бўлади?” деб сўрадим. “Ёнбошининг тагида бўлади”, деб жавоб берди»[9].

Баъзи юртларда маййит орқаси билан чалқанча ётқизилиб, қўлларини қорнига қўйишади. Бироқ бу асоссиз ишдир[10]. «Уламолардан бирортаси: “Маййит чалқанча ётқизилиб, қўллари қорни устига қўйилади”, дегани маълум эмас»[11].

[1] Аввалги манба, 498-бет.

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/309, 19186-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[3] Қаранг: «Ат-талқин фил-фиқҳ ал-Моликий», 1/125. Муаллиф: Абдулваҳҳоб ал-Бағдодий (вафоти: 422 ҳ.) «Уммул Қуро» университетида докторлик илмий иши, 1405 ҳ.й. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Оний; «Ал-муҳалло», 3/404; 614 ва 615-рақам; «Ал-васит фил-мазоҳиб», 2/389. Муаллиф: Ғазолий (вафоти: 505 ҳ.) Муҳаққиқлар: Аҳмад Иброҳим ва Ҳамад Томир. «Дор ас-салом» нашриёти, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.; «Туҳфат ал-фуқаҳо», 1/399; «Ал-муғний», 3/428.

[4] Абу Довуд ривояти, 2875-ҳадис. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (1/206, 162-ҳадис) ҳадис ровийлари «сиқа» (ишончли) эканини айтган.

[5] Ибн Дақиқ ал-Ийд (вафоти: 702 ҳ.) «Туҳфат ал-лабиб фий шарҳ ат-тақриб», 153-бет. Муҳаққиқ: Сабрий Шоҳин. «Дор Атлас» нашриёти, 1420 ҳ.й.

[6] «Ал-муҳалло», 3/404,  615-рақам.

[7] ««Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/309, 19186-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[8] Рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/450.

[9] Исҳоқ ал-Кавсаж. «Масоил ал-Имом Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ», 182-бет.

[10] Қаранг: Ибн Усаймин. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 182-бет.

[11] Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово исломийя», 2/33.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг