Намоз: Қиёмда туриш

0

1 – Қиёмда туради

Аллоҳ таоло айтади: «(Намозда) Аллоҳ учун хузу ва хушу ила турингиз» (Бақара, 238).

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бавосир касаллигим бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан (бу хасталик ила қандай) намоз ўқиш ҳақида сўрадим. У зот айтдилар: «Туриб намоз ўқи. Агар туриб ўқишга қодир бўлмасанг, ўтириб, ўтириб ўқишга ҳам қодир бўлмасанг, у ҳолда ёнбошлаб намоз ўқи»[1].

Касал киши учун фарз намозларни ўтириб ўқиш, ўтириб ўқишга ҳам қодир бўлмаса, ёнбошлаб ўқиш жоиздир.

Туриб намоз ўқишга қодир инсон фарз намозни ўтириб ўқиса намози дуруст бўлмайди. Нафл намозларга келсак, туриб ўқишга қодир бўлатуриб уларни ўтириб ўқиш ҳам жоиздир. Бироқ туриб ўқигандаги ажрнинг ярми берилади. Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтириб (нафл) намоз ўқиш ҳақида сўрадим. У зот айтдилар: «Агар туриб намоз ўқиса, афзалдир. Ким ўтириб намоз ўқиса, унга туриб намоз ўқишнинг ярмича ажр берилади. Ким ётиб намоз ўқиса, унга ўтириб намоз ўқишнинг ярмича ажр берилади»[2].

Нафл намозларни улов устида кетаётиб ўқиш ҳам жоиздир. Ҳадисда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уловда кетаётиб намоз ўқир, улов қайси томонга юзланмасин, имо-ишора қилиб намоз ўқийверар эдилар»[3].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Қаттиқ хавф-хатар пайтида тик турган ёки уловга минган ҳолатда қиблага юзланиб ёки юзланмасдан намоз ўқиш жоиз бўлаверади. Бу ҳақда намознинг дуруст бўлиш шартлари бобида айтиб ўтган эдик.

  2. Туриб намоз ўқишга қодир бўлмайдиган даражада узрли бўлса ва шу боис ўтириб намоз ўқиса, туриб ўқигандек комил ажр олади. Абу Мусо разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Банда касал бўлса ёки сафарга чиқса, соғлом ёки муқим ҳолида қилган амалининг ажри ёзилаверади»[4].

  3. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзилар (Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги) «Агар туриб ўқишга қодир бўлмасанг» деган сўзни далил қилиб, касал инсон туришга қодир бўлмасагина ўтириши жоиз, дейишган. Бу фикрни Қози Иёз Шофеийдан нақл қилган. Молик, Аҳмад ва Исҳоқлардан нақл қилинишича, бунинг учун туришга қодир бўлмаслик шарт қилинмайди, балки туришнинг машаққатли бўлиши кифоядир. Шофеий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, «қодир бўлмаслик»дан мақсад туришда қаттиқ машаққат бўлиши ёки касалликнинг ортиши ёки ҳалок бўлиш хавфи борлиги бўлиб, туришда озгина машаққат бўлиши ўтириб ўқиш учун етарли эмас. Шуни билингки, кемага минган киши намозни туриб ўқиса боши айланиши ёки сувга чўкиб ҳалок бўлишидан қўрқиши қаттиқ машаққат қабилидан саналади»[5].

  4. Агар имом ўтириб намоз ўқиса, муқтадийлар гарчи туриб ўқишга қодир бўлсалар-да, имомга қўшилиб ўтириб намоз ўқийдилар. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Имомларингизга эргашинглар. Агар имом туриб намоз ўқиса сизлар ҳам туриб намоз ўқинглар, имом ўтириб намоз ўқиса сизлар ҳам ўтириб намоз ўқинглар»[6]. Бунинг тафсилоти жамоат намози бобида келади, иншааллоҳ.

  5. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир оёғида туриб намоз ўқиса, макруҳ бўлса-да, намози дурустдир. Агар бирон узр сабабли шундай намоз ўқиган бўлса, макруҳ бўлмайди. Намозда оёқларни бир-бирига ёпиштириб туриш ёки бирини иккинчисидан олдинроққа қўйиш макруҳ, оёқлар ўртасини очиб туриш, оёқ панжаларини қиблага йўналтириш мустаҳабдир»[7].

Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «оёқлар ўртасини очиб туриш мустаҳабдир» деган сўзидан улар ўртасини ҳаддан ташқари катта очиб туришни тушунмаслик керак. Намозда оёқларни бир-бирига ёпиштирмаслик, балки улар орасини елка кенглигида очиш мақсадга мувофиқдир.

  1. Қиёмда қадни ростлаб туриш шарт қилинади. Инсон қиёмда турар экан, ён томонига қийшайиб турмаслиги ёки худди руку қилгандек олдига эгилиб турмаслиги лозим. Агар бирон узрсиз руку ҳолатига яқин тарзда олдига эгилса, намози ботил бўлади. Намозда бошни қуйи солиб туришнинг эса зиёни йўқ.

  2. Агар намозда туришга қодир бўлса-ю, бироқ белидаги касаллик туфайли руку ва сажда қилишга қодир бўлмаса, қиёмда туриши вожиб бўлади, руку ва саждани эса қодир бўлганича бажаради.

  3. Тўғрироқ фикрга кўра, узрли инсон бирон ҳасса ёки деворга суяниб намоз ўқиса, ҳассасиз қиёмда турса хоҳ йиқилсин, хоҳ йиқилмасин, намози дурустдир. Бу фикр Абу Зар, Абу Саид Худрий каби бир гуруҳ саҳобалар ва бошқа уламоларнинг фикрларидир. Ҳадисда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кексайиб, ёшлари ўтиб қолганларида суяниб намоз ўқишлари учун намозгоҳларига устун қўйиб олганлар»[8].

  4. Тўғрироқ фикрга кўра, туриб намоз ўқишга қодир бўлмаган киши чордана қуриб ўтириб намоз ўқийди. Бу фикр имомлар Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаднинг фикридир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чордана қуриб ўтириб намоз ўқиганларини кўрдим»[9].

Имом Байҳақий Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан намозда чордана қуриб ўтиришни ёмон кўришини ривоят қилганига келсак, Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Ойша разияллоҳу анҳонинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни намозда чордана қуриб ўтирганларини кўрганидан бехабар бўлиши мумкин.

Айтиш мумкинки, намозни туриб ўқишга қодир бўлмаган инсон «ифтирош» кўринишида – ўнг оёғини тик қўйиб, чап оёғини тўшаб, унинг устига ўтириши тўғрироқдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Намознинг суннати (қаъдада) ўнг оёғингни тик қўйиб, чап оёғингни букиб ўтиришингдир»[10]. Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг «намознинг суннати» деган сўзи умуман олганда шундай ўтириш афзаллигини ифода этса-да, юқоридаги Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга кўра, қаъдада чордана қуриб ўтириш ҳам жоиз саналади.

Касал инсон мазкур кўринишда ўтиришга қодир бўлмаса, шубҳа йўқки, ўзи қодир бўлган бошқа ҳар қандай кўринишда ўтириши жоиздир. Имрон ҳадисидаги «Агар туриб намоз ўқишга қодир бўлмасанг, ўтириб намоз ўқи» деган сўзнинг умумий тушунчаси, шунингдек, «Аллоҳдан қодир бўлганингизча тақво қилинг» (Тағобун, 16) ояти шуни кўрсатади.

  1. Агар ўтириб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаса, у ҳолда ўнг томонга ёнбошлаб, юзини қиблага қаратиб, руку ва саждаларда имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Баъзи уламоларнинг фикрича, агар бунга ҳам қодир бўлмаса, чалқанча ётиб[11], оёқларини қиблага узатиб намоз ўқийди. Бироқ бу борада ривоят қилинган ҳадис саҳиҳ эмас.

  2. Инсон ёнбошлаб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаса нима қилиши хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Айрим уламоларнинг фикрича, ёнбошлаб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаган кишидан бошқа бирон кўринишда намоз ўқиши талаб этилмайди, балки ундан намоз соқит бўлади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда ёнбошлаб ўқишдан кейин бошқа бирон ҳолатни айтмаганлар. Баъзи уламоларнинг фикрича, ёнбошлаб намоз ўқишга қодир бўлмаган инсон боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди, бунга ҳам қодир бўлмаса, кўзи билан ишора қилади, унга ҳам қодир бўлмаса дилида Қуръон ўқийди. Улар бунга «Аллоҳдан қодир бўлганингизча тақво қилинг» (Тағобун, 16) оятини далил қилишган.

Уларнинг айтишларича, намоз хатти-ҳаракат ва сўзлардан иборат бўлиб, хатти-ҳаракатга қодир бўлмаган инсон тилида сўзларни айтиб, хатти-ҳаракатларни дилидан ўтказади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, касал инсон боши билан имо-ишора қилишга қодир бўлмаса, ундан намоз соқит бўлади, кўзи билан ишора қилиб намоз ўқиши талаб этилмайди[12].

  1. Қиёмда турган киши нигоҳини сажда ўрнига қаратиши лозим. Ҳадисда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар, бошларини қуйи солар, нигоҳларини ерга қаратар эдилар»[13].

[1] Бухорий (1117), Абу Довуд (952), Термизий (372), Ибн Можа (1223) ривояти.
[2] Бухорий (1115), Абу Довуд (951), Термизий (371) ривояти.
[3] Бухорий (1096), Муслим (700), Насоий (1/244) ривояти.
[4] Бухорий (2996), Абу Довуд (3091) ривояти.
[5] «Фатҳ ал-Борий», 2/588.
[6] Муслим (413), Абу Довуд (606), Насоий (3/9), Ибн Можа (1240), Ибн Ҳиббон (2122) ривояти. Шунга ўхшаш ҳадисни Бухорий (805), Муслим (411) ва бошқалар Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[7] «Ал-мажмуъ», 3/266.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (948), Табароний («Ал-кабир», 25/177), Байҳақий (2/288), Ҳоким (1/397) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган, Шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (319) саҳиҳ деган.
[9] Саҳиҳ. Насоий (3/224), Ҳоким (1/275), Байҳақий (2/305), Ибн Хузайма (1238), Ибн Ҳиббон (2512) ривояти.
[10] Бухорий (827), Абу Довуд (958), Молик («Ал-муватто», 1/89), Байҳақий (2/129) ривояти.
[11] Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (2/588) айтади: «Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, чалқанча ётиб намоз ўқиш ҳолати ёнбошлашга қодир бўлмаслик ҳолатига боғлиқдир». Бу ҳадисни Дорақутний (2/43) ва Байҳақий (2/307) ривоят қилишган. Ҳадис ровийлари ичида Ҳусайн ибн Зайд ал-Ураний мавжуд бўлиб, у ҳақда Ибн Адий: «Мункар ҳадисларни ривоят қилади, унинг ҳадислари ишончли ровийларнинг ҳадисларига ўхшамайди», деган бўлса, Ибн Ҳиббон: «Мақлуб  (яъни матни ёки санади ўзгартирилган) ҳадисларни ривоят қилади», деган. Мазкур ҳадисни Абдулҳақ «Ал-аҳком» китобида заиф деган. Қаранг: «Насб ар-роя», 2/176.
[12] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 133-бет.
[13] Ҳоким (2/393), Байҳақий (2/283) ривояти. Тўғрироқ фикрга кўра, ҳадис мурсал (заиф) ҳадисдир. Бироқ ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа ҳадислар мавжуд. Қаранг: Шайх Албоний. «Ал-ирво», 354-бет.

Изоҳ қолдиринг