Фарзанд тарбиясидаги хатолар (11): Болаларни қайсар қилиш йўллари

0

Фарзандингизга ҳали юришни бошламасиданоқ ҳожатга чиққиси келганини айтишни ўргатинг. Уни тувакка ўтқизиб, тепасида туринг ва “Қани туш қил, тушшш”, деб мажбурланг. Ҳожатини айтмаган пайтлари ҳамманинг олдида калака қилинг, устидан кулинг. Унинг хоҳиш-истакларини эшитмаганга олинг, қачонки йиғлаб-сиқтаб, ерга ётиб думалагач, «шунинг овозини ўчирай», дея хоҳишини бажаринг. Мажбурлаб овқатлантиринг. «Тўйдим» деганига ишонманг, оғзига бураб тиқинг.

Агар юқоридагиларни босим ўтказиш ва замонавий тарбия услубига зид деб билсангиз, болангизни эркин қўйишингизни тавсия қиламан. Ранжимасин дея ҳар истагини бажо келтиринг. Бирон нарса бериш эвазига иш қилдиринг. Хонасини қиммат ўйинчоқлар билан тўлдиринг.

Эски маҳалламизда ўн йилдан кейингина доктор назоратида фарзанд кўрган бир қўшнимиз бор эди. Бола туғилган кун отаси хурсандчилигидан болахонасига чиқиб, отасидан қолган ов милтиғидан ўн марта ўқ узиб, бутун маҳаллага бу шодлик хабарини жар солганди. Болага Илғор деб от қўйдилар. Она томондан бувиси Илғор туғилган кун бир қозон ҳолва пишириб, қўшниларга тарқатганди.

Болани туғдирган доктор уни бирон касалга чалиниб қолмасин дея ҳар куни кўргани келар, бир ҳамшира кун бўйи боланинг тепасида навбатда турарди. Онаси Илғорга витаминларга бой бўтқа едирар, йиғламасин дея атрофида гирдикапалак бўларди. Ота-онаси ҳали дунёга келмасидан олдин унинг ҳамма нарсасини бекам-у кўст қилишга ваъда беришганди. Ваъда берганлари янглиғ ранг-баранг кийимлар, ҳашаматли бешик ва чақалоқ аравачалари харид қилишди. Хонасини қимматбаҳо ўйинчоқлар билан тўлдиришди.

Илғор юришни ва югуришни бошлаган ондан эътиборан уйнинг “кичик қироли”га айланганди. У буйруқ берар, уйдагилар буйруғини бажо келтиришарди. Бошига бирон бало-қазо келмасин дея қаерга борса, орқасидан юришарди. Уйдаги хизматкор бу кичик зўравоннинг ёмонлигидан тавбасига таянган эди. Хизматкор нима қилса ҳам уни мамнун этолмас, унинг дастидан доим гап эшитарди. Бир сафар бечора қизнинг елкасига миниб, от сингари югуртириб ҳовлини тўрт марта айлантирган, нафаси томоғига тиқилиб ҳарсиллаб қолганига қарамай, “Давом эт!”, дея бечоранинг бошига муштлаб урарди. Ертўла эшигининг олдига келганда, “Тўхта!” деб бақирди ва эшикни кўрсатиб: “Шу ерга боришни хоҳлайман!” деб буйруқ берди. Хизматкор қиз ертўланинг қоронғу эканини тушунтиришга ҳаракат қилса-да унга гап уқтиролмади. “Сенга шу ерга киришни хоҳлайман дедим, аҳмоқ қиз!” деб бақирди унга. Овози қўшни хонадонлардан ҳам эшитилди. Она ўғлининг бақир-чақирини эшитиб югуриб келди. Нима бўлганини сўраб ўтирмасдан хизматкор қизга ташланди:

– Нимага Илғоргинамни хафа қиляпсан? Айтганини қилсангчи!

– Лекин бекам, устимга миниб ертўлага киришни хоҳлаяпти.

– Нима қилибди? Демак, бола ертўлага қизиқибди.

– Ертўла қоронғу, қандай кирамиз?

– Манавининг гапига қаранглар! Югуриб бориб фонар олиб кел. Шуни ҳам билмайсанми, аҳмоқ қиз?!

Хизматкор қиз фонар олиб келиш учун Илғорни елкасидан туширди. Кичик қирол бу сафар пастга қўйилгани учун дод солди. Онаси уни юпатишга ҳаракат қилди: “Онангнинг қучоғига кел, менинг тойчоғим. Ертўлага киришни хоҳлайсанми? Хизматкор фонарни олиб келсин, ҳозироқ кирасизлар”.

Ниҳоят фонар келди. Хизматкор қиз қўлида фонар, елкасида Илғор билан ертўлага туша бошлади. Кичик қирол ичкаридаги тим қороғуликни ёқтирмади ва ярим йўлда фикрини ўзгартирди: “Ташқарига чиқаман, ертўла ёқмади!”.

Илғорни дастурхон бошида бир кўрсангиз эди. Овозида ҳар доимгидек инжиқлик ва буйруқ оҳанги бор эди. Олдига қўйилган овқатга бурнини жийириб қарар, “Мен бу овқатни яхши кўрмайман!” дер эди. Бир оқшом яна одатдаги инжиқлигини қилди. Олдидаги овқат солинган косани итариб, “Бу овқатни хоҳламайман!” деди. Онаси ялиниб сўради:

– Яхши, менинг қўзичоғим, нима овқат егинг келяпти?

– Сизнинг олдингиздаги косадан ейишни хоҳлайман!

Онаси дарҳол олдидаги косани унга узатди:

– Ол, менинг шаҳзодам, ош бўлсин.

Кичик қирол бир-икки луқма олгандан сўнг юзини буриштирди. Косани онасига қараб итарди:

– Буни ҳам ёқтирмадим. Таъми яхши эмас экан.

Онаси яна ялинди:

– Менинг асал ўғлим, нима овқат егинг келяпти? Қани айтақол, хизматкор дарҳол келтиради.

Кичик зўравон бироз ўйлагандан сўнг:

– Бўғирсоқ егим келяпти, – деди.

Онаси айбдор каби бошини эгди:

– Афсус, бугун ошпаз бўғирсоқ пиширмади.

– Бўғирсоқ егим келяпти, дедим! Пишлоқли бўлсин.

– Эртага ошпазга айтаман, сенга зўр пишлоқли бўғирсоқ пишириб беради.

Қайсар зўравон столни муштлаб уришни бошлади:

– Мен ҳозир хоҳлаяпман, деб бақирди.

– Яхши-яхши, ҳозир хоҳлаётган бўлсанг, мен ҳозир хизматкорни бозорга жўнатаман, пишлоқли бўғирсоқ олиб келади. Фақат сен хафа бўлма.

Хизматкор қиз бозорга югурди. Пишлоқли бўғирсоқ топиш осон бўлмади. Анча айлангач, ниҳоят бўғирсоқ сотадиган дўконни топди. Кеч қолгани учун бекасидан гап эшитди. Ниҳоят пишлоқли бўғирсоқ кичик қиролнинг олдига қўйилди. Икки тишлам егандан сўнг бақирди:

– Пишлоқ мени чанқатди!

Онаси хизматкорга бақирди:

– Нимага қараб ўтирибсан, ўғлимга мева шарбати олиб келсангчи, аҳмоқ қиз!

Хизматчи қиз ошхонага югуриб, бир стакан мева шарбати олиб келди.

Бизнинг зўравон:

– Мева шарбати истамайман, сут ичаман, дея нозланди.

Она ҳайрон қолди:

– Сутни ёқтирмайсан, деб ўйлардим… Сут ичгинг келгани аниқми?

– Ҳа, сут ичаман!

Балога қолган яна хизматкор қиз бўлди ва яна гап эшитди:

– Эшитмаяпсанми аҳмоқ қиз, ўғлим сут хоҳлаяпти!

Бечора қиз ҳарсиллаб ошхонага югурди. Бироздан сўнг қўлида иситилган сут билан келди. Кичик Илғор стаканга қўли тегар-тегмас қичқирди: “Стакан жуда иссиқ, қўлимни куйдирди!” Хизматкор қиз гап эшитишини билгани учун ўзини оқлади: “Хоним, стакан иссиқ бўлганда менинг қўлим куйган бўларди. Кўриб турганингиздек қўлим билан келтирдим”. Оқлаш бир ишга ярамади. Онаси яна бақирди: “Бунга қаранглар, яна гап қайтаради! Ўғлим ёлғон гапиряптими? Тезда бориб, сутни илитиб кел”. Бечора хизматкор яна ошхонага югурди. Сутни илиқ қилиб олиб келди. Кичик зўравон бу сафар бошқа баҳона топди: “Бу стакан меники эмас, мен ўзимнинг қизил гулли стаканимни хоҳлайман!” деди. Онаси хизматчига танбеҳ берди: “Қандай аҳмоқсан, ҳали ҳам ўғлимнинг стаканини танимайсан! Бориб, дарҳол ўғлимнинг қизил гулли стаканини олиб кел!”

Хизматкорнинг тоқати қолмади, пичоқ суякка қадалганди. Фартугини ечиб, уй бекасининг олдига отди: “Бориб ўғлингизга қизил гулли стаканини ўзингиз олиб келинг, мен ишни ташладим”, деди. Нарсаларини йиғиштириш учун хонасига қараб юрди, кейин бир нарсани унутган каби орқага қайтди ва: “Менга қаранг хоним», деди – сизга бир жуфт гапим бор. Айтмасам ичимда қолади. Менга тиминсиз “аҳмоқ” дейсиз, лекин асл аҳмоқ сизсиз! Кичик зўравоннинг қўлида қўғирчоқ бўлганингиздан хабарингиз йўқ. Ҳали таёқ ушлайдиган бўлганда бу бола сизни калтакласа, ажабланманг! Ўша пайт мени эслаб, балки кўзингиз очилар. Ортиқ бу уйда бир кун ҳам қололмайман. Нарсаларимни йиғиштириб кетаман”.

Уй бекаси хизматкордан бундай муомалани кутмагани учун ҳайрон бўлиб қолди. Айтган оғир гаплари юрагига ўқ каби санчилди. Кўнгли вайрон бўлганидан бир оғиз жавоб қайтара олмади.

Кунлар ҳафталарни, ҳафталар ойларни, ойлар йилларни қувлади ва ниҳоят кичик қирол мактабга қатнай бошлади. Бу орада саккиз хизматкор алмашди. Илғорнинг довруғи ҳар томонга ёйилганидан оиласи тўққизинчи хизматкорни орадан икки ой ўтгандан кейин зўрға топишди. Кичик қирол мактабга борган биринчи кунидан қайсарлигини бошлади. Мактабда онасининг этагига ёпишиб, “Сиз ҳам мен билан ўтирасиз”, деб туриб олди. Ўқитувчи майли бола мактабга ўргансин дея бир неча кун индамади. Лекин кичик зўравон мактабга ўрганадиганга ўхшамасди. Онаси ёнидан турди дегунча қичқиришни бошларди. Ўқитувчи онасини огоҳлантиришга мажбур бўлди: “Болангизнинг ёнида ўтиришингиз мактаб тартиб-қоидаларига тўғри келмайди. Мактабга ўрганиши учун бола ўзи ўтиришни ўрганиши лозим”, деди.

Кичик зўравонни уч ҳафта деганда базўр бир ўзи ўтиришига кўндирди. Уйдаги қайсарлигини мактабда ҳам кўрсатар, хаёлига келган ҳаракатни қиларди. Қайсарлиги ва урушқоқлигидан ҳеч ким у билан ўртоқ бўлишни хоҳламагани учун партада бир ўзи ўтиришга мажбур бўларди. Болалар уни ўзининг исми билан эмас, “Қайсар эчки” лақаби билан чақиришарди. Ўтиқувчи танбеҳ берса, ўша заҳоти попкасини олганича синфдан чиқиб, уйига равона бўларди. Онаси нимага эрта келганини сўраса, ўқитувчисини ва мактабни яхши кўрмаслигини айтарди.

Хизматкор эрталаб уни мактабга ҳозирлар экан ҳолдан тоярди. Уйқудан уйғотиш, нонуштасини қилдириш, кийинтириш ва попкасини тайёлаш жуда катта масала эди. Мактабга кетаркан попкасини хизматкорга кўтартирарди. Синфга кирганда кўпинча дарс бошланиб бўлган бўларди. Ўқитувчиси нимага кеч қолганини сўраса, “Аҳмоқ хизматкор мени кеч олиб келди”, дерди.

Кичик зўравон синфда ўқитувчининг айтганини қилмагани каби топшириқларни ҳам бажармасди. Ўқитувчи бир неча марта онасини чақиртириб боланинг дарсига аҳамият беришини айтганди, бироқ ҳеч нарса ўзгармаганди. Синфдошлари ўқишни бошлашган, лекин у ҳали ҳам ҳарфларни танимасди. Ўқув йили тугаганда табели қониқарсиз баҳо ва ёмон хулқи билан қоралангани сабаб синфда қолди. Ёз давомида қўлига на китоб ва на қалам олди.

Мактаб очилганда такрор биринчи синфдан бошлади. Ўтган йилга нисбатан янада қайсар ва баттар тартибсиз бола бўлганди. Синфдаги нарсаларга зарар бергани ва синфдошлари билан жанжаллашгани учун икки марта мактабдан узоқлаштириш жазосини олди. Онаси у синдирган буюмларнинг пулини тўлашга мажбур бўлди. Мактабдан узоқлаштириш жазоси тугаганда, “Мен мактабга бормайман!” деб туриб олди. Онасининг ялиниб-ёлворишлари бирон ишга ярамади. “Агар мени мактабга жўнатсангиз, синфнинг ҳамма ойналарини синдираман!” деб таҳдид қилди. Онаси бироз қаттиқроқ турмоқчи бўлганди, онасини тепишни ва сўкишни бошлади…

Жуда яхши кўрган ва кўз қорачиғидай асраган боласидан тепки еган ва ҳақоратлар эшитган она, нотўғри қилганини англаб етди. Бироқ энди кеч бўлганди. Ўша пайт “Аҳмоқ” деб ҳақорат қиладиган хизматкор қизнинг айтган аччиқ гапларини эслади. Кўзлари ёшга тўлди. Ичида: “Хизматкор тўғри айтган экан. Ҳақиқий аҳмоқ мен эканман”, деди…

***

Фарзандларига бахтли, фаровон келажак қодириш учун кеча-ю кундуз меҳнат қилган ва ҳар қандай фидокорликдан қочмайдиган бир отани танирдим. Кун бўйи ишхонада ишлагани етмагандай, оқшомлари уйига ҳам битмай қолган ишларини олиб келар, хонасига кириб олиб, ярим кечагача ишини давом эттирарди. Она ҳам фарзандлари учун фидокорлик қилишда отадан қолишмасди. Бир тикув фабрикаси билан келишган бўлиб, уйида болалар кийимларини тикарди. Уй ишларини тугатгач, тикув машинасининг қаршисида ўтирар, олиб келган ишларини етиштиришга ҳаракат қиларди.

Ота-она бундай оғир иш юки билан болаларига вақт ажратолмаганидан уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйишарди. Оилада энг кўп эътиборсиз қолган, албатта, кичик Сулаймон эди. Ҳали юрадиган ёшда бўлмагани учун онасининг қаровига ва эътиборига муҳтож эди. Она эса шу қадар ишга берилиб кетар эдики, бола йиғлашни бошлагандагина таги ҳўл бўлганини ёки оч қолганини пайқарди.

Оиланинг биринчи мақсади пул тўплаб уй олиш ва ижарада ўтиришдан қутулиш эди. Ундан кейин болаларни энг яхши мактабларда ўқитишни режалаштиришган эди. Лекин орадан йиллар ўтишига қарамай, тўплаган пуллари ҳали уй олишга етмасди. Янада кўпроқ пул тўплаш учун харажатларни камайтириш керак эди. Шу сабабдан, кичикларга янги оёқ кийим ва уст-бош олинмас, катталарининг эскилари олиб қўйилар, вақти келгач кичиклар кийишарди.

Бу оиланинг қўшниларни зиёрат қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш сингари одатлари йўқ эди. Уларни ташқарида овқатланганини ёки айланишга чиққанларини кўрган бўлмасди. Кичик Сулаймоннинг йиғлаб, йиғи камлик қилганда бор овози билан бақириб ва ер тепиб хоҳлаган нарсасига эришганини кўрган бошқа болалари ҳам, худди шу йўлни қилишга ўтдилар. Гап эшитиш эвазига бўлса ҳам, истакларига эришиш учун йиғлар, тепинар ва ерга ётиб думалар эдилар. Ота-она болалардаги бу ҳолатнинг сабабини умуман тушунолмас эдилар. Чорасиз қолган ота бир ўртоғидан маслаҳат сўради. Ўртоғи мақтаниб: “Бизнинг уйимизда болаларнинг тиқ этган товуши чиқмайди”, деди. Ота қизиқиб сўради: “Бунга қандай эришдинглар?” Бояги одам: “Қаттиқ тартиб-интизом азизим, тартиб-интизом! Ота-боболаримиз “таёқ жаннатдан тушган”, деб бежиз айтишмаган”, деди. Отанинг бу тавсия қаршисида хаёли бузилди. Бугунга қадар болаларига бир шапалоқ ҳам урмаган эди.

Бир оқшом ота яна хонасига кириб олиб, уйига олиб келган ҳисоб-китоб ишларини қиларди. Тугаган папкаларни сумкасига жойлаштириб, сотиб олажак уйни хаёл қиларкан, эшиги тақиллади ва катта ўғли Салим кириб келди. Устидаги кийимини кўрсатиб: “Дада, мактабга бу кийим билан боришга уяляпман. Ўзимни тиланчидек ҳис қиляпман. Қора ишчиларнинг болалари ҳам мендан яхшироқ кийинишади”, деди. Ота хомуш бир товушда: “Ҳақлисан ўғлим, аммо ижарадан қутулишимиз учун ҳаммамиз фидокорлик қилишимиз керак. Бир-икки йил яна сабр қил, уй сотиб олайлик, ҳамма муаммоларимиз тугайди. Ўшанда хоҳлаган кийимингни олишимиз мумкин”, деди. Салимнинг жавоби қаттиқ бўлди: “Тўйиб кетдим шу уй масаласидан”, деб бақирворди. “Йиллардир айни ҳикояни эшитишдан тўйдим. Мен янги кийим хоҳлайман, бўлмасам мактабга бормайман!” деди. Тортишув тобора шиддатли тус олди. Салим жаҳл устида қўлига тушган нарсани отишга тушди. Отанинг сабр косаси тўлди. Ўша пайт ўртоғининг тавсияси эсига тушди. Бир таёқ қидирди, лекин тополмади. Столнинг ёнида турган соябонни олганича Салимнинг бошига туширди. Йигитча нимага дуч келганини билмай қолди. Ўша кунгача отасидан бир тарсаки ҳам емаган эди. Жаҳл устида: “Сиз ёмон отасиз, сиздан нафратланаман!” деб бақирди. Ота асабларини тутиб туролмади-да соябон билан ўғлининг бошига яна бир неча бор туширди. Салим еган калтакни ҳазм қилолмади. “Энди бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин. Сизнинг нонингизни егандан кўра кўприкларнинг тагида ётганим яхши. Золим ота! Мана кетяпман. Сиз ҳам олажак янги уйингизда бахтли яшанг!” деди. Бу сафар ҳангу манг бўлиш навбати отага келганди. Ўртоғининг тавсияси қовун туширганди.

Салим ҳақиқатдан айтганини қилди. Тўғри хонасига борди, нарсаларини йиғиштириб, уйни тарк этди. Ота чорасизча ўғлининг орқасидан қараганича қолди. Ўша кеча олиб келган ҳисоб-китоблари устида ишлай олмади ва кўзига бир лаҳза уйқу ҳам келмади. “Қандай яхши орзуларимиз бор эди. Нимага бундай бўлди?” дер эди.

Эрталаб ишхонасига келар-келмас, унга ақл ўргатган ўртоғини топди. Бўлган воқеани айтиб берди. У пушаймон отага тасалли берди: “Ўйлаб ўтирган нарсангга қара, у нимани еб, нимани ичади, қаерда ётади? Эртадан қолмай албатта уйга қайтиб келади ва сендан кечирим сўрайди”, деди. Ота яна бир бор бу тошбағир одамга ишонди. Айтганларини мантиқли деб билди. Оқшом уйга келганда хотинини йиғлаб ўтирган ҳолда топди. Ўртоғининг айтганларини айтиб тасалли беришга ҳаракат қилди.

Натижа ўртоғи айтгандек бўлмади. Салим уйдан чиқиб кетганига икки ой тўлган ва шу пайтгача ундан бирон хабар олинмаган эди. Бечора ота бир тарафдан фарзанд доғи, бошқа томондан ўзини айбдор ҳис қилиши натижасида касал бўлиб ётиб қолди. Онанинг ҳам ичи ёнар, фақат билдирмасликка ҳаракат қиларди. Салим билан бирга оиланинг бахти ҳам кетганди. Уйда мотам ҳавоси ҳукмрон эди. Кўргани келганлар отани юпатишга ҳаракат қилишганда уларга шундай жавоб берарди: “Мен ёмон отаман. Кошки ўғлимга хоҳлаган кийимини олиб берсам-да, бу кунлар бошимизга келмаса эди”.

Она ҳам энди туйғуларини яширмас, отани айбларди. Аслида эса, она ҳам энг камида ота каби айбдор эди. Иккаласи ҳам пул тўплаш дардида болаларига вақт ажратишмади, болаларнинг моддий эҳтиёжларини қондирмаганларидек, руҳий соғликлари учун лозим бўлган севги ва шафқатни ҳам дариғ кўрган эдилар.

Изоҳ қолдиринг