Пайғамбаримизнинг кун тартиби (16)

1

Тунги ибодатлари

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тун ярмида уйғонар эдилар. Сўнг ўтириб, кўзларини ишқалаб, уйқуни қочирар эдилар. Мисвокни олиб, муборак оғизларини поклар эдилар. Кейин нигоҳларини осмонга кўтариб, сокин тунда Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикр юритиб, Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқир эдилар:

إن في خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ (190) الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ (191) رَبَّنَا إِنَّكَ مَنْ تُدْخِلِ النَّارَ فَقَدْ أَخْزَيْتَهُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ (192) رَبَّنَا إِنَّنَا سَمِعْنَا مُنَادِيًا يُنَادِي لِلْإِيمَانِ أَنْ آمِنُوا بِرَبِّكُمْ فَآمَنَّا رَبَّنَا فَاغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَكَفِّرْ عَنَّا سَيِّئَاتِنَا وَتَوَفَّنَا مَعَ الْأَبْرَارِ (193) رَبَّنَا وَآتِنَا مَا وَعَدْتَنَا عَلَى رُسُلِكَ وَلَا تُخْزِنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّكَ لَا تُخْلِفُ الْمِيعَادَ (194) فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى بَعْضُكُمْ مِنْ بَعْضٍ فَالَّذِينَ هَاجَرُوا وَأُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ وَأُوذُوا فِي سَبِيلِي وَقَاتَلُوا وَقُتِلُوا لَأُكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلَأُدْخِلَنَّهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ثَوَابًا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ وَاللَّهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الثَّوَابِ (195) لَا يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي الْبِلَادِ (196) مَتَاعٌ قَلِيلٌ ثُمَّ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَبِئْسَ الْمِهَادُ (197) لَكِنِ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا نُزُلًا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ وَمَا عِنْدَ اللَّهِ خَيْرٌ لِلْأَبْرَارِ (198) وَإِنَّ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَمَنْ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْكُمْ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِمْ خَاشِعِينَ لِلَّهِ لَا يَشْتَرُونَ بِآيَاتِ اللَّهِ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَئِكَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ إِنَّ اللَّهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ (199) يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (200)

Шубҳасиз, еру осмонларнинг яратилишида ҳамда кечаю кундузнинг алмашиб туришида соғлом ақл эгалари учун Аллоҳнинг ягоналигига далиллар бор. Улар барча ҳолатларида: тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни ёд этадилар. Еру осмонларнинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб, Аллоҳга дуо қиладилар: “Эй Раббимиз, Сен буларни беҳуда яратганинг йўқ, Сен бундай қилишдан пок зотсан. Ўзинг бизни дўзах азобидан сақла. Эй Раббимиз, Сен кимни дўзахга киритсанг, уни шармандаи шармисор қилибсан. Ўзларига зулм қилган кимсалар учун Аллоҳнинг азобини даф қиладиган бирон ёрдамчи йўқдир. Эй Раббимиз, биз бир жарчини – пайғамбаринг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни одамларга нидо қилиб, Сенга иймон келтиришга чорлаётганларини эшитдик. Ва у зотнинг даъватларини ижобат этиб, иймон келтирдик. Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни Ўзинг мағфират қилгин, айбларимизни яширгин ва бизни яхшилар билан бирга вафот эттиргин. Эй Раббимиз, бизга Ўзинг пайғамбарларингга ваъда қилган нусрат ва ҳидоятни ато этгин. Қиёмат куни бизни шарманда қилмагин. Сен ваъдангга хилоф қилмайдиган карамли зотсан”. Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилиб деди: “Мен яхши амал қилган ҳар қандай кишининг – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – қилган ишларини асло зое қилмайман. Зотан, улар диндаги биродарликда ҳамда амалларнинг қабул бўлиши ва уларга бериладиган мукофотларда баробардирлар. Менинг розилигимни истаб ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, Менинг йўлимда озорларга дучор бўлган, шу йўлда жанг қилган ва ўлдирилган кишиларнинг гуноҳларини албатта ўчираман ва албатта уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Бу Аллоҳ таоло томонидан мукофотдир. Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажру савоблар бор”. Эй Пайғамбар, кофирларнинг (яхши яшаб туришлари, ризқлари мўл-кўллиги, тижорат, фойда ва мол-дунё талабида) ер юзида кезиб юришлари сизни асло алдаб қўймасин. Булар (йўқ бўлиб кетувчи) озгина ҳузур-ҳаловатдир, сўнг қиёматда борадиган жойлари дўзахдир. У нақадар ёмон жой! Лекин Рабларидан тақво қилган кишилар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар ўша жаннатларда абадий қоладилар. Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар тоат қилувчи зотлар учун (кофирлар ҳузур қилаётган бу дунё ноз-неъматларидан) яхшироқдир. Шубҳасиз, аҳли китоблар ичида Аллоҳга ишонадиган, сизларга нозил қилинган Қуръонга ва ўзларига нозил қилинган Таврот ва Инжилга иймон келтирадиган, Аллоҳга хокисорлик билан бўйсунадиган, Аллоҳнинг оятларини арзимас дунё матоларига алишмайдиган кишилар ҳам бор. Улар учун Рабларининг ҳузурида ажру савоблар бор. Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчидир. Эй иймон келтирганлар, сабр қилинг, сабрда душманларингиздан устун келинг, жиҳодда маҳкам туринг! Аллоҳдан қўрқинг, шояд нажот топсангиз”. (Оли Имрон, 190-200).

Сўнг ўринларидан туриб, осиб қўйилган мешнинг оғзини ечар эдилар. Ундан идишга сув қуйиб, мукаммал таҳорат олар эдилар. Сўнг белларига ўраган изорни ечиб, кийимларини кияр эдилар ва таҳажжуд намозини ўқишга киришар эдилар[1].

Таҳажжуд намозини бошлашдан олдин Аллоҳ таолони зикр қилиб, Унга тасбеҳ ва ҳамду санолар айтар эдилар. Бу эса таҳажжуд намозига таёргарлик бўлса ажаб эмас. Оиша разияллоҳу анҳо айтади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда уйғонсалар, ўн марта такбир, ўн марта ҳамд айтар, ўн марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” дер, ўн марта “Субҳанал маликил қуддус” дер, ўн марта истиғфор ва ўн марта таҳлил (ла илаҳа иллалллоҳ) айтар, сўнг қуйидаги дуони ўн марта ўқир эдилар:

اللهمَّ إني أعوذ بك من ضيق الدنيا، وضيق يوم القيامة

“Парвардигор, менга дунё танглигидан ва охират кунининг танглигидан паноҳ бер”.

Сўнг намозни бошлар эдилар”[2].

[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (183, 992), “Саҳиҳ Муслим” (763).

[2] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (25102), “Сунан Абу Довуд” (5085, 766).

Discussion1 комментарий

  1. Аллох таола хар Бир муминни узинг Хабиби (соллоху алайхи васалам) нинг суннатларига мукаммал эришадиган мухсин бандалардан килсин, гунохларимиззи кечирсин, сизлару бизлардан УЗИ Рози булсин! 🤲

Изоҳ қолдиринг