Эй иймон келтирганлар (62): Қўшилмай туриб талоқ қилинган аёлдан идда соқит бўлиши ва маҳр белгиланмаган бўлса ҳадя билан сийлаш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, мўмина аёлларни никоҳингизга олсангиз-у улар билан қўшилмай туриб талоқ қилсангиз, уларнинг зиммасида сизлар санайдиган идда йўқдир. Уларни озми-кўпми ҳадя билан сийланг ва яхшилик билан жавобларини беринг” (Аҳзоб, 49).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо мўминларга қаратилган бўлиб, улар Аллоҳни Раб ва илоҳ, Исломни Аллоҳ ундан бошқасини қабул қилмайдиган, қонун ва аҳкомларга эга одил дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни у зотдан кейин пайғамбар келмайдиган охирги пайғамбар ва одамзотга юборилган элчи деб иймон келтирганлари учун шундай буюк илтифотга лойиқ бўлдилар.

Аллоҳ таоло ана шу мўминларга шариат аҳкомлардан бир ҳукмни таълим бериб, нидо қилди. Бу ҳукм шаръий никоҳига олган аёлини қўшилмай туриб талоқ қилган киши аёлдан идда сақлашни талаб қилмаслигидир. Никоҳдан сўнг аёл билан холи қолмай ё қўшилмай туриб талоқ қилса, уч ҳайз ёки уч ой иддада ўтиришни талаб қилмайди, сабаби иддадан мақсад талоқ қилинган хотин ҳомиладорми, йўқми, шуни билишдир. Модомики қўшилмаган экан, ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлади.

Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, мўмина аёлларни никоҳингизга олсангиз”, яъни улар билан никоҳ ақди (битими) қилсангиз… Чунки араб тилида “никоҳ” сўзи ақдга, яъни никоҳ битими тузишга ҳам, жинсий яқинлик қилишга ҳам қўлланилади. “Никоҳ” лафзи Қуръонда кўп ўринларда жинсий яқинлик ва никоҳ битими маъносида қўлланган бўлиб, бу оятда никоҳ битими маъносида келган. Чунки Аллоҳ таолонинг оятдаги: “улар билан қўшилмай туриб”, сўзи шуни кўрсатади.

 “Мўмина аёлларни” деб айтилгани сабаби мўминлар кўпинча мўмина аёлларга уйлангани учундир. Йўқса, аҳли китоб аёллар ҳам никоҳ, талоқ, маҳр, идда, ҳадя масаласида мўмина аёллар билан баробардир.

Улар билан қўшилмай туриб талоқ қилсангиз”, яъни жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қилсангиз. Талоқ лафзи эрнинг аёлига: “Сен талоқсан”, “Сени талоқ қилдим” ёки талоқ ва ажрашиш ниятида: “Уйингга кетавер”, деган сўзларидир. “Уйингга кетавер” каби сўзлар киноя талоқ бўлиб, бунда ниятга қаралади. Ният талоқ бўлса талоқ тушади, ният талоқ бўлмай, қўрқитиб қўйиш, адабини бериш бўлса талоқ бўлмайди. Аммо “талоқсан”, “талоқ қилдим” каби очиқ лафзларда ниятга қаралмайди, ҳатто ҳазиллашиб айтган бўлса ҳам талоқ тушади. Бунга ушбу ҳадис далил бўлади: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддийдир. Улар: талоқ, никоҳ ва ражъа (талоқ қилган аёлини қайтариб олиш)” (Абу Довуд (2194), Термизий (1148) ривояти).

Уларнинг зиммасида сизлар санайдиган идда йўқдир”. Яъни эр никоҳига олган хотинини ҳали қўшилмай туриб талоқ қилган бўлса, бу аёлдан уч ой тугул, бир ой ва ҳатто бир кун ҳам иддада ўтиришни талаб қилишга ҳаққи бўлмайди. Чунки юқорида ўтганидек, иддадан мақсад ҳомила бор-йўқлигини аниқлашдир. Жинсий яқинлик қилинмаган аёлда ҳомила бўлмаслиги шубҳа қилинмайдиган ишдир. Шунинг учун бу йўсинда талоқ қилинган аёл шу куниёқ бошқа эрга никоҳланиб, турмуш қуриши жоиз.

Уларни озми-кўпми ҳадя билан сийланг”. Яъни хотинини талоқ қилган эр моддий ҳолига қараб, бор борича, йўқ ҳолича, озми-кўпми бирон ҳадя бериши лозим. Талоқ қилинган аёл масаласини қози кўрадиган бўлса, эрнинг қанча беришини қози ҳал қилади. Никоҳланишда маҳр белгиланмаган бўлса, бу ҳадяни бериш вожиб бўлади. Агар маҳр белгиланган бўлса, маҳр талоқ қилинган аёлнинг ҳаққидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Агар уларни никоҳдан кейин ҳали жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қилсангиз, лекин белгиланган маҳрни зиммангизга олиб қўйган бўлсангиз, у ҳолда келишилган маҳрнинг ярмини беришларингиз вожиб бўлади. Аммо талоқ қилинган аёллар ўзлари ҳақли бўлган ярим маҳрдан кечсалар ёки эр талоқ қилган аёлига маҳрни тўлалигича бериб юборса, бу ҳам жоиз” (Бақара, 238). Талоқ қилинган аёл ўз ҳаққи бўлмиш маҳрнинг ярмини олишдан воз кечса ўзининг иши, эр тантилик қилиб маҳрнинг ҳаммасини бериб юборса ҳам ихтиёри ўзида. Муҳими, инсонлар бир-бирларига фазлу карам ва эҳсон қилишни унутмай, мурувватли бўлишлари керак. Зеро Аллоҳ қилаётган амалларимизни кўриб туради.

Аллоҳ таолонинг: “ва яхшилик билан жавобларини беринг” деган сўзлари зулм қилишдан қайтариб, яхшилик қилишга ундайди. Яъни талоқ қилган аёлингизнинг йўлини яхшилик билан очиб қўйинг, озор берманг. Ота-онасининг ёки яқинларининг уйига зарарланмай, муаммосиз кетишига имкон қилиб беринг.

Талоқ қилган аёлини яхшилик билан жавобини бермаса, уни ҳақоратлаб, бўлган-бўлмаган айблар билан айбласа, белгиланган маҳрини бермаса ё қийматга эга бирон фойдали нарсасини беришдан бош тортса, Аллоҳ азза ва жаллага осийлик қилган, мусулмон бўла туриб Аллоҳнинг амрига қарши чиққан бўлади. Бу қилмишидан дарҳол тавба қилиши лозим. Акс ҳолда азобга ҳақли мужрим кимсалар қаторида бўлиб қолади.

Сўзимиз сўнгида сиз азиз ўқувчига бу илоҳий нидо ўз ичига олган аҳкомларни баён қиламиз:

  • Никоҳига олган аёли билан қўшилишдан олдин талоқ қилишнинг жоизлиги.

  • Эри билан қўшилмай туриб талоқ қилинган аёл учун идда йўқ. Бундай аёл талоқ қилинган куниёқ бошқа эрга тегиб кетиши мумкин.

  • Эри билан қўшилишдан олдин талоқ қилинган аёл агар маҳри белгиланган бўлса, маҳрнинг ярмига ҳақли бўлади. Агар маҳр белгиланмаган бўлса, талоқ қилган эрнинг бой-камбағаллигига қараб, бирон ҳадя бериш вожибдир. Ҳадя миқдорида икки тараф келиша олмаса, миқдорни қози белгилаб беради.

  • Талоқ қилинган аёлга қандай бўлмасин озор беришнинг ҳаром экани. Хоҳлаган ерига кетиши учун йўлини очиб, ўз ҳолига қўйиш вожиблиги.

  • Талоқ қилинган, аммо маҳри белгиланмаган аёлни озми-кўпми ҳадя билан сийлаш шариат белгилаган қонун экани.

  • Ҳайз кўрадиган аёл уч ҳайз ёки уч поклик миқдорида иддада ўтиради. Талоқ қилиш поклик даврида қўшилишдан олдин бўлиши керак. Кексалиги ё ёши кичиклиги боис ҳайз кўрмайдиган аёлнинг иддаси уч ойдир. Ҳомиладор аёлнинг иддаси эса ҳомиласини туғиши бўлиб, туғиши билан иддаси тугайди. Эри вафот этган аёлнинг иддаси тўрт ой-у ўн кун. Агар эри вафот этган аёл ҳомидор бўлса, узоқроқ муддатлигини олгани яхши. Яъни ҳомиласи тўрт ой-у ўн кундан олдин туғилса-да, тўрт ой-у ўн кун идда сақлаши ё аксинча тўрт ой-у ўн кун идда муддати тугаса ҳам ҳомиласини туққунча иддада ўтириши ўзига ҳам, марҳум эрининг оиласи учун ҳам яхшидир. Яхшилик қилиш мақталган ишдир. Аллоҳ муҳсинларни яхши кўради.

Изоҳ қолдиринг