Дафн қилиш тартиби ҳақида (8)

0

157 – Қабрга олов теккан нарсани киритиш

Саҳобалар разияллоҳу анҳум қабрга пишиқ ғишт, темир ёки шунга ўхшаш олов теккан нарсаларни заруратсиз киритишни макруҳ деб билганлар. Абу Бурда раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Абу Мусо ал-Ашъарий разияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган пайт: “Жанозам ортимдан исириқдон кўтариб (яъни унда бирон нарса тутатиб) эргашманглар”, дея васият қилди. Ёнидагилар: “Бу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз?” деб сўрашди. Абу Мусо: “Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман”, деб жавоб берди»[1].

Абдураҳмон ибн Миҳрон раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра ўлим тўшагида экан, бундай деди: “Қабрим устига чодир тикманглар, ортимдан исириқдон билан (яъни олов ёқиб) эргашманглар, мени (дафн этишга) шошилинглар”»[2].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу бундай деди: «Қачон вафот этсам, гўянда (йиғичи аёл) ҳам, олов ҳам менга ҳамроҳ бўлмасин»[3].

Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳобалар қабрларига пишиқ ғишт ишлатилишини ёқтирмас эдилар»[4].

Ибн Абдулбар: «Бу ишнинг макруҳлиги борасида уламолар ўртасида ихтилоф борлигини билмайман», деган[5].

158 – Қабрда маййит остига чойшаб тўшаш

Жумҳур уламолар қабрда маййит остига чойшаб ёки бўйра каби нарсалар тўшаш макруҳ эканини айтганлар[6]. Чунки бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамда саҳобалар разияллоҳу анҳумнинг амалларига зиддир.

«Салафлардан бирортаси бу ишни қилгани айтилмаган. Қолаверса, бунда мол зое бўлади»[7].

Абу Бурда раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Абу Мусо разияллоҳу анҳуга ўлим келганида қуйидагича васият қилди: “Тобутимни кўтариб йўлга тушсангиз, қадамингизни тезлатинглар. Ортимдан исириқдон эргашмасин. Қабримга мен билан тупроқ орасини тўсадиган бирор нарса қўйманглар. Қабрим устига бино қурманглар. Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, мен ҳар қандай номаъқул сўз айтувчи, дод солиб йиғловчи ёки кийимларини йиртувчи аёллардан безорман”. Ёнидагилар: “Бу ҳақда бирор нарса эшитганмисиз?” деб сўрашди. Абу Мусо: “Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман”, деб жавоб берди»[8].

Агар айтилса: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига қизил бахмал солинди», деган-ку?![9]

Жавоб: «Бу иш Шақрон разияллоҳу анҳунинг ташаббуси бўлган, бироқ бошқа саҳобалар бунга қўшилмаганлар, балки бу ишдан бехабар қолганлар. Шақрон бу ишни қилишига сабаб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини у зотдан кейин бошқа биров кийишини ёқтирмагани эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам у матони ҳам кияр, ҳам остларига тўшар эдилар. У зотдан кейин матодан бошқа одам фойдаланишига Шақроннинг кўнгли чопмай, бошқа саҳобаларга хилоф иш тутди. Байҳақий Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо қабрда маййит остига кийим тўшалишини макруҳ деб билганини ривоят қилган»[10].

Абдураззоқ ровийлари «сиқа» (ишончли) бўлган санад билан Абдуллоҳ ибн Асом раҳимаҳуллоҳдан ушбу ривоятни келтиради: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Маймуна разияллоҳу анҳо «Сариф» деган жойда вафот этди. Мен тўнимни ечиб, қабрга маййит остига тўшаган эдим, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо уни олиб, отиб юборди»[11].

Шунингдек, «Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ (Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига тўшалган) мазкур мато қабрга тупроқ тортилишидан аввал чиқариб ташланганини айтган»[12].

159 – Қабр тупроғига Қуръон тиловат қилиб, сўнг уни маййит кафанига сепиш мункар бидъатдир

Айрим жоҳил одамлар Қуръондан баъзи оятларни қабр тупроғига ўқиб, кейин уни маййитнинг кафанига сепиш маййитни қабр азобидан сақлайди, деб эътиқод қилади. «Бу асоссиз ишдир. Балки у хунук бидъат бўлиб, унга амал қилиш жоиз эмас. Қолаверса, ундан фойда йўқ. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби ишни умматларига ўргатмаганлар. Балки фақат қуйидаги ишлар шариатдандир: мусулмон киши вафот этса, ювилади, кафанланади, жанозаси ўқилади ва мусулмонлар қабристонига кўмилади.

Шунингдек, дафнга ҳозир бўлган кишилар маййит кўмиб бўлинганидан сўнг унинг ҳаққига Аллоҳдан мағфират ва собитқадамлик сўраб дуо қилишлари ҳам шариатдандир. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар, шундай қилишга буюрар эдилар. Тавфиқ Аллоҳдандир»[13].

[1] Ҳадис тахрижи 82-масалада ўтди.

[2] Ҳадис тахрижи 82-масалада ўтди.

[3] Ҳадис тахрижи 82-масалада ўтди.

[4] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/352, 11891-масала.

[5] «Ал-истизкор», 8/225.

[6] Қаранг: «Ал-муғний», 3/428; «Ал-мажмуъ», 5/183-184; «Ал-баён фий мазҳаб аш-Шофеий», 3/106-107; «Ҳошият ат-Таҳтовий», 608-бет.

[7] Рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/451.

[8] Имом Аҳмад ривояти, 32/318, 19547-ҳадис.

[9] Муслим ривояти, 967-ҳадис.

[10] «Шарҳ саҳиҳ Муслим», 618-бет.

[11] «Мусаннаф», 3/478, 6390-ҳадис.

Бувсирий (вафоти: 840 ҳ.). «Итҳоф ал-хийара ал-маҳара би-завоид ал-масонийд ал-ашара» китобида (2/487, 1947-ҳадис) ҳадис санадини саҳиҳ деган. («Дор ал-ватан» нашриёти, биринчи нашр, 1420 ҳ.й.)

[12] «Ат-талхис ал-ҳабир», 3/1233, 2578-рақам.

[13] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 13/197.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг