Сийрат: Биринчи авлод вакиллари – саҳобаларнинг сифатлари

0

Ҳар бир киши ўзининг вазифасини яхши билар, даъват моҳиятини ва унинг босқичини тўғри тушунар эди. Шунинг учун ҳар ким эҳтиёт чорасини кўриши, яширин ҳаракат қилиши ва мукаммал тартиб-интизомли бўлиши зарур эди[1].

Макка даврида мўмин жамоа ўта сирли ва тадрижий равишда оёққа турар экан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти унинг шиори бўлган эди:

“(Эй Пайғамбар), Аллоҳнинг юзини истаб, Рабларига эртаю кеч фақат дуо-ибодат қиладиган асҳобларингиз билан бирга сабр-тоқатли бўлинг! Бу дунёнинг зеб-зийнатларидан ҳузурланиш истагида кўзингизни улардан кофирлар тарафига бурманг! Биз қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйган ва хожасининг тоатидан хоҳиш-ҳавосини афзал билган, қилган барча ишлари зое ва бекор кетган кимсаларга итоат қилманг!” (Каҳф, 28).

Каҳф сурасидаги мазкур оятлар биринчи мусулмон жамиятининг айрим сифатларини баён этди. Ана шундай сифатларнинг энг муҳимлари қуйидагилардир:

а) “Сабр-тоқатли бўлинг!”

Сабр калимаси Қуръони каримда ва ҳадисларда жуда кўп келган. Сабр зиёндан нажот топувчи жамоанинг тўрт сифатидан биридир:

Замонга қасамки, одамзод зиёндадир. Фақат Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақни маҳкам ушлашни ва сабрли бўлишни тавсия қилган кишилар бундан мустаснодирлар” (“Аср” сураси).

Аллоҳ таоло барча инсонларни зиёнда деб, мазкур тўрт сифатга эга бўлганларни ундан истисно қилди:

  • Аллоҳга иймон келтириш;

  • Солиҳ амал қилиш;

  • Ҳаққа тавсия этиш;

  • Сабрга чорлаш.

Чунки инсон мазкур сифатларни ўзида мужассам этиш билан нажотга эришади. Аллоҳга иймон келтирса, солиҳ амал қилса, бошқаларни ҳам ҳаққа чақирса, сабрга чорласа, зиммасидаги Аллоҳнинг ҳақларини ҳам, бандаларнинг ҳақларини ҳам адо этган бўлади. Сабрга буюриш ўта зарур ишдир. Иймон келтириш, солиҳ амал қилиш, ҳақда собитқадам бўлиш ва адолат билан иш тутиш шахсга ҳам, жамоага ҳам оғир бўлган ишлардандир. Бу жуда ҳам катта сабрни талаб қилади. Аввало нафсга қарши курашда, кейин бошқаларга қарши курашда сабр қилиш керак. Бу йўлда чекиладиган азият ва машаққатларга, ботилнинг ҳаддан ошишига, ёмонликнинг кеккайишига, йўлнинг узоқлигига, оғир босқичнинг узоқ давом этишига, йўл белгилари ўчириб ташланиб, манзилга етиб олиш қийин кечишига сабр қилиш лозим[2].

 б) Аллоҳга кўп дуо қилиб ёлвориш

Бу Аллоҳ таолонинг “Рабларига эртаю кеч дуо-ибодат қиладиган” деган оятидан маълум бўлади. Дуонинг эшиги каттадир. Агар банда у эшикни оча билса, яхшилик ва баракотларга кўмилиб кетиши аниқ. Аллоҳга дуо қилиб, Унга қаттиқ боғланиш билан рисолат ғамини кўтара оладиган, омонатни адо эта оладиган шахслар тарбияланмоғи лозим. Чунки дуо ғалабанинг энг катта ва кучли омилидир[3].

в) Ихлос

Ихлос мазкур оятдаги: “Аллоҳнинг юзини истаб” деган сўзлардан маълум бўлади. Раббоний шахслар тарбия этилар экан, бу тарбия остидаги мусулмон кишининг барча гап-сўзи, иш-феъли, жиҳоди холис Аллоҳ учун бўлмоғи зарур. У барча амалини фойда кўриш, обрў-эътибор қозониш, фалон номга эга бўлиш ёки қандайдир пешқадамлик ва устунликни қўлга киритиш учун эмас, балки фақат савоб умидида қилиши керак. Токи ақидани ва раббоний манҳажни қўриқлайдиган аскар бўлсин. Унинг юриш-туришида қуйидаги оят кўринсин:

“(Эй Пайғамбар, мушрикларга) айтинг: “Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим ҳам, ҳаётим ҳам, мамотим ҳам бутун оламлар Рабби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир. Мен шундай (холис тавҳидга) буюрилдим. Мен мусулмонларнинг энг аввалидирман” (Анъом, 162).

г) Собитқадамлик

Собитқадамлик оятдаги қуйидаги сўзлардан олинади:

“(Эй Пайғамбар), Бу дунёнинг зеб-зийнатларидан ҳузурланиш истагида кўзингизни мўминлардан кофирлар тарафига бурманг!” (Каҳф, 28).

Бу собитқадамлик бошқа кўп собитқадамликларнинг бир бўлагидир.  Раббоний даъватчида шундай сифат топилиши зарур. Аллоҳ таоло айтади:

Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилган мард кишилар бўлди. Улардан баъзилари назрига вафо қилиб, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлди ёки аҳдига содиқлик ва вафодорликда вафот этди. Баъзилари эса икки яхшиликдан бирини: ғалаба ё шаҳидликни кутиб яшамоқда. Улар Аллоҳга берган аҳдларини ўзгартирмадилар”. (Аҳзоб, 23).

Мазкур оятда учта сифат – иймон, мардлик ва содиқлик зикр этилди. Бу уч сифат ҳақ йўлда собитқадам бўлиш учун жуда муҳимдир. Зеро, иймон олий қадриятларни маҳкам тутишга ва улардан айрилмасликка чорлайди, уларни асраш йўлида жонни қурбон қилишга ундайди. Мардлик инсонни шу мақсад йўлида ҳаракатга туширади. Уни майда ва арзимас ишлар билан ўралашиб қолишига йўл қўймайди, балки доим юксак ғоялар сари интилтиради. Содиқлик йўлни ўзгартиришга, ортга қайтишга ёки мақсадни алмаштиришга йўл қўймайди. Бинобарин, бу сифатлар инсонда ўзгармас собитқадамликни пайдо қилади. Гарчи боши узра қилич яланғочланса ҳам, дор остига олиб келинса ҳам, мол-дунё ёки гўзал аёллар ваъда этилса ҳам танлаган йўлидан қайтмайди.

Шубҳасиз, даъватни зиммага олиш, давлат қуриш ва маданият барпо этиш учун тайёрланадиган кадрлар юксак мақсад, олий ғоя ва гўзал қадриятларни рўёбга чиқариш учун саботли бўлишлари зарурдир[4].

Мазкур сифатлар дастлабки мусулмон авлоднинг энг муҳим хусусиятларидан эди.

 

[1] “Давратур-расул фи ат-таквин ила ат-тамкин”, 335-бет.
[2] “Зилол тафсири” 6/3968.
[3] “Фиқҳ ат-тамкин мин ал-қуръон ал-карим”, 221-бет.
[4] “Даъватуллоҳ байна ат-таквин ва ат-тамкин”, Доктор Али Жариша, 91-92 бетлар.

Изоҳ қолдиринг