Намоз: Намозга ният қилиш

0
  1. Сўнг намоз ўқишни ният қилади

Ният намознинг рукни ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, улар ихлос билан ягона Аллоҳга ибодат қилишгагина буюрилдилар» (Баййина, 5). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, амаллар фақат ниятларга боғлиқдир»[1].

Баъзи фуқаҳоларнинг фикрича, намоз дуруст бўлиши учун ният шарт саналади. Бу икки фикр ўртасидаги фарқ шуки, ниятни шарт деганлар фикрига кўра, уни намознинг охирига қадар эслаб туриш лозим бўлса, ниятни рукн деганлар фикрига кўра, уни намознинг бошида бажариш етарли, намоз асносида ёдидан кўтарилса ҳам зарари йўқдир.

Дарҳақиқат, Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мазкур икки фикр ўртасини мувофиқлаштириб бундай дейди: «Тўғрироғи, ниятни бирон амалнинг бошида ёдга олиш рукн бўлса, ўша амал давомида шаръан ниятга зид бўлган бирон ишни қилмаслик шарт саналади»[2].

Ният қалбда бўлади, тилда ният қилиш жоиз эмас. Зеро, тилда ният қилиш бидъат ҳисобланади.

Ният дегани бирон ишни қасд қилиш, унга азм қилиш демакдир. Ким дилида намоз ўқишни қасд қилса, ният қилган бўлади.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Ўқимоқчи бўлган намозини тайин қилиш вожибми?

Мутлақ нафл намозларда шунчаки намоз ўқишни ният қилиш етарлидир. Пешин намозининг суннати каби муайян нафлларда эса, «пешиннинг суннати»ни ўқишни ният қилиш кифоя бўлиб, унинг нафл намоз эканини ният қилиш шарт эмас.

Фарз намозларда пешин ёки аср каби қайси намозлигини тайин қилиш шарт ёки шарт эмаслигида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар фарз намознинг қайси намозлигини тайин қилиш шарт дейишган бўлса, баъзилар мутлақ фарз намозни ният қилиш кифоя, унинг қайси намоз экани намоз вақти билан тайин бўлади, дейишган. Инсон пешин намози учун таҳорат олиб, ният қилиб намоз ўқиса, ўқиётган намозининг пешин, аср ёки бошқа бирон фарз намоз эканини эслаш ёдидан кўтарилса, намози дуруст бўлаверади. Ўқиган намози ўша вақтнинг фарзи бўлган пешин намозига ҳисобланади.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менинг наздимдаги тўғрироқ фикрга кўра, фарз намознинг қайси намоз эканини тайин қилиш шарт эмас, балки у вақтга қараб тайин бўлаверади»[3].

Шунингдек, намознинг фарз, (ўз вақтида ўқилаётган) адо ёки қазо намоз эканини ёки унинг қайтадан ўқилаётганини тайин қилиш ҳам шарт эмас.

  1. Ният қатъий бўлиши вожибдир. Намоз мобайнида ниятни бузишни ният қилса, намози ботил бўлади. Бу шофеий, моликий ва ҳанбалий мазҳабининг фикридир. Бироқ ниятини бузишга иккиланса, масалан, намоз ўқиётганида биров чақириб қолса-ю, намоздан чиқиш-чиқмаслик борасида иккиланса, тўғрироқ фикрга кўра, намози бузилмайди. Намозда ниятини бузишга қатъий азм қилсагина намози ботил бўлади.

  2. Намозда уни бузадиган бирон амални қилишга азм қилса, масалан, еб-ичиш, гапириш ёки шунга ўхшаш ишларга азм қилса ёки намоздан чиқишини бирон шартга боғлиқ қилса, тўғрироқ фикрга кўра, мазкур ишларга шунчаки азм қилиш билан намоз ботил бўлмайди. Чунки намознинг ботил бўлиши намозни бузувчи мазкур ишларга азм қилишга эмас, балки улардан бирини қилишга боғлиқдир.

Ушбу мулоҳаза билан ундан олдинги мулоҳаза ўртасидаги фарқ шундаки, буниси намоздаги хатти-ҳаракатларга боғлиқ бўлса, олдингиси ниятга боғлиқ.

  1. Ниятни ўзгартириш. Намоз асносида ниятни ўзгартиришнинг, яъни ният қилган намозидан бошқа намозни ният қилишнинг учта ҳолати бор:

  • 1) Инсон намоз асносида бошқа фарз намозни ният қилса, масалан, пешинга қилган ниятини асрга ўзгартирса, мазкур ҳолатда ниятни бузгани учун пешин намози ботил бўлади, бошидан ният қилмагани учун аср намози ҳам дуруст бўлмайди.

  • 2) Бирон муайян нафл (суннат) намоз ўқиб турган жойида бошқа муайян нафлни ният қилса, масалан, хуфтоннинг суннатини ният қилиб ўқиб турган жойида витрни ният қилса, биринчи ҳолатда айтилган сабабларга кўра, ҳар икки намоз ҳам дуруст бўлмайди.

  • 3) Бирон муайян фарз ёки муайян нафл намозни ният қилиб намоз ўқиётганида бошқа бирон мутлақ нафлни ният қилса, Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ бундай қилиш дурустлигини тўғрироқ деб билади. Шайх бунинг сабабини тушунтирар экан, бундай дейди: «Чунки муайян намозни ният қилиш иккита ниятни: мутлақ ва муайян ниятни ўз ичига олади. Муайян ниятни ботилга чиқариш мутлақ ниятга путур етказмайди»[4]. Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ «мутлақ ният» деганда мутлақ – ҳар қандай намоз ўқишни ният қилишни, «муайян ният» деганда эса, пешин, аср, витр ва ҳоказо муайян намоз ўқишни ният қилишни назарда тутган.

[1] Бухорий  (1), Муслим (1907), Абу Довуд (2201), Термизий (1647), Насоий (1/58) ривоят қилишган.
[2] «Фатҳ ал-Борий», 1/13-бет.
[3] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 2/287-бет.
[4] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 2/197-198-бетлар.

Изоҳ қолдиринг