Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холиддан сўнг Мусанно ибн Ҳорисанинг Ироқдаги фаолияти

0

Мусанно жасур, баҳодир, ўта фаол ва ғайратли инсон, омадли қўмондон эди. Фаҳм-фаросати ўткир эди. Ақидасига садоқатли, иймони кучли, Аллоҳга ишончи ва суяниши мустаҳкам эди. Узоқни кўра биларди. Кўпчилик манфаатини шахсий манфаатидан устун қўярди. Оғир-енгил кунларда одамларидан ажралмасди. Тез ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятига эга эди, энг оғир ва хатарли вазиятларда барча масъулиятни ўз зиммасига оладиган кучли ва метин ирода соҳиби эди. У одамларига, одамлари унга чексиз ишонар, уларни яхши кўрар, улар ҳам уни беҳад яхши кўришар эди. Кучли шахсият эгаси эди, Умар ибн Хатттоб  у ҳақда айтганидек: «Ўзини амир қилдирган» инсон эди[1]. Уруш қийинчиликларига ўта сабрли, жанг майдонларида душманга доим биринчи бўлиб ҳужум қилар, охирги бўлиб майдондан чиқар эди. Ироқ минтақаларини яхши биларди, форсларга қарши журъатли, тез ҳаракат қилувчи, тўғри тадбирлар олувчи эди. Мусулмон бўлганидан сўнг форсларга қарши илк уруш бошлаган ва бошқа мусулмонларни ҳам уларга қарши урушга тарғиб қилган у эди. Ироқ урушларида у каби меҳнат-машаққат чеккан одам бўлмади, дейилса муболаға бўлмайди. Мусулмонларнинг маънавий куч-қувватларини юксалтирган ва форсларнинг маънавий кучларини парчалаб ташлаган ҳам у бўлди. Мусанно форс аскарларини сифатлаб шундай деганди:  «Жоҳилият даврида ҳам, Исломда ҳам араблар ва ажамлар билан урушдим. Қасамки, жоҳилиятда юзта ажам менга мингта арабдан кучли туюларди, бугун юзта араб (яъни мусулмон) менга мингта ажамдан кучли кўринади. Шубҳасиз, Аллоҳ уларнинг куч-қувватини синдирди, макр-ҳийлаларини бўшаштирди. Сиз кўриб турган уларнинг дабдабали ҳаёти, сонларининг кўплиги, катта камонлари ва узун ўқлари сизларни қўрқитмасин. Ўша қуроллари бўлмаса улар қаерга ҳайдасанг бўйин эгиб кетаверадиган ҳайвонлардек заиф бўлиб қолишади»[2].

Абу Бакр Сиддиқнинг Мусаннони Ироққа амир этиб тайинлаши ғоят ўринли қарор бўлди. Бу унинг инсонларнинг қобилиятларини ва яширин қирраларини яхши билишини кўрсатади.

Холид ибн Валид қўшин билан Шомга йўл оларкан, Мусанно уни кузатгани чиқди. Айрилар эканлар, Холид унга: «Энди ортга қайт ва ўз вазифангни нуқсонсиз бажаришга кириш, сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деди.

Холиддан сўнг Мусанно Ироқни идора этишга киришди. Форс шоҳи Холиднинг жўнаб кетганини эшитгач, Ҳурмуз Жозавайҳ қўмондонлигида бир неча минг аскар ҳозирлади ва Мусаннога қуйидагича таҳдидли ва беписанд мактуб йўллади: «Мен сизларга қарши форс халқининг энг ваҳшийларидан тузилган бир қўшин юбормоқдаман. Улар товуқбоқар ва тўнғизбоқарлардан ташкил топган. Сенга ўшалар кифоя қилади».

Мусанно унинг ҳақоратли мактубига ақл-фаросат ва оғир-босиқлик билан жавоб ёзиб юборди, бу мажусийга жавобида ўзининг ундан қўрқмаслигини ҳам кўрсатиб қўйди.  У шундай деди: «Билишимча, сен икки кишидан бирисан. Ё зўравон боғийсан, бу эса сен учун ёмон, биз учун яхши. Ё эса ёлғончи каззобсан. Каззобларнинг Аллоҳ ҳузурида ва одамлар наздида энг қаттиқ жазога ва шармандали азобга тутиладигани подшоҳлардир. Товуқбоқар ва чўчқабоқарлар ҳақидаги гапингга жавоб шуки, фикримизча сен шунга мажбур бўлгансан ва кунинг ўшаларга қолган. Сенинг кунингни товуқбоқар ва чўчқабоқарларга қолдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин»[3].

Форс аҳолиси бу мактубдан жазавага тушди ва подшоҳларидан норози бўлиб, мактубида ёзган гаплари учун уни маломат қилди.

Мусанно қўшини билан Ҳийрадан Бобилга йўл олди ва Сарот дарёси яқинида форслар билан тўқнашди. Ўртада шиддатли уруш бўлди. Форслар мусулмонларни эзиб-янчиб, тирқиратиб ташлаш учун отлиқлар ичида бир филни юбордилар. Мусулмонлар амири Мусанно ибн Ҳориса бир неча баҳодир жангчилари билан филга ҳужум қилиб, уни ўлдирди. Сўнг унинг буйруғи билан мусулмонлар ҳамла қилиб, форсларни чекинишга мажбур этдилар. Ортларидан қувиб, кўплаб аскарларини ўлдирдилар, саноқсиз ғаниматларга эга бўлдилар. Форслар қочиб, пойтахт Мадоинга етиб борганларида у ерда Кисро Шаҳрборознинг вафоти устидан чиқдилар. Кисронинг ўлими форс ўлкаларини беқарорлик гирдобига туширди. Мусанно душманни таъқиб этиб, Мадоин дарвозаларигача етиб борди.

Сўнг Абу Бакрга форслар устидан қозонилган ғалаба хабарини ёзиб юборди, мактубида аввал муртад бўлиб, кейин тавба қилган кишилар ёрдамидан фойдаланишга ундан изн сўради. Лекин Абу Бакрдан ҳадеганда жавоб келавермади. Абу Бакр Сиддиқ Шомдаги урушлар ва ҳодисалар билан ўта машғул бўлганидан унга жавоб йўллашни кечиктириб юборди. Шундан сўнг Мусанно ўзи Сиддиқ ҳузурига йўл олди. Ироққа Башир ибн Хасосияни, Масолиҳга Саид ибн Мурра Ижлийни бош қилиб қолдирди[4].

Мадинага етиб борганида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу хасталаниб, ўлим тўшагида ётган экан. Абу Бакр уни қабул қилиб, сўзларини тинглади ва фикрлари тўғрилигига қаноат ҳосил қилди. Сўнг Умар ибн Хаттобни чорлаб, унга деди: «Эй Умар, сўзларимга қулоқ тутинг ва уларни амалга оширинг. Мен бугун вафот этсам керак, деб умид қиляпман. Мен ўлсам, оқшомга қолдирмай одамларни Мусанно қўшинида урушиш учун жангга сафарбар этинг. Мусибат ҳар қанча катта бўлмасин, сизларни дин ишидан ва Раббингизнинг амридан машғул қилиб қўймасин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган паллаларда нима қилганимни кўргансиз, одамлар учун ундан ортиқ мусибат бўлмаган… Агар Аллоҳ Шомдаги амирларга фатҳни насиб этса, Холиднинг асҳобларини Ироққа қайтаринг, улар унинг аҳли ва амирларидир. Улар у ерда қандай жанг олиб боришни яхши биладилар»[5].

 

[1] «Ал-ҳарб ан-нафсия», 2/164.
[2] «Ал-ҳарб ан-нафсия», 2/168.
[3] Ибн Асир, «Ал-комил», 2/73.
[4] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 7/18.
[5] Ибн Асир, «Ал-комил», 2/74.

Изоҳ қолдиринг