Намоз: Такбири таҳрима

0
  1. Такбири таҳримани айтмоқ

Такбири таҳримани айтмоқ намоз рукнларидан биридир, усиз намоз дуруст бўлмайди. Бу жумҳур уламоларнинг фикридир. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Намознинг калити таҳорат, намозга такбир билан кирилиб, салом билан чиқилади»[1]. «Намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»да Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намоз ўқиш учун турсанг, такбир айт» (Муттафақун алайҳ). Рифоа ибн Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бирон инсон токи ҳар бир аъзони маромига етказиб ювиб, мукаммал таҳорат олмагунча, сўнг такбир айтмагунча намози тўлиқ бўлмайди»[2].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Инсон такбири таҳримани тик туриб, қаддини ростлаган ҳолда айтиши вожиб бўлади. Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турсалар қадларини ростлаб турар, қўлларини кўтариб: «Аллоҳу акбар», дер эдилар»[3], дейилади.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар такбири таҳриманинг бирон ҳарфини бўлса-да қиёмдан бошқа ерда айтса, намознинг фарзга ўтмаслигида уламолар ўртасида хилоф йўқ»[4]. Нававий сўнг бундай намознинг нафлга ўтиш-ўтмаслиги хусусидаги ихтилофни зикр қилади.

  1. Такбири таҳримада албатта «Аллоҳу акбар» лафзини айтиш лозим бўлади, «Аллоҳу аъзам» ва «Аллоҳу ажалл» каби лафзлар маънода унга яқин бўлса-да, унинг ўрнига ўтмайди. Такбири таҳримада «Аллоҳу ал-акбар» деб айтиш дуруст ёки дуруст эмаслигида хилоф бор[5]. Агар инсоннинг арабчага ҳеч тили келишмаса, «Аллоҳдан қодир бўлганингизча тақво қилинг» (Тағобун, 16) оятига кўра, такбирни ўз она тилида айтиши жоиздир.

  2. Такбири таҳримани тилда айтиш шарт, шунчаки дилдан ўтказиш кифоя қилмайди. Агар инсон ёлғиз намоз ўқиса ёки муқтадий бўлса, тўғрироқ фикрга кўра, такбирни овоз чиқариб айтиши ёки ўзига эшиттирадиган тарзда айтиши шарт эмас, балки уни нутқ қилганда лабнинг қимирлаши етарлидир. Агар имом бўлса, орқасидаги муқтадийларга эшиттириши вожиб, овози паст бўлса, муқтадийлардан бири бошқаларга эшиттириб туради. Зеро, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал ҳолатларида одамларга имом бўлиб намоз ўқидилар, Абу Бакр уларга такбирни эшиттириб турди»[6].

  3. Такбирни мукаммал кўринишда нутқ қилиш лозим. Уни «Аллоҳу ва акбар», «Аллоҳу акбор» ёки «Аллоҳу ачбар» каби нотўғри талаффуз қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, такбир айтганда «Аллоҳ» лафзини ҳаддан ташқари чўзиб талаффуз қилиш макруҳ саналади, валлоҳу аълам.

  4. Имом такбирни айтиб бўлмагунча муқтадий айтмай туради.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муқтадий имомдан олдин такбир айтса, ҳисобга ўтмайди. Мазкур ҳолатда у имомнинг такбиридан сўнг бошқатдан такбир айтиши лозим»[7]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Имом унга эргашиш учун имом қилинган. Агар у такбир айтса, ортидан такбир айтинглар…»[8], деган сўзлари шуни кўрсатади.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (61, 618), Термизий (3), Ибн Можа (275), Аҳмад (1/123) ривояти.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (859), Термизий (302), Насоий (1/161), Ҳоким (1/242), Аҳмад (4/340) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (730), Термизий (304), Насоий (3/34), Ибн Можа (1061), Бухорий («Рафъ ал-ядайн жузъи»да) ривоят қилишган.
[4] «Ал-мажмуъ», 3/296-бет.
[5] Тўғрироқ фикрга кўра, «Аллоҳу акбар» лафзидан бошқасини айтмаслик афзал. Чунки ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнгра: «Аллоҳу акбар, деб айт», деганлар.
[6] Муслим (413), Абу Довуд (606), Ибн Можа (1232) Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Шунга ўхшаш ҳадис «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами» ва бошқа ҳадис китобларида Ойша разияллоҳу анҳодан ҳам ривоят қилинган.
[7] «Ал-муғний», 1/464-бет.
[8] Бухорий (805), Муслим (411), Насоий (361), Ибн Можа (1238) Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг