Фарзанд тарбиясидаги хатолар (12): Болаларни ёлғончи қилиш йўллари

0

Фарзандингиз олдида ёлғон гапиришдан тортинманг. Бирон ножўя иш қилиб қўйганда айбини бўйнига олиб, кечирим сўраса, кечириш ўрнига калтак билан таъзирини беринг. Дарсларини тайёрламаса, ўқитувчисига бирон баҳона ўйлаб топишини маслаҳат беринг. Ёлғон гапирганини билсангиз ҳам билмаганга олиб, болаликда бўлиб туради, денг.

Қурумсоқлиги ва ғалати қилиқлари билан танилган бир хотин бор эди. Ўзи қўшниларникига боришни канда қилмаса ҳам меҳмон кутишни ёқтирмасди. Қўшниларига тилининг учида: “Сизлар ҳам бизникига ўтинглар”, деб қўярди. Эшик қоқиб келганларни кичик ўғли орқали қайтариб юборарди. Ўғлига шундай дер эди: “Ўғлим, эшикка қарачи, ким келибди. Агар қўшни хотинлардан бири бўлса, онам уйда йўқ, бозорга кетган, дегин. Агар тиланчи бўлса, биз ҳам ночормиз, ейишга нонимиз ҳам йўқ, дегин”.

Бу қурумсоқ хотин ёлғончилигидан ташқари ўта ишёқмас, дангаса ҳам эди. Уйқуга ружу қўйган, рўзғор ишларини қилишни жини суймас эди. Ошхонасида бир ҳафтадан буён ювилмаган идишлар қалашиб ётарди. Кирларни тўплаб-тўплаб, бир ойда бир юварди. Эрига ортиқча совун-сода сарфламаслик учун шундай қилаётганини айтарди. Уйқуси қаттиқ бўлганидан эрталаблари кўпинча кеч турар, ўғлини мактабга жўнатмай қўяқолар ва шундай дер эди: “Эртага мактабга борганингда ўқитувчинг кеча нега келмадинг деса, “касал” эдим, дейсан”.

“Ўхшатмасдан учратмас” деганларидек, бу хотиннинг эри ҳам ёлғончилик ва қурумсоқликда хотинидан қолишмасди. Хотини ва боласининг харажатларига пул бермаслик учун “Бугун пул тополмадим”, дерди. Бола отасидан пул олиш учун соатларча ялинса, отаси пул бермаслик учун минг турли баҳона тўқирди. Охири беришга рози бўлар, “Ол шу пулни, лекин онангга менинг берганимни айтма, йўлдан топиб олдим, де ёки бирон нарса ўйлаб топ”, дерди.

Бола отасидан осонликча пул ундириш учун ёлғон гапиришга ўтди. Бир сафар “мактабимиздан таълим тизимига ўз ҳиссамизни қўшар эканмиз”, деса, бошқа сафар “зилзила натижасида бошпанасиз қолганларга пул йиғиляпти”, деб отасидан пул ундирадиган бўлди. Эскирган ёлғонлар ўрнига янги, “теша тегмаган” ёлғонларни ўйлаб топарди. Бола ёлғон гапиришда шу даражага етгандики, отаси унинг қайси гапи тўғри, қайсиниси ёлғонлигини билолмай ҳайрон эди. Энди унга умуман ишонмайдиган бўлиб, пул бермай қўйганди.

Ёлғонлари иш бермай қўйгач, бола энди отасининг ҳамёнидан пул ўғирлашни бошлади. Еган калтаклари уни йўлга солишга етмади. Бола улғайган сари ёлғончилик ва ўғриликдан ташқари бошқа ёмон ахлоқларни ҳам орттириб борди. Мактабдан қочиб, кино ва ўйингоҳларга борарди. Вақти келиб, ёмон ўртоқлар орттириб, қимор ўйнашга одатланди. Қиморга пул топиш учун уйдан қимматбаҳо тақинчоқларни ўғирлаб, сотишни бошлади. Вазиятдан хабар топган ота бир куни кечки овқатда ўғлига қараб шундай деди: “Бу уйда бир ўғри бор, лекин бир куни қўлга тушади. Ўшанда кўз ёшига қарамай, боплаб таъзирини бераман”. Йигитча бу таҳдидга парво ҳам қилмади. Овқатдан кейин отасини бир чекага тортиб, “Ўғрининг ким эканини ростдан ҳам билмоқчимисиз?” деди. Ота ўғлига ишонмаган ҳолда сўради: “Қани, қулоғим сенда, ким экан ўша ўғри? Агар ёлғон гапирсанг, билиб қўй, аямайман!”

Йигитча хомуш, маъсум бир оҳангда: “Уйдаги ўғри, минг афсус, жуда ишонган хизматчингиздир. Қиморга одатланганини айтишяпти. Тунов куни бир ўртоғим уни бир тилла билакузукни заргарга сотаётганини кўрибди”, деди. Отаси бу гапларни эшитиб, асаби ўйнаб, тепа сочи тикка бўлди, ўйлаб ўтирмай хизматчини чақирди. “Агар айбингга иқрор бўлсанг, бугунгача қилган меҳнатинг ҳаққи ҳурмати сени судга бермайман”, деди. Кекса хизматчи қулоқларига ишонмади. “Нима гуноҳ қилибман хўжайин? Нима ҳақида гапиряпсиз, тушунмадим?” деди. “Нима ҳақида гапираётганимни жуда яхши билиб турибсан. Уйдаги тилла билакузук, тилла тақинчоқ, қадимий ноёб чўнтак соати каби қимматбаҳо нарсалар йўқоляпти”, деди.

Хизматчи юзига тарсаки тортилгандай сесканиб кетди. “Сиз нима деётганингизни биласизми? Бугунгача чиқинди-ахлатингизга бўлса ҳам тегинганимни кўрдингизми? Мендан қандай шубҳа қиласиз? Аллоҳдан қўрқинг!” деди.

Хизматчининг бу гаплари отанинг ғурурига тегиб кетди. “Ортиқ бу уйда бир дақиқа ҳам қололмайсан. Ашқал-дашқалингни тўпла-да, кўзимга кўринма!” ўшқирди унга. Кекса хизматчи уйни тарк қилар экан хўжайиндан сўради: “Уйдан қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаганимни ўғлингиз айтдими?” У ўғлига ишонмасада унинг бу саволидан жаҳли чиқди: “Ким айтса айтди, сенга ҳисоб бераманми?!” деди. Хизматчи бошқа чидолмади. “Бекорга менга зулм қиляпсиз, мени уйингиздан ҳайдаганингиз билан қийматли нарсалар йўқолишига чек қўёлмайсиз. Чунки ҳақиқий ўғри — ўғлингиздир. Мени ноҳақ айблаганингиз, менга туҳмат қилганингиз учун сизни судга бераман”, деди.

Хизматчи айтганини қилди. Хўжайинини судга берди. Ноҳақ айблагани учун маънавий зарар етказиш даъвосини очди. Ота ўғлига ишониб катта хато қилганини англаган, фақат бўлар иш бўлганди. Айбини исботлай олмагани учун хизматчига катта миқдорда маънавий зарар тўловини тўлашга мажбур бўлди. Йигитча эса қимордаги қарзлари туфайли бўйнигача қарзга ботганди. Уйларида қийматли нарсалар қолмагач, қўшниларникига ўғирликка киришни бошлади. Қаерда бир жиноят содир бўлса, жиноятчилар орасида унинг номи ҳам чиқарди. Қилган жиноятлари сабабли мактабдан ҳам ҳайдалди.

Ота ўғлининг зарарлари ва қарзларини тўлай-тўлай ҳеч вақоси қолмади. Келиб-кетувчиларга дардини айтарди: “Аллоҳ менга нимага бундай фарзанд берди, билмайман. Қилмаган жинояти қолмади. Уйимни талон-тарож қилди. Уни деб шу ҳолга тушдим”. Бу отани эшитганлар унга ачинар, ахлоқсиз болани айблар эдилар. Бироқ улар билмайдиган бир ҳақиқат бор эди: “Болани бу ҳолга келтирган ота-онасининг ўзлари эди…”.

***

Кичик Зарина сувсади. Отасининг столи устидаги сув солинган графиндан сув ичмоқчи бўлди. Столга яқинлашди, баногоҳ графин устига қўниб турган бир пашшага кўзи тушди. Пашшани ҳайдайман деб қўлини силкитган эди, қўли графинга тегиб кетди. Графин ерга тушиб, чилпарчин бўлди. Шиша синиқлари ва сув атрофга сочилиб кетди. Зарина қўрқувдан нима қилишини билолмай қолди. Энг яхшиси отасини топиб, бор гаини айтиш эди. У шундай қилди. Ташқарига чиқди, томорқада ишлаётган отасининг олдига келди. Йиғлаган ҳолда:

– Дадажон, илтимос мени кечиринг, – деди.

Отаси қўлидаги кетмонни ерга қўйди ва дарғазаб бир овозда:

– Қани гапир, яна нима иш қилдинг?

Кичик Зарина ҳиққилаганича:

– Атайлаб қилмадим, столингиздаги графиндан сув ичмоқчи эдим…

Ота қизчанинг гапини тугатишини кутмасдан бақирди:

– Биллур графинни синдирдинг, шундайми? Бесўнақай бола! Уни неча пулга олганимни биласанми ўзи?!

– Дадажон, қасам ичишим мумкин, атайлаб қилмадим. Устидаги пашшани ҳайдашга ҳаракат қиларкан…

– Атайлаб қилмаганмиш! Йиғлаб калтакдан қутулишни ўйладингми? Сен ҳозир мендан кўрасан!

Шафқатдан бенасиб бўлган бу ота қўлига илинган бир чўпак билан қизини уришни бошлади.

– Қани айтчи, яна бир марта менинг нарсаларимга қўлингни теккизасанми?

– Дадажон, жон дадажон, урманг! Қасам ичаман, бошқа сиздан берухсат хонангизга кирмайман.

Ўша кундан кейин кичик Заринанинг отасига меҳр билан қараганини кўрган бўлмади. Отасининг кўзларига кўзи тушиб қолмаслик учун кўзларини бошқа тарафга олиб қочарди. Орадан ойлар ўтди, бир куни уй вазифаларини қилар экан энциклопедия керак бўлиб қолди. Китобнинг бешинчи жилдидан маълумотни ёзиб оларкан қўлидан тушиб кетди. Уни ушлаб қоламан дея тутган саҳифаси йиртилди. Китобнинг йиртилганини кўрса, отасидан калтак ейиши аниқ эди. Йиртилган саҳифани ахлатга ташлади. Ҳеч нарса бўлмагандай китобни жавонга қўйди.

Орадан узун вақт ўтди. Отаси бошқотирма ечаркан бир сўзни топиш учун энциклопедияни титишга тушди. Қидирган сўзи бешинчи жилдда эди. Китобни варақлар экан бир саҳифасини йиртилганини кўрди. Дарров Заринани чақирди:

– Қани гапир, бу саҳифани сен йиртдингми?

Зарина уялганидан қулоқларигача қизариб кетди. Бир неча ой олдин графинни синдиргани учун еган калтагини эслади. Таёқ емаслик учун ёлғон гапиришдан бошқа чораси йўқ эди.

– Йўқ, дадажон, мен йиртмадим, – деди.

Отаси яна бир бор сўради:

– Тўғрисини айт, бу китобни сен йиртдингми?

– Рост гапиряпман, мен йиртмадим.

Отаси бошқа сўрамади. “Бу саҳифа ўзидан-ўзи қандай йиртилади”, деб минғиллади. Шундай қилиб Зарина калтакдан қутулиб қолди. Бундан кейин бирон ножўя иш қилиб қўйса, ёлғон гапириб, инкор қилди ва калтакдан қутулди. Энди у ёлғон гапиришда устаси фаранг бўлган эди…

***

Фарида деган содда бир хотин бор эди. Бозорга бормоқчи бўлса ёки қўшниларникига чиқмоқчи бўлса, болаларига қайта-қайта тайинларди: “Мен қайтиб келгунимча кўчага чиқманглар, ақлли бўлиб уйда ўтиринглар!” Аслида болаларини бу буйруғига риоя қилмаслигини ўзи ҳам яхши биларди. “Ҳеч бўлмаса, қайтиб келганимда уларни уйда кўраман”, деб ўйларди.

Оналари кетар-кетмас болалар кўчага отилар, хоҳлаганларича ўйнагандан кейин, оналари қайтадиган пайтни пойлаб уйга келишарди. Болаларини уйда жимгина ўтирганини кўрган она уларни кўчага чиққанларини билмасликка олар ва уларни мақтаб: “Офарин, менинг айтганни қиладиган болаларим, оналарини айтганини қилиб, уйдан чиқмай, ақлли бола бўлиб ўтирганига қаранг”, дерди. Болалар эса бир-бирларига қараб қиқир-қиқир кулишарди. Ёлғон гапиришга энг кўп одатланган тўнғич ўғил онаси кутган жавобни берарди: “Ҳа онажон, биз ақлли болалармиз. Ташқарига умуман чиқмадик, тўполон қилмадик, уйда ўтириб сизни кутдик”. Ҳолбуки, югуравериб терлаган, шолғомдай қизариб кетган юзларидан кўча чангитиб келишгани шундоққина кўриниб турарди. Уст-бошларинику гапирмасангиз ҳам бўлаверади.

Онасининг қўллови билан ёлғонга одатланган болалар бошқа масалаларда ҳам ёлғон гапиришни бошладилар: “Йўқ онажон, биз ақлли болалармиз, косани биз синдирмадик, мушугимиз синдирган бўлиши керак. Меҳмонлар учун пиширган пирогни ҳам ўша еган…”. Катта бўлган сари ёлғон гапиришда шу қадар илғорлаб кетишдики, оналарини қўғирчоқдек ўйнатардилар. Она уларни ёлғонга ўргатиб қўйганига минг пушаймон бўлар, лекин бўлган иш бўлиб бўлган, пушаймонлик фойда бермасди…

***

Сардор дангаса ва уйқучи бола эди. Мактабдан келар-келмас, сумкасини бир бурчакка отиб, ўзи кўчага учиб чиқиб кетганича кун қорайгунга қадар ўзига ўхшаган болалар билан ўйнарди. Уйга келганда чарчаб, ҳолдан тойган бўларди. Кечки овқатни ер экан кўзлари уйқудан сузилиб бошларди. Овқатдан кейин дарс қилмай, тўғри тушакка ётарди.

Эрталаблари бу ялқов болани уйғотиш амри маҳол эди, онаси уйғотаман деб эси кетар, ялиниб-ёлвориб безор бўларди. Онаси ялинган сари Сардор кўрпани бошига ёпиб олиб ухлашда давом этарди. Бир куни яна бошига кўрпани ёпиб олгани учун терлаб кетганди. Она эса бекорга ялинарди: “Турақол, асал ўғлим, мактабга кеч қоляпсан…”, дерди. Сардор ўзини эшитмаганга солиб, ухлашда давом этарди. Она қўлини унинг пешонасига қўйди: “Вой ўлмасам, болам терлабди-ку, ҳарорати ҳам бор!”, деб ташвишланди. Онасининг эътибори Сардорга мойдек ёқиб тушди, бетобдек ингради. Онаси яна ҳам ташвишланди. “Ўғлим, қаеринг оғрияпти, кўзларингни оч”, деди ва ўзининг саволига ўзи жавоб берди: “Ҳа, сен бетобсан. Бугун мактабга боролмайсан”.

Онасининг “Мактабга боролмайсан” деган сўзи Сардорга ёқиб кетди. Синиқ товушда: “Онажон, қорним роса оғрияпти”, деди. Она дарров алданди: “Мен бетоблигингни билувдим ўзи. Оҳ менинг болажоним, вой менинг асал ўғлим, ўрнингдан турмай қимирламай ёт. Сенга ялпизли лимон қайнатаман”. Сардор ўша куни мактабга бормай, маза қилиб ухлади. Онаси овқатини хонасига олиб келди. Бола “касал” бўлиш ўйинини ёқтириб қолди. Дарслари кўп ёки уй вазифаларини қилмаган кунлари бетоблик ролига кирар, кўрпа-тўшак қилиб оларди.

Табеллар бериладиган кун ҳам айни ролни ўйнади. Бетобдай инқиллаб, ётоғидан чиқмади. Табелини олгани онаси борди. Ўқитувчиси уч ва икки баҳоларига тўла табелини бераркан Сардорнинг жуда дангаса ва масъулиятсиз бола эканини, кўп дарс қолдиргани учун синфдан синфга қолганини айтди. Онаси бу гапларни эшитиб, жуда хафа бўлди. “Болам касал бўлгани учун мактабга келолмаганди”, деди. Ўғлини аслида ўзи ғирт ёлғончи қилиб қўйганини англаб етмаганди…

Изоҳ қолдиринг