Дафн қилиш тартиби ҳақида (10)

0

164 – Аёл маййитга тақинчоқларидан тақиб қўйиш

Собиқ Азҳар шайхи Шайх Абдулмажид Салим бошчилигида ташкил этилган қўмита таъкидлашича, «қабрга тўшак солиш, аёл маййитга тақинчоқларидан баъзиларини тақиб қабрга кўмиш бидъатлардандир»[1].

Иордания давлати собиқ муфтийси Шайх Абдуллоҳ ал-Қалқилий қабристондаги бидъатларни санар экан, жумладан бундай дейди: «Бундан ҳам жирканчроғи аёлга тақинчоқларидан тақиб қўйишдир. Бу нодонликдир. Бу иш ўғриларни қабрни очиш ва ўғрилик содир этишга қизиқтиради»[2].

165 – Қабрда кафаннинг тугунларини ечиб қўйиш

Маййит қабрга қўйилганидан кейин кафанининг тугунларини ечиб қўйиш мустаҳабдир. Чунки энди тугунга эҳтиёж йўқ, қабрда кафан ечилиб кетмайди[3]. «Саҳобалар ҳам шундай қилганлар»[4]. «Тугунлар ечилганидан сўнг ўрнида қолади. Тортиб, текислаб қўйилмайди. Балки ўз ҳолича қолдирилади»[5]. Далили Байҳақий ривоят қилган ҳадисдир: «Самура разияллоҳу анҳунинг ўғли вафот этди. (Ровий ҳадисни келтирганидан сўнг айтади:) Кейин Самура деди: “Уни қабрига олиб бор. Лаҳадга қўяётиб: «Бисмиллаҳ ва ала суннати Расулиллаҳ», деб айт. Сўнг боши ва оёқларининг тугунини ечиб қўй”»[6].

Баҳутий деди: «Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Маййитни қабрга қўйсангиз, тугунларини ечиб қўйинг”  (Асрам ривояти)»[7].

Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади: «Маййит қабрга қўйилса, барча тугунлари ечиб қўйилади»[8].

Омир аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳ: «Маййит кафанининг тугунлари ечилади», деган[9].

166 – Қабрда маййитнинг юзини очиб қўйиш

«Қабрда маййитнинг юзини очишга бирор далил борлигини билмаймиз. Балки шаръий далилларнинг зоҳири маййит хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, юзи очилмаслигига далолат қилади. Чунки қоидага кўра, бутун тана ёпилгани каби юзни ҳам ёпиш лозим. Фақат эркак киши эҳромдалик ҳолатида вафот этса, боши ўралмайди, юзи ҳам ёпилмайди»[10].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши эҳромдалик ҳолида туясидан йиқилиб бўйни синди ва вафот этди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни сув ва сидр билан ювинглар, иккала кийимига кафанланглар. Бошини ҳам, юзини ҳам ўраманглар. Зеро, у қиёмат куни талбия айтган ҳолида тирилтирилади”, дедилар»[11].

«Бироқ маййит аёл киши бўлса, гарчи эҳромдалик ҳолатида бўлса ҳам, юзи кафани билан ёпилади. Чунки аёлнинг юзи авратдир»[12]. «Қабрга қўйилганидан кейин аёлнинг юзи очиб қўйилади»[13].

167 – Маййитни қабрга қўйгандан сўнг кафанини йиртиб қўйиш

Маййит қабрга қўйилганидан кейин кафанни йиртиб қўйиш жоиз эмас. «Чунки бу иш исрофдир. Шариат бунга буюрмаган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон бирортангиз биродарини кафанласа, чиройли кафанласин”, деганлар[14]. Кафанни йиртиш эса унга талофат етказиш, чиройини кетказиш саналади»[15].

«Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилинишича, улар маййит қабрга қўйилганидан кейин кафани йиртилишини ёқтирмас эдилар»[16].

Ибн Абу Мусо: «Қабрда кафан йиртилмайди», дейди[17].

[1] Шайх Абдуллоҳ ал-Қалқилий. «Ҳадй ал-Ислом» журнали, Иордания. 3-жилд, 5-сон, 2082-бет, 1958 й.

[2] Аввалги манба, 2083-бет.

[3] Қаранг: «Ал-ум», 2/172; «Ал-ҳидоя шарҳ ал-бидоя», 1/390. Муаллиф: Бурҳониддин Марғиноний (вафоти: 593 ҳ.). Муҳаққиқ: Айман Шаъбон. «Ал-мактаба ат-тавфиқия» нашри, нашр йили ва рақами кўрсатилмаган; «Ал-муқниъ фий шарҳ Мухтасар ал-Хирақий», 2/493. Муаллиф: Абу Али ал-Ҳасан ибн ал-Банно (вафоти: 471 ҳ.). Муҳаққиқ: Абдулазиз ал-Баъиймий. «Мактабат ар-рушд» нашри, биринчи нашр, 1414 ҳ.й.; «Аз-захира», 2/478.

[4] Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/195.

[5] Абдулкарим ал-Хузайр. «Шарҳ ад-дурус ал-муҳимма» (овозли дарслар).

[6] «Ас-сунан ал-кубро», 3/571, 6715-ҳадис.

[7] «Кашшоф ал-қиноъ», 4/112.

[8] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/326, 11791-ҳадис.

[9] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/326, 11792-ҳадис.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/419-420, 5637-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Қўмита яна бундай дейди: «Инсон вафот этганидан кейин бутун танасини ўраш суннатдир. Шунингдек, жасад ювилиб, кафанланганидан кейин ҳам ўралади. Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ушбу ҳадис шуни кўрсатади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида йўл-йўл устки кийимга ўралдилар”. Ҳадисни Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида амалда бўлган ишга таяниб, саҳобалар ҳам шундай йўл тутар эдилар. Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақида у зотнинг аёллари Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам бунга далил бўлади: “Абу Бакр разияллоҳу анҳу Сунҳдаги манзилидан отда келди. Кейин отдан тушиб, масжидга кирди, то Ойша разияллоҳу анҳонинг олдига (яъни унинг уйига) кириб келгунча ҳеч кимга гапирмади. Тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон юрди, у зот йўл-йўл тўн билан ёпиб қўйилган эдилар. Абу Бакр у зотнинг юзларини очди, эгилиб пешоналаридан ўпди ва йиғлади. Кейин бундай деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Аллоҳ сизни икки марта ўлдирмайди. Сизга ёзилган ўлимни эса ўлиб бўлдингиз…»” (Ҳадисни Бухорий ривоят қилган). Ҳадисдаги Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жаноза ўқилишидан илгари у зот ҳали уйларида бўлган ҳолатларида «юзларини очди» деган жойи маййит танасини бошдан-оёқ ўраш, кўзлардан беркитиш лозим эканига далолат қилади. Шунинг учун Нававий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи Муслим» шарҳида бундай дейди: “Маййитни ўраш кераклигига ижмо қилинган. Бундан кўзланган ҳикмат маййит танасини очилиб қолишдан сақлаш, ўлим сабабли ўзгарган суратини кўзлардан яширишдир”.

Бинобарин, саволда сўралганидек, одамлардан ким хоҳласа маййитни кўриб олиши учун маййит юзини маълум муддат очиқ ҳолатда қолдириш бидъат, мусулмонлар ижмосига зид бўлган ишдир. Қолаверса, бу иш маййит борасида ғулувга олиб бориши ёки маййит хунук ҳолатда намоён бўлса айбу нуқсони кўриниб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ маййитнинг яқинлари уни ювишдан олдин ёки кейин одамлар ўпиши ё кўриб олиши учун дафн кечикишига сабаб бўлмайдиган даражада қисқа муддатга маййитнинг юзини очиб қўйишни хоҳлашса, бунинг зарари йўқ. Фақат бунинг учун маййит эркак киши бўлса, уни номаҳрам аёл кўрмаслиги ёки ўпмаслиги, маййит аёл бўлса, фақат унга маҳрам бўлган эркаклар кўриши шарт қилинади. Ойша разияллоҳу анҳонинг юқорида ўтган ҳадиси ва Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадиси бунга далил бўлади: “Отам ўлдирилганида юзидаги кийимни очиб қўйиб йиғлар эдим, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени бундан қайтармас эдилар”. Ҳадисни Имом Аҳмад «Муснад»да, Имом Бухорий муаллақ кўринишда келтирган, Имом Муслим, Насоий, Байҳақий, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ҳам ривоят қилган. Шунингдек, Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Усмон ибн Мазъун вафот этганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг пешонасидан ўпдилар, ҳатто кўз ёшлари юзларини ювиб турганини кўрдим”. Ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган» (Аввалги манба, 7/386-388, 20739-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида).

[11] Ҳадис тахрижи 53-масалада ўтди.

[12] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 13/194.

[13] Шайх Абдураҳмон Саъдий. «Шарҳ умдат ал-аҳком», 1/511.

[14] Муслим ривояти, 943-ҳадис.

[15] «Ал-муғний», 3/434.

[16] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/327, 11796-ҳадис.

[17] «Ал-иршод ила сабил ар-рашод», 118-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг