Қабрни хом ғишт билан ёпиш

0

168 – Қабрни хом ғишт билан ёпиш

Қабрни лойдан бўлган ғишт билан ёпиш суннат эканига жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар[1].

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч парча «саҳл»[2] матосига кафанландилар, у зот учун лаҳад қазилди, лаҳад усти хом ғишт билан ёпилди»[3].

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаҳадга дафн этилдилар, лаҳад усти хом ғишт билан ёпилди ва қабрлари ердан бир қарич атрофида кўтариб қўйилди»[4].

Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу бундай дегани ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинганидек, менга ҳам лаҳад қазинглар, лаҳад устини ғишт билан ёпинглар»[5].

Нававий айтади: «Бу ҳадисдан қабрни лаҳад қилиб ковлаш, кейин уни хом ғишт билан ёпиш мустаҳаб экани, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай қилинганига саҳобалар иттифоқ қилганлари тушунилади. Дарҳақиқат, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига ёпилган ғиштлар сони тўққизта бўлганини хабар берганлар»[6].

Ибн Ҳубайра айтади: «Қабрда хом ғишт ва қамиш ишлатиш мустаҳаб, пишиқ ғишт ва ёғоч ишлатиш макруҳ эканига уламолар ижмо қилганлар»[7].

Хом ғишт девор қилиб ёпилади. «Чунки агар ғиштлар кўндаланг ҳолатда лаҳадга суяб қўйилса, лаҳад ичига қулаб тушиши мумкин»[8].

«Ҳанбал айтади: “Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан: «Хом ғишт бўлмаса нима қилинади?» деб сўрадим. «Қамиш, хас-хашак каби нарсалар билан имкон қадар тўсилади, сўнг устидан тупроқ тортилади», деб жавоб берди”»[9].

Қабрда пишиқ ғиштдан фойдаланиш ҳукми ҳақида «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралганида қуйидагича жавоб берди: «Қабрда пишиқ ғиштдан фойдаланиш саҳобалар разияллоҳу анҳум ва уларга эргашган салафи солиҳлар суннатига зиддир. Пишиқ ғишт сув ва намликка чидамли бўлади, унча-мунчага чиримайди ва ўпирилиб тушмайди, деган иддао тўғри эмас. Чунки у ғиштлар ҳам осонлик билан синиб, парчаланиб кетиши, хоссатан оғир юк ва босимга у қадар бардошли эмаслиги воқеликдан маълум. Қолаверса, пишиқ ғишт хом ғиштга қараганда қимматроқ бўлади ва доим ҳам осонлик билан топилавермайди»[10].

Қўмита яна бундай дейди: «Лаҳад оғзини тўсиш учун цемент ғиштдан кўра лойдан тайёрланган мустаҳкам хом ғиштдан фойдаланиш афзалроқ. Агар хом ғишт топилмаса ёки уни олиб келиш ортиқча харажат талаб қилса, қабрда цемент ғиштдан фойдаланишнинг зарари йўқ. Чунки ундан фойдаланишни ман этадиган бирор далил келмаган»[11].

Шайх Абдуллоҳ ибн Ҳумайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Лаҳадни цемент каби хомашёлар билан тўсишга келсак, кўпчилик аҳли илмлар уни макруҳ деб билган. Оловда пишган ҳар қандай нарсани қабрга киритмаслик афзал саналади. Қабр учун лой, хом ғишт, майда тошлар ва шу каби нарсалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир»[12].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар қабр учун хом ғишт топилмаса, катта тош, тахта, ёғоч ёки маййитни муҳофаза этадиган бошқа бирор нарсадан фойдаланиш вожиб бўлади. Бунда Аллоҳ таолонинг: “Кучингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинг” (Тағобун, 16) ояти ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларни бирор ишга буюрсам, уни қўлингиздан келганича бажаринг[13], деган сўзларига таянилади. Сўнг устидан тупроқ тортилади»[14].

Агар маййитдан тупроқни тўсиш учун хом ғишт, қамиш ёки бошқа бирон нарса топилмаса, «маййит кўмилаверади, гарчи лаҳад ичига тупроқ ўтиб кетса ҳам. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ортиқ нарсани юкламас” (Бақара, 286); “Кучингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинг” (Тағобун, 16), дейди»[15].

[1] Қаранг: Солиҳ Абдуссамеъ ал-Азҳарий. «Ас-самар ад-доний фий тақриб ал-маоний шарҳ рисолат Ибн Аби Зайд ал-Қайравоний», 228-бет. Муҳаққиқ: Яҳё Мурод. «Дор ал-ҳадис» нашриёти, 1428 ҳ.й.; «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/24; «Ал-ҳидоя шарҳ ал-бидоя», 1/390; «Ал-муғний», 3/429.

Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Хом ғишт деганда лойдан узунчоқ қолипга солиб ясаладиган ғишт тушунилади. У билан лаҳад оғзи беркитилади. Эҳтиёж туғилганида тош сингари хом ғишт ўрнини босадиган нарсалар билан ҳам мақсад ҳосил бўлаверади».

[2] Яманликларнинг пахтадан тикилган оқ кўйлаги (Тарж.)

[3] Ибн Ҳиббон ривояти, 6632-ҳадис. Муҳаққиқ Шуайб Арноут айтади: «Ҳадис санади Муслим шартига кўра «қавий» (кучли)дир, ровийлари икки шайхнинг «сиқа» (ишончли) ровийларидир, фақат Даровардий – Абдулазиз ибн Муҳаммаддан ташқари. Бухорий ундан муаллақ ва мақрун кўринишда ҳадис ривоят қилган, Муслим уни ҳужжатга яроқли деб билган» («Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 14/600).

[4] Ҳадис тахрижи 129-масалада ўтди.

[5] Ҳадис тахрижи 129-масалада ўтди.

[6] «Шарҳу Саҳиҳи Муслим», 617-бет.

[7] «Ал-ифсоҳ», 1/152.

[8] «Тавзиҳ ал-аҳком», 3/242. «Чунки шундай қилинса, тўсиқ мустаҳкамроқ бўлади, тупроқни яхшироқ ушлаб туради» (Ибн Усаймин. «Шарҳу булуғ ал-маром», 5/583).

[9] «Ал-муғний», 3/429. Қаранг: Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/190-191.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/290-291, 20372-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[11] Аввалги манба, 7/311, 20274-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[12] Шайх Абдуллоҳ ибн Ҳумайд раҳимаҳуллоҳнинг (вафоти: 1402 ҳ.) «Нурун ала ад-дарб» дастуридан олинган фатволаридан, 159-бет. Тўпловчи: Умар ал-Қосим. «Дор ал-Қосим» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.

[13] Бухорий ривояти, 7288-ҳадис.

[14] Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/190-191.

[15] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/440, 839-фатво, биринчи тўплам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг