Эй иймон келтирганлар (63): Расулуллоҳга нисбатан одоб сақлаш вожиблиги, у зотга озор бериш ва вафотларидан сўнг аёлларига уйланиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига таом ейиш учун фақат унинг изни билан киринг. Таомнинг пишишини узоқ кутиб ўтирманг. Чақирилган пайтда кириб, таомлангач тарқалинг, ўзаро гаплашиб ўтирманг. Чунки бу ишингиз Пайғамбарга озор беради. У сизларни уйидан чиқариб юборишдан уялади. Аллоҳ ҳақни баён қилишдан уялмайди. Пайғамбарнинг хотинларидан бирон нарса сўрамоқчи бўлсангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилишингиз сизнинг қалбингизни ҳам, уларнинг қалбини ҳам тоза тутувчироқдир. Сизлар учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан сўнг хотинларига уйланиш асло мумкин эмас. Бу иш Аллоҳ наздида жуда катта гуноҳдир” (Аҳзоб, 53).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу улуғ нидо мўминларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида йўлланган бўлиб, унда Аллоҳ таоло улар Пайғамбарга нисбатан бажаришлари лозим бўлган ишларни баён қилган. Қуйида шуларни санаб ўтамиз:

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига рухсатсиз кирмаслик. У зот изн берсаларгина кирадилар. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига таом ейиш учун фақат унинг изни билан киринг. Таомнинг пишишини узоқ кутиб ўтирманг”. Яъни Расулуллоҳнинг уйларига овқатланиш вақтидан анча олдин кириб олманг, таомдан сўнг ҳам ўтираверманг. Балки: “Чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинг, ўзаро гаплашиб ўтирманг”. Яъни гапга берилиб у ерда қолиб кетманг, тезда тарқалишиб, ҳамма ўз ишига қайтсин. Кимдир уйига, кимдир ишига, кимдир бошқа юмушга, хуллас ҳамма ўз иши билан машғул бўлсин. Таомланиб бўлгач, бир-бирингиз билан гаплашиб ўтириб, Пайғамбар хонадонида кўп қолиб кетсангиз, у зотни ва оилаларини заҳматга қўйган бўласиз. Айрим саҳобалар тарафидан шундай ҳолат содир этилган ҳам. Қайтариқ сабабини Аллоҳ маълум қилиб деди: “Чунки бу ишингиз Пайғамбарга озор беради. У сизларни уйидан чиқариб юборишдан уялади”, яъни сизга: “чиқиб кетинглар” ёки “бўлди, ўтираверманглар” дейишдан ийманади. “Аллоҳ ҳақни баён қилишдан уялмайди”, яъни Аллоҳ ҳақни айтишдан ёки ҳаққа буюришдан уялмайди. Шунинг учун узоқ ўтирмай, тарқалиб кетишга амр этди.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан хоҳ идиш-товоқ, сув, таом бўлсин, хоҳ диний масалалар ҳақида бирон нарса сўрамоқчи бўлсангиз, парда ортидан сўранг. Аллоҳ таоло деди: “Пайғамбарнинг хотинларидан бирон нарса сўрамоқчи бўлсангиз, парда ортидан сўранг”. Бунинг сабабини баён қилиб: “Шундай қилишингиз сизнинг қалбингизни ҳам, уларнинг қалбини ҳам тоза тутувчироқдир”, деди. Яъни кўринмай парда ортидан сўрашингиз сизнинг ҳам дилингизни пок тутувчидир – эй эркаклар, – ва Пайғамбар аёлларининг дилини ҳам тоза тутувчироқдир. Ҳеч бир инсон хаёли бузилишдан холи эмас. Хоссатан, эркак киши номаҳрам аёл билан кўришиб гаплашганда ҳар иккисининг қалбига ёмон ўйлар келиб қолиши ҳеч гап эмас. Зеро, кўриш фитнага сабаб бўлади.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай бўлишидан қатъи назар озор бериш ҳаром экани. Аллоҳ таоло деди: “Сизлар учун Расулуллоҳга озор бериш мумкин эмас”. “Мумкин эмас”, “дуруст бўлмайди” иборалари озор бериш ақл бовар қилмайдиган иш эканига далолат қилади ва ҳақиқатда шундай. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга молию жонини, бор-йўғини фидо қилишга тайёр бўлган мўмин кишидан у зотга озор беришни кутиш мукинми?! Йўқ, йўқ, асло мумкин эмас! Ҳечам бундай бўлмайди.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг у зотнинг хотинларига уйланиш ҳаром экани. Чунки Расулуллоҳнинг аёллари мўминларнинг оналаридир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан кўра ҳам ҳақлироқдир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб, 6). Яъни фарзанд учун туққан онасига уйланиш қандай ҳаром бўлса, Пайғамбарнинг аёллари ҳам мўминлар учун никоҳи абадий ҳаромдир. Чунки улар мўминларнинг оналари. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу нидода: “Пайғамбардан сўнг унинг хотинларига уйланиш асло мумкин эмас. Расулуллоҳга озор беришингиз ва ундан кейин хотинларига уйланишингиз Аллоҳ наздида жуда катта гуноҳдир”, деди. Яъни Расулуллоҳга ўта кичик даражада бўлса ҳам озор бериш, ёки вафотларидан сўнг у зотнинг аёлларига уйланиш Аллоҳ наздида, Унинг ҳукми ва шариатида беҳад улкан гуноҳдир. Бу жиноятнинг жазоси ва уқубатини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади.

Бу илоҳий нидога хулоса ўлароқ, сизга фойдали бўлишини умид қилган ҳолда ундаги муҳим нуқталарни бир бошдан санаб чиқамиз. Шояд бу ҳақ йўлда, тўғри манҳажда юришингизга ва дўзахдан нажот топиб, яхшилар диёри жаннатга киришингизга сабаб бўлса:

  • Уйларга кириб-чиқиш одоби ва изн сўраш каби мусулмон киши риоя қилиши лозим бўлган ишлар баёни.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баркамол инсон, етук ва гўзал ахлоқ соҳиби эканлари. Уйларига келган кишиларга: “овқат тугади, тарқалинг”, деб айтишдан ҳам уялишлари.

  • Аллоҳ таоло сифатларининг Қуръон ва суннатдаги исбот ва тасдиғи. Бу оятда Аллоҳ ўзини васф этиб: “Аллоҳ ҳақни баён қилишдан уялмайди”, деди. Шунга кўра, биз ҳам Аллоҳни У ўзини қандай сифатлаган бўлса ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай сифатлаган бўлсалар, шундай сифатлаймиз. Аллоҳ ўзини сифатламаган ва Расули ҳам Аллоҳни сифатламаган сифатлар билан сифатламаймиз. Аллоҳнинг сифатларини инкор қилмаймиз, бу сифатлар билан Аллоҳни сифатлашдан қочиб, ашъарий ва мўътазилалар каби сифатларни таъвил қилмаймиз.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига, оилаларига, мўмин ва мўминалардан иборат умматларига қандай бўлмасин озор беришнинг ҳаромлиги.

  • Инсон ёмон ўй-хаёллардан холи эмаслиги. Хоссатан, аёллар билан гаплашиш ёки уларга қараш фитнага сабаб бўлиши.

  • Ҳижобнинг фарз экани. Номаҳрам аёл билан холи қолиш, у билан ҳижобсиз гаплашишнинг ҳаромлиги. Фақат кексалар, қариялар бундан мустаснодир.

Буларни эслаб қолинг, асло ёддан чиқарманг ва бошқаларга ҳам ўргатинг, чунки бу фарз ва умматга фойдали бўлган илмдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг