Фарзанд тарбиясидаги хатолар (13): Болаларни ғийбатчи ва туҳматчи қилиш йўллари

0

Фарзандингиз ёнида бемалол бировларни ғийбат қилинг, айбларини гапиринг. Ўртоқларини ёмонланг, улардан ёмон хулқларни ўрганганини айтинг. Ўқитувчиларини ёмонланг, ўқувчилар билан етарлича шуғилланмаганларини гапиринг. Вақти келиб фарзандларингиз ҳам ўртоқларини ва ўқитувчиларини орқасидан гапиришни бошлайдилар.

Одамлар нимагадир ғийбат қилишни фақат хотинларга нисбат беришади. Ҳолбуки, ғийбат қиладиган эркаклар ҳам кам эмас. Мурод деган бир кишини танирдим, ғийбат қилишда маҳалла хотинларини чангида қолдирарди. Бу одамнинг энг яхши кўрган иши бошқаларни ёмонлаш, айб ва камчиликларини топиш эди. Ишхонада, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларда нималар бўлганини ўрганмагунча кўнгли хотиржам бўлмасди. Қўшни уйларда бирон ҳаракатни кўрганда қизиқувчанликдан ичига қурт тушар, ўтган-қайтганлардан бу уйда нималар бўлганини сўрарди. Бунга ҳам қониқмай, кичик ўғли Турсунни бир баҳона билан ўша хонадонга жўнатар, маълумот олиб келишини айтарди. Турсун вақт ўтиши билан бу ишга шунчалар аҳамият берадиган бўлдики, отаси учун ахборот агентидай ишлай бошлади.

Бошида Турсун борган жойларида кўрган-эшитганларини айтиб берди. Лекин отаси бунга кўнгли тўлмади ва янада кўпроқ маълумот истади: “Эслашга ҳаракат қил. Бошқа нималарни кўрдинг, нималарни эшитдинг?” деди. Бола отасини хурсанд қилиш учун эшитган ва кўрганларига қўшимчалар қилишни бошлади. Мурод бу қўшимчалардан завқланиб, “Офарин сенга, айтақол, яна нималарни эшитдинг”, деб уни ёлғонга ундар эди.

Турсун вақти келиб шундай устаси фаранг ёлғончи ва туҳматчи бўлдики, қўшнилар ундан безор бўла бошлашди. Энди ҳеч ким уни уйига киргизишни хоҳламасди. Болаларига ҳам у билан ўртоқ бўлманглар деб огоҳлантиришарди. Туҳмат ва бўҳтонлари сабабли баъзи қўшнилардан калтак еди, баъзиларидан гап эшитди. Лекин шунда ҳам бу хулқидан воз кечмади, янги-янги ёлғонлар тўқиди.

Турсун улғайиб, катта йигит бўлди. У билан бирга ёлғонлари ҳам каттарди. У ҳатто ўз отасига ҳам туҳмат қилишдан таб тортмади. Ғийбатчи Мурод ўғлининг туҳматлари боис ҳамманинг олдида шарманда бўлди. Ўз қўллари билан етиштирган “илон” энди унинг ўзини чақаётган эди. Ўғлига ёшлигида ғийбат ва туҳматни ўргатганини унутган бу бадбахт киши ўтган-қайтганларга дардини айтиб, умуман ҳаққи бўлмаган ҳолда тақдирга эътироз билдирарди. “Бир фарзанднинг ўз отасига бундай жирканч туҳматларни қилганини ҳеч эшитганмисиз? Нима гуноҳ қилдимки, Аллоҳ менга бундай бошга битган бало фарзанд берди!” дер эди.

Изоҳ қолдиринг