Сийрат: Даъват аввал Қурайш ичида, сўнг атрофга ёйилгани

0

Ислом яширин босқичда Қурайшнинг барча уруғлари орасида бир хил суръатда тарқалди. У қайсидир уруғ ё қабиланинг хос дини бўлиб қолмади. Бу эса ўша даврдаги қабилачилик табиатига хилоф эди. Зеро, Ислом ўзининг ёйилиши ва даъватини ҳимоя этиши учун қабилачиликдан фойдаланмади. Шу билан бирга, бошқа қабилаларни Қурайшга қарши гиж-гижламади. Яъни Ислом уни қабул қилган ҳар бир қабилани ўз кафолатига олиб, унинг қадрини бошқа қабилалар устидан баландроқ кўтаради, деган гап билан қабилаларни Қурайш қабиласига қарши қўзғамади. Бу каби адолат билан иш тутиш, қавмпарастликдан узоқ бўлиш Исломнинг барча қабилаларда бирдек тарқалишига сабаб бўлди. Масалан, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Тайм қабиласидан, Усмон ибн Аффон Бани Умайядан, Зубайр ибн Аввом  Бани Асаддан, Мусъаб ибн Умайр Бани Абдуд-дордан, Али ибн Аби Толиб Бани Ҳошимдан, Абдурраҳмон ибн Авф Бани Зуҳрадан, Саид ибн Зайд Бани Адийдан, Усмон ибн Мазъун Бани Жумаҳдан эди. Ҳатто, кўпчилик мусулмонлар Қурайшга мансуб қабилалардан ҳам эмас эди.  Масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд Ҳузайлдан, Утба ибн Ғазвон Мозиндан, Абдуллоҳ ибн Қайс Ашъарийлардан, Аммор ибн Ёсир Мазҳижнинг Ансидан, Зайд ибн Ҳориса ва Туфайл ибн Амр Давсдан, Амр ибн Абаса Сулаймдан, Суҳайб ан-Намрий Бани Намр ибн Қоситдан эди. Хуллас, Ислом фақат Макка аҳлига хос эмаслиги ҳаммага маълум эди[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват йўлини ғоят пухта режалаштириб, Аллоҳга таваккал қилиш билан бирга, ҳар эҳтимолга қарши эҳтиёт чораларини ҳам кўрдилар. Теран тарбияга, кенг таълимга, хавфсизлик чораларига аҳамият қаратдилар ва яширин даъват босқичидан кейинги босқичга мукаммал тайёргарлик кўрдилар. Чунки у зот Аллоҳнинг динига даъват қилиш фақат яширин ҳолатда қолиб кетмаслигини яхши билар эдилар. Бу ишда бир шахсни даъват этиб, бошқасини қолдириш йўқлигини, балки даъват бутун оламга ҳужжатни қоим қилиш учун зиммаларига юкланган мажбурият эканини, у орқали Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганини ширк ва жаҳолат зулматидан нурга ва тавҳидга чиқаришини яхши англардилар. Аллоҳ таоло даъватнинг асл моҳиятини ва даъват майдонини унинг илк давридаёқ баён этган эди. Маккада нозил қилинган оятлар даъватнинг оламшумул эканини очиқ кўрсатади:

У (Қуръон инсу жиндан иборат) бутун олам аҳлига эслатмадир” (Юсуф, 104).

У (Қуръон инсу жиндан иборат) бутун олам аҳлига эслатмадир” (Қалам, 52).

Даъват барча инсонларга қаратилгандир. Даъватдан мақсад Аллоҳнинг тақдири ила одамларни жаҳолатдан қутқаришдир. Ҳақни очиқ эълон қилиш, уни яширмаслик ва барча инсонларга етказиш, ёмонликдан огоҳ этиш ва шу йўлда келадиган турли озорларга сабр қилиш даъватнинг хусусиятларидандир.

Исломий ишларнинг кўпида яширин иш олиб бориш сиёсий жиҳатдан манфаатли бўлар экан, урушда ҳам, тинчликда ҳам шароитга қараб иш тутиш лозим бўлар экан, даъват масаласи ҳам худди шундайдир. Даъват ишини яширинча олиб бориш шароитдан келиб чиққан бир заруратдир. Аслида, Аллоҳнинг динини, шариатини, ҳукмларини одамларга баён этиш, динни яширмаслик керак. Яшириш шароитга боғлиқ ва вақтинчалик ҳолатдир. Аммо бошқа ишлар, масалан, воситалар, режалар, тафсилотлар ижтиҳодга ва маслаҳатга муҳтож бўлиб, уларнинг сирли қолишида ҳеч қандай зарар йўқ. Чунки буларни яшириш динни яшириш ва ҳақни айтмаслик, дегани эмас. Бу каби ишларни одамларга етказиш ва баён этишга буйруқ ҳам йўқ. Масалан, даъват қилинган мўминларнинг сони қанча эканини билиш. Буни одамларга етказиш бизга буюрилган эмас. Шунинг учун бу каби нарсалар агар сирли қолиши яхши бўлса, сирлилигича қолиши керак. Даъват иши эса ўз йўлида давом этаверади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошкора даъват бошлаб, одамларни огоҳ этиб, пайғамбарликларини эълон қилганларидан кейин ҳам даъват ва етказиш вазифасига таъсир этмайдиган кўпгина нарсаларни сир сақладилар. Масалан, қанча тобелари борлигини, улар билан қаерда учрашишларини, жаҳолатга қарши қандай кураш олиб боришларини яширдилар[2].

[1] “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/132.
[2] “Ал-ғурабо ал-аввалун”, 124-126 бетлар.

Изоҳ қолдиринг