Нақадар улуғ Пайғамбар! Тунлари Раббига махфий муножот қилса, Раббини улуғлаб, поклаб, Унга сиғиниб, ёлвориб зикр қилса! Раббига ёлвориб, Уни зикр этар экан, руҳи кўкларга кўтарилади! Гўё баланд тоғлар унга қулоқ тутаётгандай, осмондаги юлдузлар унга қараб, бир-бирига шивирлаб:
واذكراسم ربك و تبتل إليه تبتيلا
“Эй Пайғамбар, Раббингизни зикр қилинг ва Унинг исми билан дуо қилинг. Ибодатингиз асносида барча нарсадан тўла узилиб, Унга юзланинг” деган сўз шу пайғамбарга нозил бўлган, деяётгандай туюлади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг олтидан бири қолгунча Қуръон тиловати, дуо ва зикр қилиб чиқар эдилар.
Хусусан, мушрикларнинг озорлари кучайиб кетганда, таҳажжуд намозида узоқ турар эдилар.
Таҳажжудни тугатиб, витр ўқимоқчи бўлсалар, хотинларини уйғотар эдилар[1].
Уч ракаат витр ўқир эдилар. Биринчи ракаатда Фотиҳадан сўнг Аъло сурасини, иккинчи ракаатда Кофирун сурасини, учинчи ракаатда Ихлос сурасини ўқир эдилар. Гоҳида учинчи ракаатда Ихлос сурасига Фалақ ва Нос сураларини ҳам қўшиб ўқир эдилар[2].
Витрнинг охирида бу дуони ўқир эдилар:
اللهمَّ إني أعوذ برضاك من سخطِكَ، وبمعافاتِكَ من عقوبتك، وأعوذُ بكَ منكَ، لا أُحْصِي ثناءً عليكَ، أنتَ كما أثنيتَ على نفسك
“Эй Аллоҳ! Розилигинг билан ғазабингдан, афв-кечиришинг билан азобингдан паноҳ сўрайман. Сендан Ўзингдан паноҳ беришингни тилайман. Сенга лойиқ бўлганинг каби ҳамду сано айтолмайман. Сен ўзингга сано айтганинг кабидирсан”[3].
Витрдан сўнг қуйидаги дуони ўқир эдилар:
سبحانَ المَلكِ القدُّوس، سبحانَ الملكِ القدُّوس، سبحانَ المَلكِ القدُّوس
“Малик ва Қуддус зотни барча айбу нуқсондан поклайман”.
Мазкур дуони уч марта такрорлаб, учинчисида овозларини чўзиб ўқир эдилар[4].
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё зеб-зийнатидан ва дабдабасидан холи бўлган уйларида кичкина бўйра тўшаб намоз ўқир эдилар. Гоҳида хотинлари ёпинадиган матони тўшаб, унинг устида намоз ўқир эдилар. Хотинлари эса у зотнинг қаршиларида ётар эдилар. Ўша пайтларда уйларда чироқлар бўлмаган эди. Сажда қилганларида туртиб қўяр, кейин хотинлари оёқларини йиғиб олар эдилар. Саждадан турганларида яна оёқларини узатиб олар эдилар[5].
Гоҳида масжидга чиқиб намоз ўқир эдилар. Менимча тасодофий бир иш рўй берганда, шундай қилган бўлсалар керак. Намозда қироатлари билан ухлаб ётганларни уйғотиб юборишни истамаганларидан ҳам шундай қилган бўлишлари мумкин. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Бир кеча Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни тополмай қолдим. У зотни қидириб, қўлимни чўздим, қўлим оёқларининг тагига тегди. Саждада эканлар, саждада бундай деётган эканлар:
اللهمَّ أعوذُ برضاك من سخطك، وبمعافاتك من عقوبتك، وأعوذُ بكَ منكَ، لا أُحْصِي ثناءً عليكَ أنتَ كما أثنيتَ على نفسك
“Эй Аллоҳ! Розилигинг билан ғазабингдан, афву-кечиришинг билан азобингдан паноҳ сўрайман. Сендан Ўзингдан паноҳ беришингни тилайман. Сенга лойиқ бўлганинг каби ҳамду сано айтолмайман. Сен ўзингга сано айтганинг кабидирсан”[6].
Ойша разияллоҳу анҳо яна бундай дейди: “Бир кеча у зот йўқолиб қолдилар. Мен бошқа хотинларига кетиб қолдилар шекилли деб ўйлаб, у зотни қидириб келдим. Уйга қайтсам, рукуда (ёки саждада) туриб бундай деётган эканлар:
سبحانك وبحمدك لا اله الا انت
“Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир”.
Кейин ичимда: “Ота-онам сизга қурбон бўлсин! Мен нима гумондаман-у, сиз нима амалдасиз!” дедим[7].
[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (512, 997), “Саҳиҳ Муслим” (744512).
[2] Қаранг: “Таёлисий” (548), “Муснад Аҳмад” (2720, 2725, 15354, 15362, 25906).
[3] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (125), “Муснад Аҳмад” (751, 957, 1295).
[4] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (548), “Муснад Аҳмад” (15354, 15362).
[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (379, 381, 382, 1209), “Саҳиҳ Муслим” (512).
[6] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (25655), “Саҳиҳ Муслим” (486).
[7] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (25178, 25180), “Саҳиҳ Муслим” (485).