Фарзанд тарбиясидаги хатолар (14): Болаларни қовоғи солиқ, бадгумон, бадбин ва нонкўр қилиш йўллари

0

Фарзандингиз олдида кундалик ҳаётингиздан шикоят қилинг. Ҳар воқеанинг фақат ёмон томонларини тилга олинг. Айрим инсонларнинг омадли қилиб яратилгани, ишламаса ҳам, меҳнат қилмаса ҳам шон-шуҳратга, мансабларга эришганини айтинг. Пешонангиз шўрлигидан, тақдирингиз ёмонлигидан, топган пулингиз одамлардек яшашингизга етмаслигидан шикоят қилинг, ёлғончи ва қаллобларнинг сиздан яхшироқ ҳаёт кечираётгани ҳақида атрофингиздан мисоллар келтириб гапиринг.

Чарос исмли ҳамма нарсадан шикоят қиладиган, бошқаларнинг бахтли ҳаётини кўролмайдиган, ўзида бор нарсаларга қаноат қилмайдиган, қовоғи осиқ, бадбин бир хотинни танирдим. Уни бир кун бўлса ҳам табассум қилганини кўрганлар бўлмаган. Ҳатто овқатланишга ҳам калтак егани ўтираётган кишидек қовоғидан қор ёғар ҳолатда ўтирарди. Ўзи пиширган овқатдан ҳам нолиб, бир айбини топарди. “Уфф, гўштнинг умуман маза-матраси йўқ, эски гўштлар қаерда қолди. Кўкатлар ўт сингари. Деҳқонларга ҳам ишонч қолмади ортиқ. Томорқаларига гармонли, дориланган ўғит солишади. Молларига гармонли дориланган ем беришади. Нимага? Янада кўпроқ пул ишлаш учун. Одамларнинг соғликлари билан ўйнашга нима ҳақлари бор бўларнинг?” дер эди.

Ҳаво булутли ёки ёғинли бўлса, худди уйдан ўлик чиққандек мотам тутарди. Иссиқ ҳавони ёқтирмас, совуқ ҳаводан эса нафратланар эди. Болалари ҳам онасига қараб, унинг гапларини эшита-эшита бадбин, бадгумон бўлишни бошладилар. Эрталаб уйқудан турар-турмас минғирлашни, шикоят қилишни бошлар, йиғлаш учун албатта бир баҳона топар, ҳеч нарсадан кўнгиллари тўлмас эди. Ҳали қараса пайпоғини тополмаган, ҳали қараса дафтарини йўқотган, бири қорни оғришидан, бошқаси чойнинг иссиқлигидан шикоят қиларди.

Кўчадан ўтаётганлар онанинг бақиришидан ва болаларнинг дод-войидан уйда бир фалокат рўй берган шекилли деб ўйлар эди. Она болаларини ҳеч мамнун қилолмас, уларни нонкўрликда айблар, дуоибад қилар эди: “Сизларга ўхшаган нонкўрларни кўрмаганман. Қуриб кеткур кўрнамаклар! Нимага оч бўриларга ўхшаб бақирасизлар?! Бошимга битган бало бўлдингиз. Мени барвақт мозорга тиқишни хоҳлайсизларми?!”

Болалар улғайган сари муаммолари ҳам катталашди. Она нима қилса ҳам уларни рози қилолмасди. Албатта ҳолларидан шикоят қилишга бир нарса топишарди. Бечора хотин ўз қўллари билан болаларини нонкўр, бадбин қилганининг фарқига ҳам бормасди…

***

Зафар уста болалиги фақирликда ўтган бир киши эди. Отаси уни ўқитолмаган, қўлида ҳунари бўлсин дея, уни бир дурадгорга шогирдликка берганди. Устаси қўли гул, яхши киши эди. Унга дурадгорликнинг бутун сирларини, нозик жиҳатларини ўргатиб, моҳир уста қилиб етиштирди. Олдинлари устага шогирд тушганлар армияга кетгунларича устасининг олдида сабр билан ҳунар ўрганишар, бошқа жойларда яхши ойлик беришни таклиф қилса ҳам кетмасдилар. Зафар ҳам армияга кетгунига қадар устасининг олдида ҳунарни пухта ўрганди. Армияга бориб келгач, устасининг кўмаги билан ўзига устахона очди.

Энди ҳамма уни “Зафар уста” деб чақирар, ишини ва меҳнатини қадрлар эди. Қисқа вақтда ўзини ўнглаб олган Зафар уста уйланиб, бола-чақали бўлди. Ижара уйда ўтирар, бой бўлмаса ҳам топгани рўзғорини тебратишга етарди. Меҳрибон хотини, меҳнаткаш фарзандлари бор эди. Қаранки, бу одам шукр қилиш ўрнига топган пулини кам санар, фақирлик билан ўтган ёшлик даврини эсга олар, оиласини роҳат-фароғатда яшашини таъминлай олмагани учун сиқилиб, кайфияти тушарди.

Бир куни мана шу бадбинлиги тутиб турганди. Дастурхонга иштаҳасиз ўтирди. Хотини пиширган нўхат паловни иштаҳа билан еётган болаларига ичи ачиди: “Оҳ болаларим, шу ҳолингизни кўриб қанчалик хафа бўлаётганимни билмайсизда!” деди. Хотини гапга аралашди: “Нимага хафа бўласиз, ҳолларига нима бўлибди? Аллоҳга шукр, оч эмаслар, очликда ҳам эмаслар!”

Зафар уста такрор оҳ тортди. “Сен нимани ҳам билардинг хотин, уйдан ташқарига чиқмайсан, бошқа хонадонларда нималар пиширилаётганини кўрмайсан. Тандир кабоблар, қовурилган гўштлар, хилма-хил ширинликлар ва яна нима нималар! Эртаю кеч ишлайман, лекин болаларимга роҳат-фароғат ҳаёт қилиб беролмаяпман. Бир отани бундан кўра хафа қилувчи нима бўлиши мумкин?” Бутун бу дилхира гаплардан кейин болаларнинг иштаҳалари қочар, еган овқатларининг маза-матраси қолмасди.

Кўчадан чиройли кийим кийган бир бола ўтаётганини кўриб қолса, дарҳол болаларини чақириб: “Анави болага қаранглар, кийиб олган қимматбаҳо кийимлар уни нечоғлик чиройли қилган. Менинг ҳам сизларга шундай қиммат кийимлар олиб бергим келмайди, дейсизми? На чора, топган пулим бунга етмайди. Бир кун бойиб кетсам, сизларни энг қиммат кийим дўконларидан кийинтириб, маҳаллани айлантираман. Аммо бу орзу қаерда дейсиз. Меники бир бечоранинг ўзини ўзи алдаши, тасалли бериши, холос”. Болалар оталарининг бу сўзларидан кейин ўзларининг кийимларига қараб, қийматсиз эканини ҳис этардилар.

Қир-адирларга дам олишга бориш болалар учун жуда завқли эди. У ёқдан бу ёққа югуриб очқашар, оналари тайёрлаган овқатга оч бўрилардек ташланар эдилар. Ота яна уларнинг иштаҳаларини қочирадиган бир нарсалар топарди. Яқинларида ўтирганларнинг дастурхонини кўрсатиб: “Қаранглар, анави дастурхоннинг тўкин-сочинлигини кўряпсизларми? Улар ҳам одам, биз ҳам одаммиз. Бу одам ичган мева шарбатининг шишаси фалон пул бўлса керак. Қўрасининг усти кўмирга тўла. Бу дунёда ошиғингиз олчи, нариги дунёда нима қиласизлар экан, кўрамиз…”. Болалар қўшнининг дастурхонига ҳасад билан қараб, ичлари куярди. Олдиларига қўйилган иссиқ қуймоқлар, қайнатилган картошка ва тухумларга менсимай қарар, иштаҳалари буғилар эди.

Оталаридан ични куйдирадиган сўзларни эшита-эшита, улар ҳам ҳолатларидан шикоят қиладиган бўлишди. Олиб берилган кийимларни, пойафзалларни ёқтирмай, олдиларига қўйилган лаззатли овқатларга бурунларини жийирадиган бўлишди. “Ёйма бозорлардан олинган кийимларни ва пойафзалларни кийишни хоҳламаймиз. Фалончи болаларга ўхшаб таниқли кийим дўконларидан кийинишга бизнинг ҳам ҳаққимиз бор. Ҳар кун картошка ва ловия ейиш жонимизга тегди”, деб бош кўтаришарди.

Бор кучи билан меҳнат қилган, фарзандларини роҳат-фароғатда яшашлари учун қўлидан келганича ҳаракат қилган бу ота бундай оғир гапларга қаттиқ хафа бўларди. “Бу болаларга нима бўлди? Улғайиб, шукр қилмайдиган, нонкўр бўлишди. Кечаю кундуз ишласам ҳам уларни рози қилолмаяпман”, дер эди.

Азизлар, айтингчи, борига қаноат қилмаган, шукр қилишни билмаган бундай отанинг фарзандларидан шикоят қилишга ҳаққи борми?!

Изоҳ қолдиринг