“Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни мақтаб, салавот айтади. Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга мақтов айтиб, уни дуо қиладилар. Эй иймон келтирганлар, сизлар ҳам Расулуллоҳга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, салавот ва саломлар айтинглар” (Аҳзоб, 56).
Шарҳ:
Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо катта аҳамиятга эга ва унинг ўзига хос ўрни бор. Аллоҳ таоло бу нидода мўминларга буюрган ишни уларга буюришдан олдин Ўзи қилгани унинг қадри нақадар улуғ эканига етарлидир. Аллоҳ таоло мўминларга нидо қилишдан аввал: “Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни мақтаб, салавот айтади. Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга мақтов айтиб, уни дуо қиладилар” деб, Унинг ўзи ҳам, малоикалари ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишини хабар берди. Аллоҳнинг буюклиги, малоикаларнинг баркамол ва покизалиги олдида биз киммиз, эй мўминлар?! Шундай зотлар Пайғабаримизга салавот айтар экан, демак Аллоҳ таоло бизни ҳам салавот айтишга буюриши биз учун буюк шараф ва бу дунёдаги ҳар қандай обрў-эътибордан юқори бўлган қадр-қимматдир. Салавот ва салом юборилаётган Расулуллоҳнинг қадрлари, мартабалари ва улуғ мақомлари ҳақида сўрамай қўяверинг, зеро биз бу мақомни билмаймиз, тасаввур ҳам қила олмаймиз. Парвардигоро, модомики зокирлар зикр қиларкан, ғофиллар ғафлатда қоларкан, Сен Пайғамбаримизга салавот ва саломлар йўллагин.
“Аллоҳнинг салавотидан мурод нима, фаришталарнинг ва мўминларнинг салавотидан мурод нима?” деган савол туғилиши табиий.
Жавоб қуйидагича:
Аллоҳ таолонинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишининг маъноси у зотни мақташи ва у зотдан рози бўлишидир.
Малоикаларнинг салавоти Пайғамбаримиз ҳақларига дуо қилиб, истиғфор айтишларидир.
Мўминларнинг салавоти дуо билан бирга Расулуллоҳни улуғлаш ва иззат-икром кўрсатишдир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишнинг ҳукмига келсак, ҳар бир мусулмон учун умрида бир бор бўлса ҳам салавот айтиш вожибдир. Ким шуни ҳам қилмаса, зиёнда ва ҳасратда қолади. Чунки бир бор бўлса ҳам салавот айтмаслик қалбда иймон, Аллоҳ ва Расулига ишонч йўқлигига далолат қилади. Бундай ҳолга тушишдан Аллоҳ сақласин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш қачон яна ҳам таъкидли бўлади?
Икки ўринда салавот айтиш янада таъкидланади:
Ташаҳҳуддан сўнг, яъни фарз ё нафл бўлсин, ҳар намознинг охирги қаъдасида ташаҳҳуддан кейин салавот айтиш таъкидланган бўлиб, унинг айтилиши қуйидагичадир: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад, кама соллайта ала Иброҳим ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамийдум-мажийд. Ва борик ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад, кама боракта ала Иброҳим ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамийдум-мажийд”. Бундан бошқача лафзда келган салавотлар ҳам бор, лекин энг мукаммали шу, ёдлаб олиб, ўқиб юринг.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда. Бунга диққат қилиш лозим бўлган ҳадис бор: “Номингиз зикр қилинганида сизга салавот айтмаган киши хор бўлсин”, деб Жаброил алайҳиссалом айтганлар. Ҳадис саҳиҳ.