Дард ва даво (98): Гуноҳлар орасида ширк кечирилмас гуноҳ саналишининг сири нимада? (3)

0

«Аллоҳ таоло ҳар маконда мавжуддир , ҳатто ҳожатхона, ахлатхона ва айтишга тил бормайдиган нопок жойлар ҳам Аллоҳдан холи эмас», деган сўз ва эътиқоддан У зотни йироқ тутмаган одамлар Аллоҳни чинакам қадрини билмаган кишилардир. Бу сўзлари ила Аллоҳнинг арши устида ўрнашганини, яхши сўзлар ва солиҳ амаллар Унинг ҳузурига кўтарилишини, фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Унинг ҳузурига кўтарилиб-тушишини, осмондан ергача бўлган барча ишларни (аршида) туриб бошқаришини, сўнг бу ишлар унинг ҳузурига кўтарилишини инкор қилишди. Улар ўзларича Аллоҳнинг подшоҳлик тахти узра олий бўлишини нолойиқ санашиб, кейин Аллоҳга инсон боласи у ёқда турсин, ҳатто ҳайвон у ерда бўлишни истамайдиган ерларда бор бўлишни муносиб кўришди.

Аллоҳ таолодаги муҳаббат, раҳмат, раҳм-шафқат, рози бўлиш, ғазаб, қаҳр каби сифатларнинг ҳақиқатини (моҳиятини) йўққа чиқарганлар Унинг шаънини керагича улуғламаган бўладилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ҳақиқатини йўққа чиқарганлар Аллоҳни чинакам қадрламаган бўлади. Зеро, Унинг ҳикмати ҳар бир иши ортида мақтовга сазовор мақсад ва ғоялар ётишини тақозо этади. Аллоҳ таоло ишларининг ҳақиқатини инкор қилиб, Унинг зотига туташ бўлган ихтиёрий иш-ҳаракати йўқ, балки барча ишлари Ундан бўлак ва ажралган иш-ҳаракатлардир, деганлар ҳам Аллоҳни чинакам қадрламаган бўладилар. Бу сўзлари билан Аллоҳнинг келишини, аршга ўрнашганини, Тур тоғининг ёнида Мусо билан сўзлашганини, қиёмат куни бандалар ўртасида ҳукм чиқариш учун келишини ва бундан бошқа Аллоҳнинг комил ишлари ва сифатларини йўққа чиқаришди. Ўзларича, мазкур иш ва сифатларни йўққа чиқариш билан Аллоҳни чинакам қадрладик, деб даъво қилишди.

Аллоҳ таолонинг аёли, боласи бор ёки Аллоҳ бандалари ичига киради ёки Аллоҳ – борлиқнинг айни ўзи, деб айтган кимсалар Аллоҳни ҳақиқий қадрламаган бўладилар.

Аллоҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг аҳли-оиласи душманларининг мартабасини ва шаънини кўтариб қўйди, подшоҳлик, халифалик ва азизликни уларга насиб этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўстлари ва ёру биродарларининг қадрини туширди, уларни хор қилди, қаерда бўлмасин устларига хорликни ёғдириб қўйди, деган одамлар ҳам Аллоҳ таолони ҳақиқий қадрламаган бўладилар. Бу сўзлар Раббимиз таборака ва таоло шаънига отилган энг катта таъна тоши ҳисобланади. Аллоҳ таоло шиа-рофизийларнинг бундай сўзидан пок ва олийдир.

Уларнинг бу сўзлари яҳуд ва насронийларнинг оламлар Рабби Аллоҳ таоло ҳақида айтган қуйидаги сўзидан келиб чиққан. Уларнинг даъвосича, Аллоҳ ер юзига золим подшоҳни юборган. У пайғамбарликни даъво қилиб, Аллоҳ номига ёлғон сўзлар айтган. Узоқ муддат ерда ҳукмрон бўлган ва ҳар вақт Унинг номидан ёлғон гапириб: “Аллоҳ мана бундай деди, фалон нарсага буюрди, фалон нарсадан қайтарди”, деган. Олдинги пайғамбар ва Аллоҳ элчиларининг шариатини бекор қилган. Пайғамбарларга эргашганларнинг қонини, молини ва оиласини ҳалол санаб, Аллоҳ шунга рухсат берди, деган. Парвардигори олам эса унга ёрдам берган, қўллаб-қувватлаган, устун, азиз ва олий қилган, дуосини ижобат этган, унга қарши чиққанлар устидан ғолиб қилган, унинг рост сўзлаётганига далиллар ато этган. Душманлари устидан ҳамиша ғолиб бўлган. Аллоҳ унинг сўзини, ишини ва у маъқуллаган нарсаларни тасдиқлаб турган, ростгўй эканини тасдиқлайдиган далилларни бирин-кетин келтириб турган.

Маълумки, бу сўзлар Парвардигор субҳонаҳу ва таолонинг ҳаққига, илмига, ҳикматига, раҳматига ва рубубиятига таъна қилишни ва уларни камситишни ўзида мужассам этади. Аллоҳ таоло ҳақни тан олмайдиган кимсалар айтаётган бундай сўзлардан олий ва пок зотдир.

Насронийларнинг сўзи билан биродарлари рофизийларнинг юқорида келтирилган сўзини бир таққослаб кўринг. Шунда шоир айтганидек, бу икки сўз «бир онанинг кўкрагидан сут эмган эгизаклар эканини, оналарининг бачадонида эканларидаёқ ҳеч қачон ажралмасликка келишиб олганлари»га гувоҳ бўласиз!Аллоҳ азза ва жалла тақводор бўлган, бир лаҳза ҳам гуноҳ иш қилмаган бандаларини азоблаши, дўзахга киритиши, шунингдек, душмани бўлган ва бир лаҳза ҳам иймон келтирмаган бандаларига неъмат ато қилиши ва неъмат диёри бўлмиш жаннатга киритиши мумкин, бу икки иш Аллоҳга нисбатан бирдек, деб ўйлайдиган одамлар ҳам Аллоҳ ҳаққида нотўғри фикрда бўлган ҳисобланади. Зеро, оят ва ҳадисларда бунинг акси келган. Бу иш Аллоҳнинг ҳикмати ва адолатига тўғри келмайди, деб эмас, балки хабар оят ва ҳадисларга таяниб, улар айтган фикр тўғри бўлиши мумкин эмас, дедик. Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда Аллоҳ бу ишларни қилиши, яъни солиҳ бандаларини азоблаши, итоатсиз бандаларини мукофотлаши мумкин деган кимсаларнинг бу сўзини қаттиқ инкор этган ва бундай ҳукм қилиш энг ёмон ҳукм қилиш эканини айтган.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг