Қабрга ғиштларни тераётганда дуо ўқиш, ғиштлар орасидаги бўшлиқни тўлдириш ва маййит устига бирор тўсиқсиз тупроқ тўкиш

0

169 – Ғиштларни тераётганда дуо ўқиш

Билишимча, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабрга ғиш тераётганда айтиладиган бирор дуо ривоят қилинмаган.

Эътироз: Ибн Можа Саид ибн Мусайябдан ривоят қилади: «Ибн Умар разияллоҳу анҳумо билан жанозада қатнашдим. У киши маййитни лаҳадга қўйган чоғида: “Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ йўлида, Расулуллоҳнинг шариатига мувофиқ”, деди. Сўнг лаҳадга ғишт теришни бошлаганида: “Эй Аллоҳ, уни шайтондан ва қабр азобидан қўригин. Эй Аллоҳ, унинг қабрини икки ёнидан кенгайтир, руҳини ўзингга кўтар ва унга розилигингни ато эт!” деди. Мен: “Эй Ибн Умар, буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганмисиз ёки ўзингизча айтдингизми?” деб сўрадим. У: “У ҳолда бемалол ўзимдан тўқийдиган бўлиб қоламан-ку! Балки уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман”, деди».

Жавоб: «Бу мункар ҳадисдир»[1]. «Чунки санадида Ҳаммод ибн Абдураҳмон бўлиб, у заиф ровий эканига муҳаддислар иттифоқ қилган»[2].

170 – Ғиштлар орасидаги бўшлиқни тўлдириш

Лаҳадга тупроқ сизиб, маййитга етиб бормаслиги учун ғиштлар орасидаги бўшлиқлар ғишт парчалари, хашак ёки лой билан тўлдирилишига уламолар иттифоқ қилган[3].

Ибн Мунзир: «Ғишт устига изхир қўйилади», деган[4].

Яъни қабрда ётган маййитга тупроқ етиб бормаслиги учун ғиштлар орасидаги бўшлиқлар изхир ўсимлиги билан тўлдирилади ва устидан лой урилади.

Бунга далил Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳидаги хутбаларини ривоят қилган ҳадис бўлиб, унда у зот Масжидул Ҳарамнинг ўтларини юлиш ҳаром эканини айтганларида амакилари Аббос разияллоҳу анҳу: «Фақат изхир бундан мустасно. Чунки у заргарларимиз ва қабрларимиз учундир», дейди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, фақат изхир мустасно», дейдилар[5].

Изхир – «хушбўй ҳидли ўсимлик бўлиб, уйларнинг томига ёғоч устидан ёпилади»[6].

171 – Маййит устига бирор тўсиқсиз тупроқ тўкиш

«Маййитни лаҳад каби пана жойга қўймай, устини ғишт ёки тош каби нарсалар билан тўсмай туриб маййит устига тупроқ тортиш жоиз эмас. Фақат зарурат ҳолати бундан мустасно»[7].

[1] Ибн Абу Ҳотим. «Ал-илал», 1/362-363, 1074-рақам.

[2] Абул Аббос Аҳмад ал-Бувсирий (вафоти: 840 ҳ.). «Мисбоҳ аз-зужожа фий завоид Ибн Можа», 2/38. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Кишновий. «Дор ал-арабия» нашриёти, биринчи нашр, 1403 ҳ.й.

[3] Қаранг: «Аз-захира», 2/478; «Ал-мубдиъ», 2/270; «Ихлос ан-новий», 1/301; «Ҳошият Ибн Обидин», 3/167.

[4] Ибн Мунзир (вафоти: 318 ҳ.). «Ал-иқноъ», 1/163. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ал-Жибрин. «Мактабат ар-рушд» нашри, иккинчи нашр, 1414 ҳ.й.

[5] Ҳадисни Бухорий (1349) ва Муслим (1355) ривоят қилган.

[6] «Ан-ниҳоя фий ғариб ал-ҳадис вал-осор», 1/33, “إذخر”.

[7] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/291, 18449-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг