Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг Шомдаги фатҳлари

0

Мусулмонлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларидаёқ Шомни фатҳ этиш ҳақида ўйлай бошлаган эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рум (Византия) подшоҳи Ҳирақлга мактуб йўллаб, уни Исломга даъват қилдилар. Румга тобе Шомнинг Балқо еридаги Ғассон шоҳи Ҳорис ибн Абу Шамр Ғассонийга мактуб йўллаб, уни ҳам Исломга даъват қилдилар. Унинг жоҳилона ҳамияти тутиб, бу мактубни ҳазм қилолмай Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш очишга азм қилди, бироқ Ҳирақлнинг амри билан бу қароридан қайтди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Шом диёрига Зайд ибн Ҳориса бошчилигида қўшин юбордилар. Қўшин Муътада румликларнинг улкан қўшинига дуч келди. Бу жангда Зайд ибн Ҳориса шаҳид бўлди. Ундан сўнг қўшин қўмондонлигини қабул қилиб олган Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам шаҳид бўлдилар. Улардан сўнг қўшин қўмондонлигини Холид ибн Валид ўз қўлига олди ва муваффақиятли ҳарбий амалиёт билан қўшинни муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди.

Ушбу ҳаракатлар мазкур минтақалар аҳолисига етарлича таъсир кўрсатди. Айтиш мумкинки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ғазот билан Шом диёрларида ҳукм сурган золим Рум давлатининг йиқилиши учун илк одимларни отдилар, унинг араблар дилидаги ҳайбатини заифлаштирдилар, мусулмонларни келгуси одимларни отиш учун моддий ва маънавий ҳозирлик кўришга руҳлантирдилар. Сўнг Табук ғазотига шахсан ўзлари бош бўлиб чиқдилар.

Жанг майдонларидаги бундай тўқнашувлар орқали мусулмонлар румликларнинг ҳақиқий куч-қувватларини билишга, уларнинг жанг олиб бориш услубларини ўрганишга муваффақ бўлдилар. Қолаверса, бу урушлар шомликларга Ислом динининг моҳияти, мақсад ва ғоялари ҳақида маълумот олиш имконини берди ва бу диёрлар аҳолисидан кўпчилик иймон келтирди.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тузиб берган режа асосида давом эттирди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг унинг илк қилган иши Усома ибн Зайд қўшинини йўлга чиқариш бўлди ва эътирозларга қарамай, бу қарорида маҳкам турди.

Сиддиқ Зул-қассада ташкил этилган қўшинларга байроқлар боғлар экан, Холид ибн Саид ибн Осга ҳам бир байроқ боғлади ва уни Шом остонаси яқинига йўллади. Унга Таймодаги мусулмонларга ёрдам кўрсатишни ва халифанинг амрисиз у ердан кетмасликни, душман билан фақат улар уруш бошласагина урушишни буюрди. Бу қўшин хабарини эшитган Рум шоҳи Ҳирақл ўзига тобе араб қабилаларидан – Баҳро, Сулайҳ, Калб, Лахм, Жузом, Ғассон арабларидан бир қўшин ҳозирлади. Холид ибн Саид бу қўшиннинг келишини кутиб ўтирмай, зудлик билан улар устига бостириб борди ва уларни ўз уйларида мағлубиятга учратди. Улар ҳар томонга тирқираб кетишди. Холид бу ҳақда Абу Бакрга хабар йўллади. Сиддиқ жавоб мактубида унга олдинга қараб ҳаракат қилишни ва румликларни сафларни қайта тиклаб олишларига йўл қўймасдан буткул мағлуб этишни буюрди. Шу билан бир қаторда унга ортга қайтадиган йўлини муҳофаза қилишни ва душман ерига ўта ичкарилаб кетмасликни насиҳат қилди. Мактубда шу сўзлар бор эди: «Олға бос, иккиланма, Аллоҳдан ёрдам сўра». Холид ибн Саид олдинга юришда давом этди ва Ўлик денгиз яқинидаги Қастал деган жойда румликлар қўшини билан жанг қилиб, уларни мағлубиятга учратди. Сўнг яна ҳам ичкарига қараб юришни давом эттирди. Шундан сўнг румликлар ҳаракатга келиб, Таймодагидан кўра кўпроқ қўшин тўпладилар. Холид юришларини давом эттириш учун Абу Бакр Сиддиқдан мадад кучлари сўраб чопар юборди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл бошчилигида бир қўшинни унга мадад учун юборди, унинг ортидан Валид ибн Уқбани яна бир қўшинга бош қилиб юборди. Бу кучлар Холид ибн Саид қўшинига келиб қўшилгач, у румликлар билан урушиш учун Ўлик денгизнинг жануб томонига, Табария кўлининг шарқидаги Марж ас-Сифрга йўл олди. Бу ерга етиб келган мусулмонлар қўшини Рум лашкарбошиси Моҳоннинг кўпсонли қудратли қўшинига йўлиқди. Румликлар қулай фурсат топиб, мусулмонларга кутилмаганда ҳужум қилиб, уларни мағлубиятга учратишди. Моҳон мусулмон қўшини қўмондони Холид ибн Саиднинг ўғли Саид бошчилигидаги бир бўлинмани қириб ташлади, улар ичида Саид ҳам ўлдирилди. Холид ўғлининг ўлдирилганини ва ўзининг ҳам қуршовга олинаётганини кўргач, атрофидаги бир гуруҳ отлиқ аскарлар билан қочиб, жанггоҳдан узоқлашди. Икрима қолган аскарларни соғ-саломат Шом ҳудудларига чекинтиришга муваффақ бўлди[1].

[1] Низор Ҳадисий, Холид Жанобий. «Абу Бакр Сиддиқ», 58-бет.

Изоҳ қолдиринг