Намоз: Такбири таҳримани айтганда қўлларни кўтармоқ

0
  1. Такбири таҳримани айтганда қўлларни кўтаради

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳримани айтиб, намозни бошласалар қўлларини кўтарганлари хусусида илм аҳли ихтилоф қилишмаган»[1].

Қўлларни кўтариш тартиби:

Қўлларни кўтарганда бармоқларни чўзиб, ораларини очмасдан турилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга кирар эканлар, бармоқларини чўзиб қўлларини кўтарар эдилар»[2]. Айрим ривоятларда ҳадисдаги қўл кўтариш тафсилоти «Бармоқларининг ораларини очмас ва уларни йиғмас эдилар»[3], дея тасвирланган.

Икки қўл елка ёки қулоқлар баробарида кўтарилади. Бунга қуйидагилар далил бўлади:

Биринчи ҳолат олдин келтирилган Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳунинг ҳадисида собит бўлган. Шунингдек, Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошласалар, руку қилмоқчи бўлсалар ва рукудан бош кўтарсалар қўлларини елкалари баробарида кўтарганларини кўрдим. Аммо икки сажда ўртасида қўлларини кўтармас эдилар»[4].

Иккинчи ҳолат эса олдинроқ келтирилган Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ҳадисида собит бўлган. Ундан ташқари Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳримани айтсалар, руку қилсалар ва рукудан бошларини кўтарсалар қўлларини қулоқлари (бошқа бир ривоятда: қулоқларининг юмшоқ жойи) баробарида кўтарар эдилар»[5]. Шунга кўра, баъзи уламолар инсон бу икки ҳолатдан қай бирини ихтиёр қилса ҳам бўлаверади, дейишган. Бошқа уламолар эса, бу икки ҳолат ўртасини мувофиқлаштириб, бармоқларнинг учлари қулоқларнинг юмшоқ жойлари, икки кафт эса елка баробарида кўтарилади, дейишган. Биринчи фикр тўғрироқдир, валлоҳу аълам.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Икки қўлни кўтариш вақти:

Ҳадисларда келишича, икки қўлни кўтаришнинг бир неча кўриниши бор:

а) Такбир билан бирга кўтариш. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга оид бир ривоятда: «Такбир айтган пайтда қўлини кўтаради»[6], дейилган.

б) Дастлаб икки қўлни кўтариб, сўнг уларни кўтарган ҳолда такбир айтиш. Муслимга оид бир ривоятда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқимоқчи бўлсалар, қўлларини елкалари баробарида кўтариб, сўнг такбир айтар эдилар», дейилган бўлса, Абу Довудга оид ривоятда эса: «Сўнг қўллари кўтарилган кўйда такбир айтар эдилар», дейилган.

в) Дастлаб такбир айтиб, сўнг икки қўлни кўтариш. Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келишича, у намоз ўқиса, дастлаб такбир айтиб, сўнг икки қўлини кўтарар ва: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар», деган»[7].

  1. Агар икки қўлини мустаҳаб жойга қадар кўтаришга қодир бўлмаса, қодир бўлганича кўтаради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан кучингиз етгунча тақво қилингиз» (Тағобун, 16).

  2. Икки қўлни кўтариш мустаҳаблиги имомга ҳам, муқтадийга ҳам, ёлғиз намоз ўқиган кишига ҳам, шунингдек, фарз ёки нафл намозларга ҳам, тўғрироқ фикрга кўра, эркагу аёлга ҳам тегишлидир. Чунки буларнинг ўртасини ажратувчи бирон далил келмаган.

  3. Ҳаво совуқлиги ва шунга ўхшаш бирон сабабга кўра, инсон қўлларини кийимининг ичига киргизиб намоз ўқиётган бўлса, уларни имкони борича кўтаради. Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга кирар эканлар, икки қўлларини қулоқлари баробарида кўтарганларини кўрдим. Орадан бир муддат ўтиб яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг олдиларига келдим ва намознинг бошида қўлларини кўкраклари баробарида кўтараётганларини кўрдим»[8]. Бир ривоятда келишича, бу ҳолат қаттиқ совуқда юз берган, ўшанда одамлар эгнида қалин кийимлар бўлган[9].

  4. Жаноза ва икки ҳайит намозларида такбирларни айтганда қўлларни кўтариш тўғрисида саҳиҳ ҳадис келмаган. Фақат Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо бу намозлардаги барча такбирларни айтганда қўлларини кўтаргани ҳақида асар мавжуд[10]. Тўғрироқ фикрга кўра, бу намозларда фақат такбири таҳримада қўллар кўтарилади.

[1] «Ал-муғний»дан нақл қилинди, 1/469.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (753), Термизий (240), Насоий (2/124) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (59), Байҳақий (2/27) ривояти.
[4] Бухорий (735, 736, 739), Муслим (390), Абу Довуд (722) ривояти.
[5] Бухорий (737), Муслим (391), Абу Довуд (745), Насоий (1/123), Ибн Можа (859) ривояти.
[6] Бухорий (735, 736, 739), Муслим (390), Абу Довуд (722) ривояти.
[7] Ҳадис тахрижи юқорида ўтди.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (728) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд ривояти, 727.
[10] Саҳиҳ. Бухорий муаллақ ҳолда ривоят қилган, 3/189. Бухорий «Жузъу рафъил ядайн»да (6005) ва Ибн Абу Шайба (3/296) мазкур ҳадис санадини мавсул (туташ) ҳолда келтиришган.

Изоҳ қолдиринг