Дафнга ҳозир бўлганлар қабрга ҳовучларида тупроқ тўкиши

0

172 – Дафнга ҳозир бўлганлар қабрга ҳовучларида тупроқ тўкиши

Маййитни кўмишга ҳозир бўлган кишилар лаҳад беркитилганидан сўнг иккала қўлларини бирлаштирган ҳолатда қабрга уч ҳовуч тупроқ ташлаши мустаҳаб эканини жумҳур уламолар айтиб ўтганлар[1]. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар.

«Бу иш кучли ибрат ва эслатма олинишига сабаб бўлади»[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга (жаноза) намоз ўқидилар, сўнг маййитнинг қабрига келиб, бош тарафидан уч ҳовуч тупроқ ташладилар»[3].

Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дардлари оғирлашиб, у зотни тўла қамраб олганида Фотима разияллоҳу анҳо: «Дард ичра қолган отагинам-эй!» деди. Шунда у зот: «Бугундан кейин отанг бошқа дард чекмайди», дедилар.

У зот вафот этганларида Фотима: «Раббининг чақириғига ижобат қилган отажоним-эй! Манзили Фирдавс жаннати бўлган отажоним-эй! Ўлим хабарингизни Жаброилга айтадиганимиз отажоним-эй!» деб нола чекди[4].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн этилганларидан сўнг Фотима бундай деди: «Эй Анас, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам устларидан ҳовучлаб тупроқ тўкишга қандай кўнгилларинг чопди?!»[5]

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши ҳеч қандай савобга қўл урмай вафот этди. Фақат бир қабрга уч ҳовуч тупроқ тўккан эди, шу сабабли гуноҳлари кечирилди»[6].

Маръий ал-Кармий: «Маййит устидан уч ҳовуч тупроқ тўкиш суннатдир», деган[7].

Ибн Қудома айтади: «Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, у киши жанозага қатнашади. Қабрга тупроқ тўкилаётган пайт ўрнидан туриб, қабр бошига келади ва унга уч ҳовуч тупроқ тўкади. Кейин жойига қайтиб келиб: “Али разияллоҳу анҳу Ибн Мукаффафнинг қабрига қўлида тупроқ тўккани ҳақида саҳиҳ ривоят келган”, дейди»[8].

Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб айтади: «Дафнга ҳозир бўлган киши маййитнинг боши тарафидан уч ҳовуч тупроқ тўкиши мустаҳаб (суннат) ҳисобланади»[9].

Шайх Ибн Усаймин айтади: «Ҳозиргача уламоларимиз шундай қилиб келмоқдалар»[10]. «Бу ишни тик турган ҳолатида бажаради, ўтирган ҳолатида эмас. Чунки тиззалаб ўтирадиган бўлса, одамлар уни мусибат эгаси бўлгани учун шундай қиляпти, (суннатга эргашиб эмас) деб тушуниб қолишлари мумкин. Маълумки, одатда инсонга бирор ваҳима ёки мусибат етса, тиззаси билан чўккалаб ўтириб қолади. Шунинг учун тупроқни тик турган ҳолатида тўкади, тиззалаб ўтирмайди»[11].

Музаний айтади: «Сўнг маййит устидан икки қўли билан ҳовучлаб тупроқ тўкади»[12].

Санъоний айтади: «Ҳадисда қабрга уч ҳовуч тупроқ тўкиш шариатдан эканига далил бор. Бу иш иккала қўлни жамлаб қилинади. Бу ҳақида Омир ибн Рабеанинг ҳадисида «Иккала қўллари билан тупроқ тўкдилар» деб айтилган»[13].

Шайх Абдураҳмон ибн Қосим айтади: «Ҳовучида тупроқ тўкиш деганда икки кафтни бирлаштириш ёки бир кафт билан тупроқ тўкиш тушунилади… Ҳовучлаб тупроқ тўкиш билан киши маййитни кўмишда иштирок этган ҳисобланади»[14].

«Кейин белкурак билан тупроқ ташланаверади»[15]. «Чунки шундай қилинса дафн тезроқ тугайди… Дастлаб ҳовучлаб, сўнг белкурак билан тупроқ ташланади. Чунки биринчи белкурак билан тупроқ ташланса, лаҳадга терилган ғиштлар қулаб кетиши ва дафнга ҳозир бўлган одамлар чанг-тўзондан озорланиши мумкин»[16].

[1] Қаранг: «Ал-ум», 2/158; «Ал-муғний», 3/429; «Ҳошият ал-Хураший», 2/348; «Ҳошият ат-Таҳтовий», 610-611-бетлар.

[2] Ибн Абу Тағлиб аш-Шайбоний (вафоти: 1135 ҳ.). «Найл ал-маориб би-шарҳи далил ат-толиб», 1/231. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Ашқар (вафоти: 1430 ҳ.). Тақсимловчи (дистрибутор): «Дор Уҳуд» нашриёти, биринчи нашр, 1403 ҳ.й.

[3] Ибн Можа ривояти, 1565-ҳадис. Нававий «ал-Мажмуъ»да (5/182) ҳадис санадини «жаййид» (ҳасан) деган. Ибн Ҳажар: «Зоҳиридан санади саҳиҳдир», деган («Ат-талхис ал-ҳабир», 3/1236, 2587-рақам).

[4] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи олимлар ўликка айтиб йиғлаш оз миқдорда бўлса ва ҳақиқатни акс эттирса, жоиз эканига шу ҳадисни далил қилганлар» («Мажмуъ ал-фатово», 3/246, 951-рақам).

[5] Бухорий ривояти, 4462-ҳадис.

[6] Байҳақий «ал-Кубро»да (3/575, 6731) ривоят қилган ва: «Бу бобда мавқуф ва ҳасан бўлган ҳадис шудир», деган.

[7] «Далил ат-толиб», 61-бет.

[8] «Ал-муғний», 3/429.

[9] Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1206 ҳ.). «Одоб ал-машй ила ас-салот» китоби, 236-бет. Шарҳловчи: Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1389 ҳ.), тўпловчи ва тартибловчи: Муҳаммад ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1421 ҳ.). Тўртинчи нашр, 1429 ҳ.й.

[10] «Силсилат муҳозарот ва фатово ал-лиқо аш-шаҳрий», 3/322. «Мактабат Ибн Аббос» нашри, биринчи нашр, 1435 ҳ.й.

[11] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/364.

[12] «Мухтасар ал-Музаний», 56-бет.

[13] Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1182 ҳ.). «Субул ас-салом шарҳ булуғ ал-маром», 2/215. Мусаҳҳиҳ ва шарҳловчи: Халил Хотир. «Ал-Имом» университети нашрларидан, тўртинчи нашр, 1408 ҳ.й.

[14] Шайх Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1392 ҳ.). «Ал-иҳком шарҳ усул ал-аҳком», 2/85. Иккинчи нашр, 1406 ҳ.й.

[15] «Мухтасар ал-Музаний», 56-бет.

[16] «Муғний ал-муҳтож», 2/38. Шунингдек, қаранг: «Асно ал-матолиб шарҳ равз ат-толиб», 2/334.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг