Сийрат: Макка даврида ақидани ўрнатишлари

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қонуниятлар асосида иш тутишлари

Давлат қуриш, умматни тарбиялаб, оёққа турғизиш шубҳасиз, шахс ва миллатлар, элат ва давлатлар ҳаракат йўналишини белгилаб берадиган раббоний қонуниятлар асосида амалга ошади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига диққат қиладиган бўлсак, у зот ҳам ана шундай раббоний қонуниятлар асосида ҳикмат ва ўта катта қувват билан иш юритганлари аён бўлади.

Раббоний қонуниятлар Аллоҳ таолонинг борлиқда жорий этган ҳукмлари бўлиб, улар ҳар бир замон ва маконга тааллуқли ва саноқсиз даражада кўпдир. Биз  учун бу китобда у қонунлардан аҳамиятлиси тикланиш ҳаракатига тааллуқли бўлганларидир.

“Қуръони карим оятларини тафаккур қилган киши оятлар ана шундай ўзгармас қонуниятлар ҳақида сўз юритганини кўради. Оятлар Аллоҳнинг кўрсатмаларига изчил амал қиладиган мусулмон жамият вужудга келиши учун мазкур қонуниятларга урғу қаратганига, улардан ибрат олиб, улар тақозосига кўра амал қилишга ундаганига гувоҳ бўлади. Қуръони карим мусулмонларнинг эътиборини Аллоҳнинг ердаги қонуниятларига жалб этар экан, бу билан уларни ўша қонуниятларга мувофиқ жорий бўладиган асл-асосларга йўллайди. Бутун борлиқ, халқлар, миллатлар ва давлатлар устидан жорий бўлиб турган қонуниятлар ўз ишини белгиланган тартибда амалга оширади ва асло ўзгармайди. Ҳаёт ерда мақсадсиз кечмайди, балки мазкур қонунлар асосида кечади. Агар мусулмонлар бу қонунларни ўрганиб, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунсалар эди, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар остидаги ҳикматни англаб етган бўлар эдилар. Жуда кўп воқеалар ортида яширин мақсадлар уларга равшан бўлар, кўнгиллари ўша воқеаларни юргизган қонуниятга таскин топган бўлар эди. Ёки шу қонуният ортидаги яширин ҳикматлардан хабардор бўлар эдилар. Сўнг йўлларида адашмай манзилларига етиб олар эдилар. Ғалабага эришиш учун унга элтадиган сабабларни ишга солмасдан, ҳозиргидай фақатгина мусулмон бўлганликларига суяниб ўтирмаган бўлар эдилар”[1].

“Ҳаёт устидан ҳукм юритадиган қонуният биттадир. Ўтган замонда воқе бўлган иш ҳамма замонда воқе бўлиши мумкин”[2].

“Мусулмонлар Қуръон ва суннатда улар учун баён этилган Рабларининг қонуниятларини англаб етишлари лозим. Улар шундагина ўзлари истаган ғалабага эришадилар. Чунки ғалаба ўз-ўзича, тасодифан ё янглиш келадиган нарса эмас. Балки, унинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Мўминлар ўша қонун-қоидаларни билиб, тушунган ҳолда амал қилишлари зарур”[3].

“Шахслар ва миллатлар устидан жорий бўлувчи илоҳий қонунлар билан соғлом муомалада бўлишнинг энг биринчи шарти – ана шу қонунларни тўғри тушуниб, уларга қандай амал қилишни билишдир. Буни “қонунлар фиқҳи” деб номласак ҳам бўлади. Сўнг у ҳақдаги тушунчамиздан келиб чиқиб, ижтимоий ва маданий қонунларни ярата оламиз”[4].

Устоз Банно илоҳий қонунлар билан ишлаш усулини баён этар экан, жумладан бундай дейди:

“Коинот қонунларига қарши турманглар. Чунки улар албатта ғалаба қозонади. Лекин уларнинг оқимини ўзгартириб, бирига қарши иккинчисидан ёрдам олиб, уларга ғолиб келишга ҳаракат қилинглар, улардан фойдаланинглар. Ана ундан кейин ғалабани кутишингиз мумкин”[5].

Бу гапдан бир нечта муҳим фойдалар олиш мумкин:

  • Қонуниятлар билан тўқнашмаслик.

  • Уларга ғолиб келиш.

  • Уларни ишлата билиш.

  • Уларни мақсадли йўналишга йўналтириш.

  • Бирига қарши иккинчисидан ёрдам олиш.

  • Ғалаба вақтини кутиш.

Устоз Банно эришган бу натижалар унинг набавий сийратни, исломий тарихни, ўтмиш умматларнинг тажрибаларини чуқур ўрганганига ва воқеликни тўғри тушуниб, иллатга муносиб даво бера олганига далолат қилади.

[1] “Фи зилал ал-Қуръан”, 1/478.
[2] “Фи зилал ал-Қуръан”, 1/487.
[3] Қарзовий, “Жийл ан-наср ал-маншуд”, 15-бет.
[4] “Ал-машруъ ал-исламий линаҳзат ал-умма – қироат фи фикр ал-имом ал-Банно”, 58-бет.
[5] “Рисола ал-мўътамар ал-хомис”, 127-бет.

Изоҳ қолдиринг