Намоз: Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш

0
  1. Сўнг ўнг қўлни чап қўл устига қўяди

Такбири таҳримани айтиб бўлгач, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш намознинг суннатларидан. Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда жумладан бундай дейилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга кирар эканлар, қўлларини кўтарар эдилар. Сўнг (кийимларига) ўралар, сўнг ўнг қўлларини чап қўллари устига қўяр эдилар»[1]. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоятида бундай дейилади: «Сўнг ўнг қўлларини чап кафтларининг орқасига, кафт бўғимлари ва билаклари устига қўяр эдилар»[2].

Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар намозда ўнг қўлларини чап билакларининг устига қўйишга буюрилар эди»[3]. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлишича, у зот намозда ўнг қўллари билан чап қўлларини сиқимлаб турганлар[4]. Олдинроқ ўтган Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «Ва чап қўлларини ўнг қўллари билан тутиб турдилар», дейилган эди.

Демак, мазкур ҳар икки ҳолат ҳам суннатдир:

Биринчиси: ўнг қўл билан чап қўлни сиқимлаб туриш;

Иккинчиси: ўнг қўл билан чап қўлни сиқимламасдан, балки уни чап қўлнинг кафти, кафт бўғими ва билаги устига қўйиб туриш ёки Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисдаги каби уни чап қўлнинг фақат билаги устига қўйиш.

Қиёмда қўлларни қаерга қўйишга келсак, тўғрироқ фикрга кўра, қўллар кўкрак устига қўйилади. Ибн Хузайма «Саҳиҳи»да Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига боғлаб, уларни кўкраклари устига қўяр эдилар»[5]. Шунга кўра, намозда қўлларни биқинга ёки киндик остига қўйиш ёки умуман қўлларни боғламай, икки ёнга узатиб туриш суннатга хилофдир. Ҳадисда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларни биқинга қўйиб намоз ўқишдан қайтардилар»[6], дейилган.  Намозда қўлларни киндик остига қўйишга келсак, бу борада келган ҳадислар заиф ҳадислардир.

[1] Муслим (401), Абу Довуд (723), Аҳмад (4317), Ибн Ҳиббон (1862) ривояти.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд ривояти, 727.
[3] Бухорий (740), Молик (1/159), Аҳмад (5/336), Табароний («Ал-кабир», 6/140) ривояти.
[4] Табароний («Ал-кабир», 22/38), Дорақутний (1/228) саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.
[5] Ибн Хузайма ривояти, 477. Ҳадис ровийлари орасида хотираси яхши бўлмаган Муаммил ибн Исмоил бор. Бироқ ушбу ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа ҳадислар мавжуд. Дарҳақиқат, ушбу ҳадисни Абу Довуд (759) ва Байҳақий (2/30) Товусдан мурсал ҳолда ривоят қилишган. Имом Аҳмад (5/235) Ҳалиб (Ҳулб) ат-Тоий разияллоҳу анҳудан шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган бўлиб, ровийлари ичида «мажҳул» (заиф) ровий бўлмиш Қабиса ибн Ҳалиб бор.
[6] Бухорий (1220), Муслим (545), Абу Довуд (947), Термизий (383), Насоий (2/127) ривояти.

Изоҳ қолдиринг