Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг Румга уруш очишга қарор қилиши ва унга берилган муждалар

0

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Шомни фатҳ этиш ҳақида кўп ўйланар ва фикри-зикри шу билан машғул эди. Бир куни унинг ҳузурига муртадларга қарши урушларни бошқарган қўмондонлардан бири Шураҳбил ибн Ҳасана келиб деди:

– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, сиз Шомга қўшин йўллаш ҳақида фикрлаяпсизми?

– Ҳа, лекин бу ҳақда ҳали ҳеч кимга оғиз очмадим. Нега сўраяпсиз? – деди Абу Бакр.

– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, тушимда сиз одамларни бошлаб, чиқиш қийин бўлган баланд тоққа чиқиб кетаётган экансиз. Бир баланд чўққига кўтарилиб одамларга қарадингиз, асҳобларингиз ёнингизда эди. Сўнг тоғдан пастга иниб, экинзор, қишлоқ ва қўрғонлари бор бир ерга тушдингиз. Мусулмонларга хитоб қилиб: “Аллоҳнинг душманларига қарши урушинг, фатҳ этишингизга ва ғаниматларга эга бўлишингизга мен кафилман”, дедингиз. Мен ҳам улар ичида эканман, қўлимда байроқ бор экан. Сўнг у байроқни кўтариб, бир қишлоққа кириб бордим. Қишлоқ аҳли мендан омонлик сўради, уларга омонлик бердим. Кейин қайтиб келсам, сиз бир катта қалъа ёнида экансиз. Аллоҳ сизга фатҳ этди ва улар сизга таслим бўлдилар. Сўнг Аллоҳ сизга бир тахт насиб этди ва сиз унга ўтирдингиз. Сўнг сизга кимдир: “Аллоҳ сенга фатҳни насиб этгай ва сенга ёрдам берилгай, сен Раббингга шукр эт ва унга тоат эт”, деди. Сўнг манави сурани ўқиди: “Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса ва одамларни Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрсангиз, Раббингизга ҳамду санолар билан тасбеҳ ва истиғфор айтинг. У тавбаларни қабул қилувчи зотдир” (Наср, 1-3). Кейин мен уйғониб кетдим.

– Кўзларинг уйқуда яхшиликни кўрибди, иншооллоҳ, яхшилик бўлади, – деди Абу Бакр, – сен бу тушинг билан менга фатҳ башоратини ва ўлимим хабарини бердинг.

Сўнг Абу Бакрнинг кўзлари ёшланиб, шундай деди:

– Сен кўрган чиқиш қийин йўллар билан тоғ чўққисига кўтарилганимиз ва одамларга юзланганимиз таъбири – биз урушлар ва душманларга рўбарў бўламиз, кўп қийинчиликларга дуч келамиз, сўнг улардан устун бўламиз ва динимиз ғолиб бўлади. Баланд чўққидан текис ерга, экинзорлар, булоқлар, қишлоқлар ва қалъаларга тушишимиз таъбири – бизнинг аввалги оғир ва машаққатли ҳаётимиз анча енгил ҳаётга ўзгаради. Менинг мусулмонларга: “Аллоҳнинг душманларига қарши урушинглар, фатҳ этишингизга ва ғаниматларга эга бўлишингизга мен кафилман” деб айтганим таъбири – мусулмонлар мушриклар диёрларига яқинлашадилар. Мен уларни жиҳодга, ажру савобга ва ўрталарида тақсим этиладиган ғаниматга тарғиб этаман ва улар буни қабул этадилар. Сен қўлингда байроқ билан уларнинг қишлоқларидан бирига кириб боришинг, улар сендан омонлик тилашлари ва сен уларга омонлик беришинг таъбири – сен мусулмонларнинг амирларидан бўласан ва Аллоҳ сенга фатҳни насиб этади. Аллоҳ таоло менга фатҳ қилишни насиб этган қалъа таъбири шуки, Аллоҳ менга фатҳларни насиб этади. Мени тахтда ўтирганимни кўрганингга келсак, бунинг таъбири – Аллоҳ мени юксалтиради ва мушрикларни пастлатади. Зеро, Аллоҳ Қуръонда: “У ота-онасини тахтга чиқарди” (Юсуф, 100), деган. Мени Аллоҳга тоат қилишга чақирган ва “Наср” сурасини ўқиган киши менинг ўлимим хабарини берибди. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ушбу сура нозил бўлганида у зот буни ўз ўлимлари хабари деб қабул қилганлар.

Сўнг Абу Бакр йиғлаб, сўзида давом этди:

– Қасамки, мен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараман, Аллоҳнинг амрига қарши чиққанлар билан урушаман, ер юзининг машриқию мағрибидаги мушрикларга қарши қўшинлар йўллайман, то ҳаммаси “Аллоҳ бир ва шериксиздир” демагунича ё эса бўйин эгиб жизя бермагунича улар билан урушаман. Аллоҳнинг амри ва Пайғамбарининг суннати шудир. Вафот этганимда Аллоҳ мени бу хусусда ожиз, сусткаш ва мужоҳидларнинг ажру савоблари борасида лоқайд ҳолда топмагай[1].

Бу солиҳ (ўнгидан келувчи) туш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида башорат берган муждалардан бири эди. У зот: “Нубувват тугади, фақат ундан айрим мужда берувчилар қолди”, дедилар. «Мужда берувчилар нима?» деб сўралганида: “Солиҳ тушлар”, дедилар[2].

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бу тушдан руҳланиб, шу пайтгача ўйланиб келган ишларини амалга оширишга азм этди ва хаёлларини ҳақиқатга айлантириш ҳаракатини бошлади. Шомга ғазот бошлаш қарорини эълон қилди ва бу хусусда шўро мажлиси чақирди.

[1] Ибн Асокир. «Тарихи Димашқ», 2/26, 61.
[2] Бухорий. «Китоб ат-таъбир», 6990.

Изоҳ қолдиринг