Дарҳақиқат, муфассирлар Одам алайҳиссаломга сажда қилишга буюрилган фаришталар хусусида ихтилоф қилганлар. Ихтилоф мазмуни шундан иборатки, сажда қилишга буюрилган фаришталар барча фаришталарми ёхуд фақат ер юзидаги фаришталарми? Оятларда “фаришталар” сўзи умумий равишда тилга олингани ва ҳикоя мазмунидан хулоса қилинса, биринчи фикр, яъни барча фаришталар Одам алайҳиссаломга сажда қилишга буюрилганлиги келиб чиқади. Қолаверса, аксар уламоларнинг фикри ҳам шундай.
Шунингдек, бу фикрни ҳадисда келган: “Унга (яъни Одам алайҳиссаломга) фаришталарини сажда қилдирди“, деган сўз ҳам қўллаб-қувватлайди. Зеро, ҳадисдаги “фаришталарини” сўзи умумийликни, яъни барча фаришталарнинг Одамга сажда қилганини ифода қилади, валлоҳу аълам[1].