Намоз: Истифтоҳ дуосини айтиш

0
  1. Сўнг истифтоҳ дуосини айтади

Истифтоҳ дуоси деганда сано назарда тутилади. Аксар илм аҳлининг фикрига кўра, намозни бошлашда истифтоҳ дуосини айтиш суннатдир. Бу дуо қироатдан олдин айтилади. Истифтоҳ дуоси борасида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан:

1 – Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳримани айтиб намозга кирсалар озроқ вақт жим бўлиб қолар эдилар. Дедим: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, такбири таҳрима билан қироат ўртасида нималарни айтасиз?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳумма бааъид байний ва байна хотойая кама бааъадта байнал-машриқи вал-мағриб. Аллоҳумма наққиний мин хотойая кама юнаққас-савбул абязу минад-данас. Аллоҳумма иғсилний мин хотойая бил-мааи вас-салжи вал-барад»[1].

اللهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ، اللهُمَّ نَقِّنِي مِنْ خَطَايَايَ كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الْأَبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللهُمَّ اغْسِلْنِي مِنْ خَطَايَايَ بِالثَّلْجِ وَالْمَاءِ وَالْبَرَدِ

Маъноси: «Ё Аллоҳ, мен билан гуноҳларим ўртасини худди машриқ билан мағриб ўртасини узоқ қилганингдек узоқ қил. Ё Аллоҳ, мени худди оппоқ кийим кирларидан тозаланганидек гуноҳларимдан покла. Ё Аллоҳ, мендан гуноҳларимни сув, қор ва дўл билан юв».

2 – Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у такбири таҳримадан сўнг бундай дер эди: «Субҳаанака Аллоҳумма ва биҳамдика ва табаарока исмука ва таъаала жаддука вала илааҳа ғойрук»[2].

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

Маъноси: «Ё Аллоҳ, Сенга ҳамд айтиш билан бирга Сени барча айб ва нуқсонлардан поклайман. Сенинг исминг баракотли, улуғворлигинг олий бўлди. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир».

3 – Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши намозга келиб, сафга қўшилди. Шошилиб келганидан нафаси қисилиб, ҳансираб қолган эди. Намозга киргач: «Алҳамдулиллаҳи ҳамдан касийрон тоййибан мубаарокан фийҳ», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатгач: «Бу сўзларни ким айтди?» дедилар. Одамлар сукут қилишди. «Ким айтди? – такрор сўрадилар у зот, – Ким айтган бўлса ҳам ёмон сўз айтмади. Дарҳақиқат, ўн иккита фариштанинг у сўзларни ёзиб олиб, осмонга олиб чиқиш учун шошилганларини кўрдим»[3].

الْحَمْدُ لِلَّهِ حَمْدًا كَثِيرًا طَيِّبًا مُبَارَكًا فِيهِ

Маъноси: «Аллоҳга кўп, (риёдан) пок ва баракали ҳамд-сано бўлсин».

4 – Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турсалар такбири таҳримани айтар, сўнг: «Важжаҳту важҳия лиллазий фаторос-самааваати вал-арзи ҳанийфан ва маа ана минал-мушрикийн. Инна солаатий ва нусукий ва маҳйая ва мамаатий лиллааҳи Роббил ааламийна лаа шарийка лаҳ. Ва бизалика умирту ва ана минал-муслимийн. Аллоҳумма антал-малику лаа илааҳа илла анта. Анта Роббий ва на абдук. Золамту нафсий ваътарофту би занбий, фағфирлий зунубий жамейъан. Иннаҳу лаа яғфируз-зунууба илла анта. Ваҳдиний ли аҳсанил-ахлаақ, ла яҳдий ли аҳсаниҳаа илла анта. Васриф анний саййиаҳаа, лаа ясрифу анний саййиаҳаа илла анта. Лаббайка ва саъдайка вал-хойру куллуҳу фий ядайка, ваш-шарру лайса илайка. Ана бика ва илайка. Табаарокта ва таъаалайта. Астағфирука ва атуубу илайка»[4].

وَجَّهْتُ وَجْهِي لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ حَنِيفًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ إِنَّ صَلَاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لَا شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ اللَّهُمَّ أَنْتَ الْمَلِكُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، أَنْتَ رَبِّي وَأَنَا عَبْدُكَ ظَلَمْتُ نَفْسِي وَاعْتَرَفْتُ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي ذُنُوبِي جَمِيعًا إِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ وَاهْدِنِي لِأَحْسَنِ الْأَخْلَاقِ لَا يَهْدِي لِأَحْسَنِهَا إِلَّا أَنْتَ وَاصْرِفْ عَنِّي سَيِّئَهَا لَا يَصْرِفُ سَيِّئَهَا إِلَّا أَنْتَ، لَبَّيْكَ وَسَعْدَيْكَ وَالْخَيْرُ كُلُّهُ فِي يَدَيْكَ وَالشَّرُّ لَيْسَ إِلَيْكَ أَنَا بِكَ وَإِلَيْكَ تَبَارَكْتَ وَتَعَالَيْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Маъноси: «Юзимни осмонлар ва ерни беқиёс услубда яратган Зотга ботилдан юз ўгириб, ҳаққа мойил бўлган ҳолда холис ибодат билан қаратдим. Мен мушриклардан эмасман. Дарҳақиқат, намозим, Аллоҳ учун қилган барча ибодатларим ва шу жумладан қурбонлигим, ҳаётим ва мамотим оламлар Рабби Аллоҳга хосдир. Унинг шериги йўқ. Мен шунга буюрилдим ва мен мусулмонларданман. Ё Аллоҳ, Сен подшоҳсан, бутун оламнинг мулки Сеникидир. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сен менинг Раббимсан, мен эса Сенинг қулингман. Мен ўзимга зулм қилдим ва гуноҳимни эътироф этдим. Шундай экан, барча гуноҳларимни мағфират қил. Зеро, Сендан ўзга гуноҳларни кечирадиган зот йўқ. Мени гўзал хулқларга бошла. Зеро, гўзал хулқларга фақат Сен бошлайсан. Мендан ёмон хулқларни бур. Ёмон хулқлардан фақат Сен бурасан. Мен мудом Сенинг амринг ва тоатингни бажарувчи, динингга эргашувчиман. Барча яхшилик Сенинг қўлингдадир. Ёмонлик Сенга нисбат берилмайди. Мен Сен билан борман ва Сен билан ҳидоят топаман. Мен Сенга илтижо қиламан ва Ўзингга қайтаман. Сенинг хайр-бараканг кўп ва доимийдир, Зотинг ҳам, сифатларинг ҳам олий ва юксакдир. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавба қиламан».

5 – Осим ибн Ҳумайддан ривоят қилинади: «Ойша разияллоҳу анҳодан сўрадим: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозда қайси истифтоҳ дуосини ўқир эдилар?» Деди: «Мендан шу пайтгача ҳеч ким сўрамаган нарса ҳақида сўрадинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намозга турсалар, ўн марта такбир (Аллоҳу акбар), ўн марта таҳмид (алҳамдулиллаҳ), ўн марта тасбеҳ (субҳаналлоҳ), ўн марта таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ва ўн марта истиғфор айтар эдилар. Сўнг: «Аллоҳумма иғфирлий, ваҳдиний, варзуқний ва аафиний. Аъузу биллаҳи мин зийқил мақоми явмал қийамаҳ», деб айтар эдилар»[5].

اللَّهَ أَكْبَرُ، الْحَمْدُ للَّهِ، سُبْحَانَ اللَّهِ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ، اسْتَغْفَرَ اللَّهَ

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَاهْدِنِي وَارْزُقْنِي وَعَافِنِي، أَعُوذُ بِاللَّهِ مِنْ ضِيقِ الْمَقَامِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

Маъноси: «Ё Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил, мени ҳидоят қил, Менга ризқ ато эт, Мени дунё ва охиратдаги барча офатлардан саломат қил. Аллоҳдан қиёмат кунининг қийинчиликларидан паноҳ тилайман».

6 – Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намоз ўқисалар намозларини қуйидаги истифтоҳ дуоси билан бошлар эдилар: «Аллоҳумма Робба Жибрийла ва Мийкааийла ва Исрофийл, фаатирос-самааваати вал-арз. Аалимал ғойби ваш-шаҳаадаҳ. Анта таҳкуму байна ибаадика фийма каануу фийҳи яхталифуун. Иҳдиний лима ухтулифа фийҳи минал-ҳаққи би изник. Иннака таҳдий ман ташаау ила сиротим-мустақийм»[6].

اللَّهُمَّ رَبَّ جِبْرِيلَ وَمِيكَائِيلَ وَإِسْرَافِيلَ، فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ، عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ، أَنْتَ تَحْكُمُ بَيْنَ عِبَادِكَ فِيمَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ، اهْدِنِي لِمَا اخْتُلِفَ فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإِذْنِكَ، إِنَّكَ تَهْدِي مَنْ تَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

Маъноси: «Эй Аллоҳ, Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Рабби, Эй осмонлар ва ерни яратган, ғайб ва кўриниб турган нарсаларни билувчи Зот. Сен бандаларинг ихтилоф қилган ҳақ дин борасида улар ўртасида ҳукм чиқарувчисан. Ўзингнинг тавфиқинг ила мени одамлар ихтилоф қилган ҳақ йўлга ҳидоят қил. Зеро, Сен истаган бандангни тўғри йўлга ҳидоят қиласан».

7 – Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда таҳажжуд намози ўқиш учун турсалар бундай дер эдилар: «Аллоҳумма лакал-ҳамду, анта қоййимус-самааваати вал-арзи ва ман фийҳинн. Ва лакал-ҳамду, анта нурус-самааваати вал-арзи ва ман фийҳинн. Ва лакал-ҳамду, анта мааликус-самааваати вал-арзи ва ман фийҳинн. Ва лакал-ҳамду, антал-ҳаққу ва ваъдукал-ҳаққу ва лиқоука ҳаққун, ва қовлука ҳаққун, вал-жаннату ҳаққун, ван-наару ҳаққун, ван-набиййууна ҳаққун, ва Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллама ҳаққун, вас-сааъату ҳаққун. Аллоҳумма лака асламту ва бика ааманту ва алайка таваккалту  ва илайка анабту ва бика хоосамту ва илайка ҳаакамту. Фағфирлий маа қоддамту ва маа аххорту ва маа асрорту ва маа аъланту. Антал-муқоддиму ва антал-муаххир. Ла илааҳа иллаа анта ва лаа илааҳа ғойрук. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ»[7].

Абу Довудга оид бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони таҳажжудда такбири таҳримадан кейин айтганлар.

اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ أنت قَيِّمُ السموات وَالْأَرْضِ وَمَنْ فِيهِنَّ، وَلَكَ الْحَمْدُ أنت نور السموات وَالْأَرْضِ وَمَنْ فِيهِنَّ، وَلَكَ الْحَمْدُ أنت مالك السموات وَالْأَرْضِ وَمَنْ فِيهِنَّ وَلَكَ الْحَمْدُ أَنْتَ الْحَقُّ، وَوَعْدُكَ الْحَقُّ، وَلِقَاؤُكَ حَقٌّ، وَقَوْلُكَ حَقٌّ، وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ، وَالنَّبِيُّونَ حَقٌّ، وَمُحَمَّدٌ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَقٌّ، وَالسَّاعَةُ حَقٌّ، اللَّهُمَّ لَكَ أَسْلَمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ، وَإِلَيْكَ أَنَبْتُ وَبِكَ خَاصَمْتُ وَإِلَيْكَ حَاكَمْتُ، فَاغْفِرْ لِي مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ وَمَا أَسْرَرْتُ وَمَا أَعْلَنْتُ، أَنْتَ الْمُقَدِّمُ وَأَنْتَ الْمُؤَخِّرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ

Маъноси: «Ё Аллоҳ, барча ҳамд-сано Сенга хосдир. Зеро, Сен осмонлар, ер ва улардаги барча махлуқотнинг бошқарувчиси ва парвариш этувчисисан. Барча ҳамд-сано Сенга хосдир. Сен осмонлар, ер ва улардаги барча махлуқотга нур ато этувчисан. Барча ҳамд-сано Сенга хосдир. Сен осмонлар, ер ва улардаги барча махлуқотнинг эгасисан. Барча ҳамд-сано Сенга хосдир. Сен зоти, сифатлари, ҳукмлари ва ишлари ҳақ бўлган Зотсан. Сенинг ваъданг ҳақ, Сенга йўлиқиш ҳақ, сўзинг ҳақ, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, пайғамбарлар ҳақ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ, қиёмат ҳақ. Ё Аллоҳ, Сенга бўйсундим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим – суяндим, тавба қилиб Ўзингга қайтдим, Сен билан (яъни менга берган ҳужжатларинг билан) хусуматлашдим, ҳукм чиқаришинг учун Ўзингга мурожаат қилдим. Шундай экан, шу пайтгача қилган ва келгусида қилажак ҳамда махфий ва ошкора қилган гуноҳларимни мағфират қил. Олдинга ўтказувчи ҳам, кейинга сурувчи ҳам ёлғиз Ўзингсан. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Агар Аллоҳ насиб этмаса бирон ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш (масалан, гуноҳни ташлаб тоат-ибодатга ўтиш) йўқ. Шунингдек, Аллоҳнинг ёрдами ва мадади бўлмаса бирон ҳолатда давом этиш, собит туриш ҳам йўқдир».

8 – Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунда намоз ўқиганларини кўрган. У зот (қалбда ният қилганларидан кейин) бундай деганлар: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, зул-малакуути вал-жабаруути вал-кибрийаи вал-азамаҳ»[8].

اللَّهُ أَكْبَرُ، اللَّهُ أَكْبَر، اللَّهُ أَكْبَر، ذُو الْمَلَكُوتِ وَالْجَبَرُوتِ وَالْكِبْرِيَاءِ وَالْعَظَمَةِ

Маъноси: «Чексиз мулк-салтанат соҳиби, махлуқотларини истаган ишига бўйсундирувчи, бандаларидан юксак ва юқори бўлган, бутун махлуқот Унга бош эгувчи бўлган Аллоҳ барча нарсадан катта ва улуғдир».

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсон мазкур истифтоҳ дуолари (санолар)ни галма-галдан айтиб юриши мақсадга мувофиқдир. Ўшанда суннатнинг ҳаммасига амал қилган, суннатни жонлантирган бўлади. Қолаверса, шундай қилиш намозда қалбнинг уйғоқ ва ҳушёр туришига ёрдам беради. Чунки инсон доимо бир нарсани айтаверса, одатга айланиб қолади»[9].

  2. Уламолар жаноза намозида истифтоҳ дуоси ўқиш ёки ўқимаслик хусусида ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, жаноза намозида истифтоҳ дуоси ўқилмайди. Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Имом) Аҳмаддан жаноза намозида «субҳонака» (сано)ни ўқиш ҳукми ҳақида сўралганини эшитдим. Аҳмад: «Бу ҳақда бирон ҳадис эшитмаганман», деб жавоб берди»[10].

[1] Бухорий (744), Муслим (598), Абу Довуд (781), Насоий (1/50), Ибн Можа (805) ривояти.
[2] Муслим (399), Ҳоким (1/361), Дорақутний (1/299) ривояти.
[3] Муслим (600), Абу Довуд (763), Насоий (2/132) ривояти.
[4] Муслим (771), Абу Довуд (760), Термизий (266, 3422), Насоий (2/129), Ибн Ҳиббон (1772) ривояти.
[5] Ҳасан. Абу Довуд (766), Ибн Можа (1356), Насоий (3/208) ривояти.
[6] Муслим (770), Абу Довуд (767), Термизий (3420), Насоий (3/212), Ибн Можа (1357) ривояти.
[7] Бухорий (1120), Муслим (769), Абу Довуд (771), Термизий (3418), Насоий (3/309), Ибн Можа (1355) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (874), Насоий (2/199) ривояти. Ҳадиснинг асли «Саҳиҳи Муслим»да (772) келган.
[9] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/62.
[10] «Масоили Абу Довуд», 153.

Изоҳ қолдиринг