ДАФНДАН КЕЙИНГИ ИШЛАР: Қабрни текис қилиш ёки ердан бир қарич кўтариш, қабр ичига шифт қуриш

0

БЎЛИМ

Дафндан кейинги ишлар

179 – Қабрни текис қилиш ёки ердан бир қарич кўтариш

Қабрни ер билан баравар текис қилиш ёки ердан бир қарич миқдорда кўтариб қўйиш жоиз эканида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ[1].

Жумҳур уламолар қабрни ердан бир қарич миқдорида кўтариб қўйиш афзал деб фикр билдирганлар[2]. «Абу Бакр ибн Айёшга Суфён ат-Таммор айтиб беришича, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ердан бир қарич миқдорда кўтарилган ҳолатда кўрган экан»[3].

Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг набираси Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади: «Ойша разияллоҳу анҳонинг олдига кирдим ва: “Онажон, менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан икки ҳамроҳларининг қабрларини кўрсатинг”, дедим. У менга учта қабрни кўрсатди. Улар на баланд ва на ерга ёпишган паст бўлиб, устига майда қизил тошлардан ташлаб қўйилган эди»[4].

Ибн Туркумоний айтади: «Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да келтиради: Исо ибн Юнус Суфён ат-Таммордан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари бўлган уйга кирдим. У зотнинг, Абу Бакр ва Умарнинг қабрларини ердан бир қарич миқдорда кўтариб қўйилган ҳолатда кўрдим”».

Яна шу китобда келади: «Бизга Яҳё ибн Саид Суфёндан, у Абу Ҳусойндан, у эса Шаъбийдан сўзлаб берди: “Уҳуд шаҳидларининг қабрлари ердан бир қарич миқдорда кўтарилган қабрлар эканини кўрдим”»[5].

Бу икки санад саҳиҳдир.

Имом Табарий бир жамоа олимлардан ривоят қилишича, қабрни ердан бир миқдор кўтариш суннатдир. Уларнинг далили қуйидагича: қабрлар шакли олдингиларга эргашиб қилинадиган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ишдир. Мусулмонлар қадимдан то ҳозиргача қабрларини бир қарич миқдорда кўтариб келганлар. Шундан сўнг Табарий айтади: «Бизга Ибн Башшор Абдураҳмондан сўзлаб берди: Холид ибн Абу Усмондан ривоят қилинади: “Ибн Умарнинг қабри ердан бир қарич миқдор кўтарилганини кўрдим”».

Табарий айтади: «Мазкур икки ишнинг биридан четга чиқмасликни ёқтираман: қабрни ер баробар текис қилиш ёки бир қарич миқдорда кўтариш. Зеро, қадимдан мусулмонлар шундай қилиб келганлар»[6].

Қолаверса, «қабрни ер баробарида текислаш рофизий-шиаларнинг белгиларидан»[7], «яҳуд ва насороларнинг ишларидандир»[8].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг қабрлари баланд ҳам, ерга ёпишган ҳам эмас эди. Олижаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг икки саҳобаси Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумонинг қабрлари ҳам шундай бўлган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ердан бир қарич миқдорда кўтарилган, устига сойнинг қизил тошчаларидан ташлаб қўйилган, қабр устига бино қурилмаган ва сувалмаган ҳолатда эди. Икки ҳамроҳларининг қабрлари ҳам шундай бўлган»[9].

180 – Қабр ичига шифт қуриш

Қабрга ички тарафидан шифт қуриш жоиз эмас. «Чунки бу иш давомий ва барқарор шариатимизга тескаридир. Қадимдан мусулмонлар маййитни кўмганларидан сўнг устидан тупроқ тортиб, қабрни ердан бир миқдор кўтариб келадилар.

Қолаверса, қабрга бу каби шифт қилиш қабр устига бино қуриш бўлиб қолади. Бундай қилишдан қайтарилганмиз»[10].

[1] Ибн Ҳажар айтади: «Ихтилоф бу икки ҳолатнинг жоиз ёки ножоиз эканида эмас, балки қай бири афзал эканидадир» («Фатҳ ал-Борий», 3/257).

[2] Қаранг: Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. «Ал-асл», 1/377; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 3/437; Нававий. «Ал-мажмуъ», 5/188; Қарофий. «Аз-захира», 2/479.

[3] Бухорий ривояти, 1390-ҳадис.

[4] Абу Довуд ривояти, 3220-ҳадис.

[5] Ҳадис тахрижи масала бошида ўтди.

[6] «Ал-жавҳар ан-нақий», 4/4.

[7] «Ал-муҳаззаб», 1/451.

[8] «Бадоиъ ас-саноиъ», 2/363.

[9] «Зод ал-маод», 1/505.

[10] «Ас-сайл ал-жаррор», 1/726-727.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг