Намоз: Истиозани айтиш

0
  1. Сўнг истиоза – «аузу биллаҳ»ни айтади

Истиоза намозда қироат қилингани учун айтилади. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръонни тиловат қилмоқчи бўлсангиз, Аллоҳдан Унинг раҳматидан қувилган шайтондан паноҳ тиланг» (Наҳл, 98). Намозда истиозани айтиш суннат ва у овоз чиқармасдан айтилади.

Истиозанинг кўриниши:

«Аузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи, ва нафхиҳи, ва нафсиҳ» ёки «Аузу биллааҳис-самейъил алийми минаш-шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи, ва нафхиҳи, ва нафсиҳ»[1].

أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ مِنْ هَمْزِهِ وَنَفْخِهِ وَنَفْثِهِ

Маъноси: «Аллоҳдан Унинг раҳматидан қувилган шайтондан, унинг васвасаси, чалиши, қалбга соладиган кибри ва шеъридан паноҳ сўрайман».

أَعُوذُ بِاللهِ السَّمِيعِ الْعَلِيمِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ، مِنْ هَمْزِهِ، وَنَفْخِهِ، وَنَفْثِهِ

Маъноси: «Барча нарсани эшитувчи ва билувчи Аллоҳдан Унинг раҳматидан қувилган шайтондан, унинг васвасаси, чалиши, қалбга соладиган кибри ва шеъридан паноҳ сўрайман».

Жубайр ибн Мутъим разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни истифтоҳ дуосини ўқигач бундай деганларини кўрдим: «Аллоҳумма инний аъузу бика минаш-шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи, ва нафхиҳи, ва нафсиҳ»[2].

Истиозани айтиш вақти:

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, истиоза фақат биринчи ракаатда айтилади. Қолган ракаатларда эса, истиоза айтмасдан қироатни тўғридан-тўғри Фотиҳа сурасини ўқиш билан бошлайверади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи ракаатга турсалар, қироатни «Алҳамду лиллаҳи Роббил ааламийн»ни ўқиш билан бошлар, (такбири таҳрима билан қироат ўртасида) жим туриб қолмас эдилар»[3]. Ушбу ҳадис шуни кўрсатадики, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотиҳадан олдин на истифтоҳ дуосини ва на истиозани ўқиганлар. Чунки унда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «(такбири таҳрима билан қироат ўртасида) жим туриб қолмас эдилар», дейди. Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да ва Шавконий «Найл ал-автор»да мазкур фикрнинг бу борада тўғрироқ фикр эканини айтишган.

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, истиоза ҳар бир ракаатда айтилиши лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг «Қуръонни тиловат қилмоқчи бўлсангиз, Аллоҳдан Унинг раҳматидан қувилган шайтондан паноҳ тиланг» (Наҳл, 98) деган умумий сўзи ҳар қандай қироат олдидан истиоза айтишни тақозо этади. Ушбу фикрни Шайх Албоний тўғрироқ деб билган. Албонийнинг фикрича, юқоридаги ҳадисдаги «жим туриб қолмас эдилар» деган сўздан мурод ҳадис ровийси Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг истифтоҳ дуоси тўғрисидаги ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан у ҳақда сўраган «жим туриш»дир. Бу жим туриш фақат истифтоҳ дуосига тегишлидир, истиоза ва бисмиллоҳни айтишга эмас.

[1] Мазкур икки ривоят бир қанча йўллардан собит бўлган бўлиб, уларни Шайх Албоний жамлаб, ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган. Қаранг: «Ирво ал-ғалил», 342. Шунингдек, қаранг: «Сунани Абу Довуд», 764; «Сунани Ибн Можа», 807.
[2] Ўтган манбага қаранг.
[3] Саҳиҳ. Муслим ривояти, 599 (муаллақ тарзда). Шунингдек, ҳадисни Ибн Хузайма (1603) ва Ибн Ҳиббон (1936) ривоят қилишган, Ибн Хузайма саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг