Эй иймон келтирганлар (66): Аллоҳдан тақво қилиш ва тўғри сўзлаш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан тақво қилинг ва фақат тўғри сўзни сўзланг. Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглаб қўяди ва гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳ ва Расулига итоат этса, дунёю охиратда улкан зафарга эришибди” (Аҳзоб, 70-71).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, юқорида ўтган шарҳлардан ҳам билганингиз каби, Аллоҳ таоло иймон келтирган бандаларини бирон ишга буюриш ё бирон ишдан қайтариш, итоат этсалар жаннат хушхабарини бериш, осийлик қилсалар дўзах билан қўрқитиш учун уларга мўминлик сифатлари билан нидо қилади. Бу Аллоҳнинг уларга бўлган раҳмати ва эҳсони сабаблидир, токи мўминлар баркамол ҳаётга эришсинлар ва икки дунёда саодат топсинлар. Бу нидода ҳам Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан тақво қилинг”, деб мўминларни тақвога ва Аллоҳга итоат этишга буюрди. Чунки иймондан кейин Аллоҳнинг дўстлигини қозонишга олиб борувчи сифат тақводир. Аллоҳ кимнинг дўсти бўлса, унга хавф-хатар йўқ ва у ғамгин ҳам бўлмас. Ким Аллоҳга душман бўлса, унга омонлик йўқ ва у ҳаргиз рўшнолик кўрмас.

Тақвонинг моҳияти Аллоҳдан қўрқиш бўлиб, у бандани Аллоҳ буюрган ва қайтарган зоҳиру ботин ишларда Унга осийлик қилмасликка етаклайди. Бу эса ўз навбатида Аллоҳ мўмин бандаларини буюрган ва қайтарган эътиқодлар, сўзу амаллар ва сифатларни ўрганишга ундайди. Ўзини тоатга мажбурлаб, ҳузур-ҳаловат ва хотиржамлик даражасига эришгунича нафсига қарши жиҳод қилишга, унинг ислоҳи йўлида саъй-ҳаракатда бўлишга тезлайди. Буни амалга ошира олган мўмин Аллоҳга тоат-ибодат билан шодланадиган, гуноҳ-маъсиятдан ғамгин бўладиган бўлади. Бир сўз билан айтганда, унинг ҳоли Аллоҳга йўлиқишга иймон келтирган, Унинг қазою қадарига рози бўлган, Аллоҳ берганига қаноат қилган ҳолатга етади. Солиҳ кишиларнинг дуоларида келганидек: “Аллоҳим, Сенга йўлиқишга иймон келтирувчи, қазою қадарингга рози бўлувчи ва берганингга қаноат қилувчи хотиржам-сокин нафс сўрайман”. Эй Аллоҳ, бизларни ҳам шундай зотлар жумласидан қилгин.

Ва фақат тўғри сўзни сўзланг”. Яъни  мўмин киши гапирса фақат рост сўзни сўзлаши, зарардан холи ва фойдали гап гапириши, аҳамиятга эга, яхши таъсирли сўзлар айтиши лозим.

Тўғри сўзга қуйидагича таърифлар берилган: “Тўғри сўз – Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳдир”, “Чин ният-тўғри мақсад”, “Зоҳири ботинига монанд сўз”, “Ўзгани қўйиб, ёлғиз Аллоҳнинг юзи исталган сўз ва амал”. Бу таърифларнинг бари ҳақ ва булардан бошқа таърифлар ҳам бор, зеро Аллоҳ мўминларни буюрган тўғри сўз буларнинг барини ўз ичига олади.

Шуни билингки, Аллоҳ таоло ишларимиз ўнгланиши ва гуноҳларимиз мағфират этилишини Аллоҳдан тақво қилишимиз ҳамда бир-биримизга фақат рост-тўғри сўзлар сўзлашимиз самараси қилиб қўйди. Мана шу икки нарса – ишлар ўнгланиши ва гуноҳлар кечирилиши рўёбга чиқса, икки дунё саодати қўлга киритилади. Бунинг сири шундаки, Аллоҳдан тақво қилиш нафсни поклайди, нафсни поклаш билан охиратда мукаммал саодатга эришилади. Аллоҳ таоло деди: “Нафсини поклаган киши нажот топди” (Шамс, 9). Нажот топиш – дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш деганидир.

Тўғри сўз эса олди-сотди, бузиш-қуриш, никоҳ-талоқ, мусофир-муқимлик ва булардан бошқа инсон учун зарур бўлган дунёвий ишларни ислоҳ қилади.

Аллоҳ таоло ўзининг дўстлари бўлмиш мўмин бандаларига нақадар тўғри йўл кўрсатишига, уларни икки ишга – тақво қилиш ва тўғри сўз сўзлашга буюришидаги лутф-карамига боқинг.

Ишларнинг ўнгланиши ва гуноҳларнинг мағфират этилишини бу икки ишнинг мукофоти қилиб қўйганига қаранг. Бундан ортиқ матлаб бўлурми?

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига инъом-эҳсонини янада зиёда қилиб: “Ким Аллоҳ ва Расулига итоат этса, дунёю охиратда улкан зафарга эришибди”, деб марҳамат қилди. Аллоҳ ва Расулига итоат этиш – амр ва наҳийда, тарғиб ва тарҳибда, нафл ва макруҳлардадир. Улкан зафар эса икки дунё саодатига эришишдир. Дунёдаги саодат хотиржамлик, қалб кенглиги билан бўлган фаровон ҳаёт, омонлик, доимий иззат-икромдир. Охиратдаги саодат эса дўзахдан нажот топиб, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар даврасида бўлишдир. Аллоҳ таоло деди: “Ким Аллоҳ ва Расулига итоат қилса, ана ўшалар Аллоҳ уларга жаннатни инъом этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўладилар. Улар эса жаннатдаги энг яхши ҳамроҳлардир” (Нисо, 69-70).

Ушбу нидо шарҳини сиз азиз ўқувчиларга тақвонгиз зиёда бўлишига сабаб бўлажак бир ривоят билан тугалламоқчиман. Буни Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган, Ибн Касир тафсирида зикр қилган: Кунларнинг бирида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан пешин намозини ўқигач, уларга “ўтиринглар” деб ишора қилдилар. Ўтиришгач, уларга бундай дедилар: “Аллоҳ таоло менга сизни тақво қилиш ва тўғри сўзни сўзлашга буюришимни амр этди”. Шундан сўнг аёллар олдига келиб, уларга ҳам: “Аллоҳ таоло менга сизни тақво қилиш ва тўғри сўзни сўзлашга буюришимни амр этди” дедилар.

Бу нидонинг охири ҳам унинг аввалидек бўлди. Бандаларига марҳаматли Аллоҳга ҳамду сано бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг