Сийрат: Даъватда тадрижийлик Аллоҳнинг гўзал қонуниятларидан

0

Даъватни йўлга қўйиш, исломий давлат қуриш, маданиятли, раббоний, намунали инсонни яратиш ишида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам етакчилик қилган илк исломий ҳаракат мазкур қонунларга бўйсунган эди. Уларнинг айримлари юқорида зикр этилди. Жумладан: маданиятни яратиш учун етакчиликнинг муҳимлиги, ботилга қарши курашда тартиб-интизомли мўмин жамоанинг муҳимлиги, ақида, ахлоқ, ибодатлар, қадриятлар, тасаввурлар олинадиган манҳажнинг муҳимлиги каби. Аллоҳнинг гўзал қонуниятларидан бири – тадрижийлик йўлидир. Бу Аллоҳ таолонинг ҳам бандалари ичидаги, ҳам коинотдаги қонунидир. Уммат Аллоҳнинг дини ҳукмрон бўлиши учун ҳаракат қилар экан, мазкур қонунга риоя қилиши шартдир.

Бу қонуннинг бошланиш нуқтаси қуйидагичадир: аввало йўл жуда ҳам узоқ. Хусусан жаҳолат ҳукмрон бўлган ва бор таёргарлигини ҳозирлаб қўйган бундай замонда аҳвол янада оғир. Ёмонлик ва фасод миллатлар ичида чуқур илдиз отган. Уни қўпориб ташлаш тадрижийликни талаб қилади.

Исломий даъват тадрижий равишда бошланган, аста-секинлик билан тарқалган эди. Дастлаб танлаш ва асослаш босиқичи бўлди. Сўнг қаршилик кўрсатиш ва кураш босқичи, ундан кейин эса ғалаба босқичи келди. Бу босқичлар ҳаммаси бир вақтнинг ўзида содир бўлиши мумкин эмас эди. Агар ҳаммасини бир вақтнинг ўзида амалга оширишга ҳаракат қилинганда эди, оғир машаққат юзага келган бўлар эди. Шунингдек, бир босқични ўзидан олдинги босқичдан олдин амалга ошириш ҳам тўғри бўлмайди. Агар шундай қилинганда эди, тартибсизлик вужудга келган бўлар эди[1].

Бу қонунга эътибор қаратиш ниҳоятда муҳимдир. Чунки даъват майдонида ишлайдиган баъзи соддадил кишилар бир кун-ярим кун ичида ғалаба қозонамиз, деб ўйлайдилар. Исломий умматнинг бошига тушган воқеликни кўз очиб юмгунча тузатиб қўямиз, деб гумон қиладилар. Ҳолбуки, бу ишларининг оқибатини билмайдилар, шароитларни тушунмайдилар. Бу воқеликни қамраб олган муҳитни идрок эта олмайдилар. Ҳали муқаддима ёки услублар ва воситалар учун яхши тайёргарлик ҳам кўрмаганлар[2].

“Агар биз Қуръонни ва суннатни чуқур ўргансак эди, Пайғамбар алайҳиссалом бошқарган исломий ҳаракат аввал араб диёрларида, сўнг бутун оламга тадрижий равишда тарқалганини билиб оламиз. Ишлар аста-секинлик билан кетар эди. Яъни даъват ишлари Аллоҳ хоҳлаган ерга келиб тўхтаб, мустаҳкам ўрнашгунча ўзининг табиий йўналишида юритилар эди”[3].

“Тадрижийликка буюрувчи раббоний қонун сиёсатда қўлланиши керак. Исломни ҳаётга татбиқ этишни ва исломий ҳаёт қуришни исталар экан, унинг самараси ғалаба қозониш бўлади, албатта. Агар биз ҳақиқий исломий жамиятни яратмоқчи бўлсак, бу бир раҳбардан ё подшоҳдан, ёки вазирлар кенгашидан ёки парламент мажлисидан чиқадиган қарор билан рўёбга чиқади, деб ўйламаслигимиз керак. Чунки бу нарса тадрижий равишда, фикрий, руҳий ва ижтимоий таёргарлик билан ҳосил бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилий ҳаётни исломий ҳаётга айлантириш учун айнан мана шу манҳажни татбиқ этган эдилар. Маккада ўн уч йил мобайнида қилган ишлари мўмин авлод етиштириш бўлди.  Сўнг у зотнинг тарбияларини олган мўмин авлод даъват масъулиятини, даъват ҳимояси учун жиҳод машаққатини кўтара олди ва уни бутун оламга ёйди. Шунинг учун Макка босқичи шариат қонунларини чиқаришдан кўра кўпроқ тарбияли мўмин жамият яратишга аҳамият қаратди[4].

 

[1] “Ат-тамкин лил-умма ал-исламия”, 227-бет.
[2] “Афатун алат-тариқ”, 1/57-58.
[3] “Ат-тамкин лил-умма ал-исламия”, Мавдудийдан нақл, 229-бет.
[4] “Ал-хасоис ал-омма лил-ислам” 168-бет. Бироз қисқартириб нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг