Пайғамбаримизнинг кун тартиби (20)

0

Тонгга яқин бироз мизғиб олишлари

Кечанинг  кўп қисми ўтиб, охирги маҳали, яъни олтидан бири қолган пайт Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тун бўйи намоз ўқиб, зикр ва дуолар қилиб, ўтиб кетган ва ҳаётда бўлган қариндош-уруғлар, саҳобалар ҳақларига дуолар қилганларидан кейин муборак баданларига бироз роҳат бериш учун тўшакка чўзилар эдилар. Таҳажжуд намозидан кейин бироз мизғиб, ором олар эканлар, бу билан бомдод намозига ва кундалик амалларига нашот ва тетиклик ҳосил қилар эдилар. Субҳ кирганида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуда бўлар эдилар. Онамиз Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда бўлганларида саҳар пайти ухлар эдилар[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарда то субҳ ёришмагунича ва Билол разияллоҳу анҳунинг азони Мадина сукунатини бузмагунича уйқуда бўлар эдилар. Шундан сўнг уйғонар эдилар ва Пайғамбарнинг янги куни – пайғамбарлик нафаслари билан хушбўй, рисолат нурлари билан мунаввар тонги бошланар эди.

[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (1133), “Саҳиҳ Муслим” (742).

Изоҳ қолдиринг