Дафндан кейинги ишлар (2)

0

181 – Қабрни ердан бир қарич миқдорда кўтариш

Қабрни ердан бир қарич миқдорда кўтариш мустаҳаб амал эканига уламолар иттифоқ қилганлар[1].

Чунки саҳобалар разияллоҳу анҳум Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ердан бир қарич миқдорда кўтарганлар. «Бу ишда барчалари ҳамфикр бўлганлар. Зеро, саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига нима қилган бўлсалар ўша ишнинг жоиз эканини билганлари учун қилганлар. Уларнинг бирортасидан бунга зид гап ривоят қилинмаган ва қўлимизда уларнинг қилган ишларига тескари бирор далил йўқ. Бинобарин, уларнинг ишлари биз учун ҳужжатдир»[2].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаҳадга дафн этилдилар, лаҳад устини хом ғишт билан ёпдилар ва қабрлари ердан бир қарич атрофида кўтариб қўйилди»[3].

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари устига сув сепилди, устига сойнинг қизил тошчаларидан қўйилди ва қабрлари ердан бир қарич миқдорида кўтарилди»[4].

Қабр кўтариб қўйилишидан мақсад «қабр экани билиниб, одамлар азият етказиб қўйишдан сақланиши, қабр соҳиби ҳаққига раҳмат сўраб дуо қилиниши учундир»[5].

Ибн Саъд ривоят қилади: «Имрон ибн Ҳусойн вафот этса ортидан овоз чиқариб эргашмасликни оиласига васият қилди ва бундай қилувчиларни лаънатлади. Шунингдек, қабрини тўртбурчак шаклида ковлашларини, сўнг уни тўрт энлик ёки шу атрофда ердан кўтаришларини васият қилди»[6].

Абу Мижлаздан ривоят қилинади: «Муовия разияллоҳу анҳу бундай деди: “Қабрни текислаш суннатдир, яҳуд ва насоролар қабрларини кўтариб қўйишади. Уларга ўхшаманглар”»[7].

Абул Валид ал-Божий айтади: «Тушунишимча, бунинг маъноси: қабр ер билан баробар текисланади, кейин бир қарич миқдорда кўтарилади, қабрнинг ўзи баланд қилинмайди, валлоҳу аълам»[8].

«Яъни қабр четлари ер билан текис бўлган ҳолатда қолади, ўртаси эса бир қарич миқдорда кўтарилади. Маййитни кўмишда фақат қабрдан ковлаб олинган тупроққа кифояланиб, кейин қабр устига тўпланганида шундай кўриниш юзага келади»[9].

Шавконий айтади: «Далиллардан кўринадики, қабрларни рухсат берилган миқдордан баланд кўтариш ҳаром ишдир. Имом Аҳмаднинг асҳоблари ва Шофеий ҳамда Моликнинг асҳобларидан бир жамоаси буни очиқ таъкидлаганлар»[10].

Яна бундай дейди: «Билингки, одамларнинг одингиларию кейингилари, саҳобалардан тортиб то ҳозиргача ўтган барча олимлар иттифоқ қиладики, қабрларни баланд қилиш ва устларига бино қуриш бидъатлардан бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар, уни қилганларга қаттиқ таҳдид айтганлар»[11].

Маҳмуд Хаттоб айтади: «Қабрларни бир қарич миқдордан баланд қилишга келсак, бу иш динимизда қораланган бидъат ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва салафи солиҳларнинг йўлларига зид бўлган ишдир. Шундай экан, ортиқчасини олиб ташлаш даркор»[12].

Шайх Сиддиқ Ҳасанхон айтади: «Саҳиҳ ҳадисларда қабрларни баланд қилиб кўтаришдан қайтарилди. Аввалроқ келтирилган Абул Ҳайёж ҳадисида[13] баланд қилиб кўтарилган ёки бир қаричдан баланд бўлган қабр айтилган дейилиши тўғри бўлади. Зеро, қабрларни баланд қилиб кўтариш шариат мункар деб билган ишлардан бўлиб, мусулмонлар ҳам унга қарши чиқишлари, хоҳ пайғамбарнинг, ё пайғамбар бўлмаганнинг қабри бўладими, солиҳ кишининг ёки фосиқнинг қабри бўладими, ўртасини ажратмай текислашлари вожибдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида улуғ саҳобалардан бир нечалари вафот этган, у зот асҳобларининг қабрларини баланд кўтармаган эдилар. Балки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуга бир қаричдан баланд кўтарилган қабрларни текислашга буюрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида саҳобалар у зотнинг қабрларини баланд кўтармадилар. У зотнинг охирги айтган гаплари қуйидагича бўлди: “Яҳудийларни Аллоҳ лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар[14]. Қабрлари бут қилиб олинишидан қайтардилар[15].

Хоссатан, солиҳ ва олим кишилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни йўллаган шиорни ўзларига шиор билишлари даркор»[16].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрни бир қарич атрофида кўтариш шариатга мувофиқдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳам бир қаричдан баланд кўтарилмаган. Ундан баландроқ кўтариш жоиз эмас. Бунинг далили ушбу ҳадисдир: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуга бундай дедилар: «Бирор суратни қолдирмай ўчир, бирор баланд кўтарилган қабрни қўймай текисла»”. Ҳадисни Имом Муслим «Саҳиҳ»да ривоят қилган[17]»[18].

Эътироз: Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Ал-авсат»да Амр ибн Муҳаммаддан, у Яъқубдан, у отасидан, отаси Ибн Исҳоқдан, Ибн Исҳоқ Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Амра ал-Ансорийдан ривоят қилади: «Хорижа ибн Зайд ибн Собитдан эшитдим: “Усмон разияллоҳу анҳунинг замонида биз ёш йигитлар эдик. Энг узоққа сакрай оладиганимиз Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳунинг қабридан сакраб, ошиб ўтар эди”»[19].

Жавоб: Бу асар санадида заифлик бор. Чунки уни Ибн Исҳоқдан бошқаси ривоят қилмаган.

У замонда қабрлар баланд кўтарилмагани маълум ва машҳурдир. Аксар тарихчиларнинг сўзларига кўра, Хорижа ибн Зайд ҳижрий юзинчи йилда, етмиш ёшида вафот этган. Демак, туғилган йили ҳижрий ўттизинчи йилга тўғри келади. Мўминлар амири Усмон разияллоҳу анҳу эса ўттиз бешинчи йил зулҳижжа ойининг ўн еттинчисида ўлдирилган. Бинобарин, Усмон разияллоҳу анҳу шаҳид этилган кунда беш ёшда бўлган Хорижа ибн Зайд қандай қилиб у кишининг замонида ёш йигит бўлади? Қолаверса, саҳобалар болалари қабристонни ўйингоҳ қилиб, қабрлар устидан сакраб юришига йўл қўйиб беришлари тасаввурдан йироқ ишдир[20].

[1] Яъни қабрни эни бўйлаб бир қарич миқдорда кўтариш назарда тутилган. Қаранг: «Мухтасар ал-Музаний», 56-бет; «Бадоиъ ас-саноиъ», 2/363; «Ал-Кофий», 2/67 (Муаллиф: Ибн Қудома); «Аз-захира», 2/478; «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/384, 4009-фатво, биринчи тўплам, Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[2] Ал-Муаллимий. «Иморат ал-қубур», 133-бет.

[3] Ҳадис тахрижи 129-масалада ўтди.

[4] Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (6737) ривоят қилган. Албоний: «Бу саҳиҳ мурсал санад», деган («Ал-ирво», 3/206).

[5] «Ал-муғний», 3/436.

[6] «Ат-табақот ал-кабир», 9/12, 3656-рақам. Шайх Жибрин «Тасҳил ал-фиқҳ»да (5/669) ҳасан деган.

[7] Табароний «ал-Кабир»да (19/352, 823-ҳадис) ривоят қилган, Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (3/184, 4297-ҳадис): «Ровийлари саҳиҳнинг ровийларидир», деган.

[8] Қози Абул Валид ал-Божий (вафоти: 494 ҳ.). «Ал-мунтақо шарҳ ал-Муватто», 2/494. Муҳаққиқ: Муҳаммад Ато. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1420 ҳ.й.

[9] Муаллимий. «Иморат ал-қубур», 132-бет.

[10] «Найл ал-автор», 4/102.

[11] Шавконий. «Шарҳ ас-судур фий таҳрими рафъ ал-қубур», 20-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад Ҳаллоқ. «Дор ал-ҳижра» нашриёти, биринчи нашр, 1410 ҳ.й.

[12] «Ад-дин ал-холис», 7/463.

[13] Ҳадис тахрижи 84-масалада ўтди.

[14] Бухорий (1390) ва Муслим (529) ривояти.

Муслимнинг ривояти қуйидагича: Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида бундай дедилар: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин. Улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”».

Ойша айтади: «Агар шу иш бўлмаганида у зотнинг қабрлари очиб, кўрсатиб қўйилган бўлар эди. Бироқ у зот қабрлари масжид қилиб олинишидан қўрқдилар» (Ёки: «У зотнинг қабрлари масжид қилиб олинишидан қўрқилди»).

«Агар ҳадисни «қўрқдилар» деб ўқийдиган бўлсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иш содир бўлишидан қўрққанлари, шу боис ўзларини вафот этган жойларига кўмишларини буюрганлари  тушунилади. «Қўрқилди» дейилган ривоятга кўра, саҳобалар умматнинг баъзи кишилари тарафидан бу иш содир бўлишидан қўрққанлари эҳтимоли келиб чиқади. Бинобарин, саҳобалар умматнинг айрим одамлари тарафидан у зот шахсларига нисбатан ғулув кетиш ва улуғлаш содир бўлишидан, натижада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бот-бот қайтарган, огоҳлантирган ва уни қилганларни лаънатлаган ишга қўл урилишидан қўрқиб, у зотнинг қабрларини оммага ошкор қилмадилар.

Қуртубий айтади: “Шунинг учун ҳам мусулмонлар ёмонлик йўлини тўсиш бобидан келиб чиқиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига нисбатан муболағали ёндашдилар. Қабр жойлашган хонанинг деворларини баланд қилиб кўтардилар, унга кириладиган эшик ўрнини тўсдилар ва у зотнинг қабрларни девор билан ўрадилар. Сўнг у зотнинг қабрларининг ўрни қибла қилиб олинишидан қўрқиб, қабрнинг шимол томонда жойлашган икки тарафига қайрилган яна икки девор қуриб, деворларни шимол тарафдан бурчак шаклда бир-бирига туташтирдилар. Чунки қабр қибла тарафда бўлиб,унга қараб намоз ўқилиши қабрга ибодат қилинаётгандек тасаввур уйғотар эди. Охир-оқибат, ҳеч кимда қабрга юзланиш имкони қолмади”» («Фатҳ ал-мажид», 263-бет).

[15] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.

[16] «Ар-равза ан-надийя», 1/442-443.

[17] Ҳадис тахрижи 84-масалада ўтди.

[18] Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/209. Шунингдек, қаранг: «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/384, 4009-фатво, 6-савол, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[19] Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 256 ҳ.) «Ат-тарих ал-авсат»да (1/122, 119-ҳадис) ривоят қилган. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Луҳайдон. «Дор ас-Сумайъий» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.

[20] Қаранг: Шайх Абдураҳмон ал-Муаллимий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1386 ҳ.). «Ал-бино алал-қубур», 37-41-бетлар. Муҳаққиқ: Ҳоким ал-Мутайрий. «Дор Атлас» нашриёти, учинчи нашр, 1424 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг