Намоз: Фотиҳа сурасини ўқиш

0
  1. Сўнг Фотиҳани ўқийди

Фотиҳа сурасини ўқиш намознинг рукни бўлиб, усиз намоз дуруст бўлмайди. Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фотиҳатул китобни ўқимаган кишининг намози намоз бўлмайди»[1]. Бошқа бирон сура Фотиҳанинг ўрнини боса олмайди. Бу борада фарз ёки нафл, жаҳрий ёки махфий намоз, эркак ёки аёл, мусофир ёки муқим, ёш бола ёки вояга етган кишининг намози, туриб, ўтириб ёки ёнбошлаб, хавф-хатарли ёки хотиржам ҳолатда, имом бўлиб ёки ёлғиз ўқилган намоз ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Аммо муқтадийнинг намозига келсак, унинг Фотиҳа сурасини ўқиши вожиб ёки вожиб эмаслигида уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий намоз бўлсин, муқтадий ҳам Фотиҳа сурасини ўқиши вожибдир. Чунки юқоридаги ҳадиснинг умумий тушунчаси шуни кўрсатади. Мазкур ҳадиснинг баъзи ривоятларида шундай собит бўлган: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кунлардан бирида бомдод намозини ўқидилар. Намозни тугатганларидан сўнг дедилар: «Сизлар имомларингизнинг ортида қироат қиласизлар шекилли?» Саҳобалар: «Ҳа», дейишди. У зот айтдилар: «Ундай қилманглар. Фақат Фотиҳани ўқинглар. Зеро, уни ўқимаганнинг намози намоз бўлмайди»[2].

Термизий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеинлардан иборат аксар аҳли илмлар шу ҳадисга амал қилишган. Шунингдек, бу фикр Молик ибн Анас, Ибн Муборак, Шофеий, Аҳмад ва Исҳоқларнинг фикри бўлиб, барчалари имомнинг ортида қироат қилиш лозим деб биладилар»[3].

Термизий айтмоқчики, мазкур барча имомларнинг фикрича, муқтадий ҳар қандай намозда ё фақат махфий намозларда қироат қилиши ё вожиб, ё мустаҳабдир.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумҳур уламоларнинг фикрича, имомга иқтидо қилган киши махфий намозларда ҳам, жаҳрий намозларда ҳам қироат қилиши лозимдир. Байҳақий айтади: “Шу фикр суннатга мувофиқ бўлган энг тўғрироқ ва эҳтиётга яқинроқ фикрдир”»[4].

Ибн Усаймин ва Ибн Боз раҳимаҳумаллоҳ муқтадий ҳар қандай ҳолатда Фотиҳа сурасини қироат қилиши вожибдир, деган фикрни тўғрироқ деб билишган.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғрироқ фикрга кўра, унутиб Фотиҳани ўқимаган кишининг намози дуруст бўлмайди. Агар навбатдаги ракаатга туришдан олдин эсига келса, қиёмга қайтиб, Фотиҳадан бошлаб намозини давом эттиради. Агар навбатдаги ракаатга ўтгач эсига келса, биринчи ракаатни бекор санаб, намозини давом эттиради. Агар намоздан кейин эсласа ва орадан кўп вақт ўтмаган бўлса, туриб, тўлиқ бир ракаат ўқийди. Аммо орадан кўп вақт ўтган бўлса, у ҳолда намозни қайтадан ўқийди. Саждаи саҳв бобларида бу борадаги тафсилотлар келади, иншааллоҳ»[5].

  2. Фотиҳа сурасини намознинг ҳар бир ракаатида ўқиш вожибдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»да: «Сўнг шу ишни намозингнинг ҳар ракаатида такрорла», деганлар.

  3. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фотиҳа сурасини ўқиш имом руку қилиб турганида унга иқтидо қилган ёки имом қиёмда турганида унга иқтидо қилган-у, Фотиҳа сурасини тўлиқ ўқиса, имом билан бирга руку қилишга улгурмай қолишидан қўрққан масбуқ – намозга кечикиб келган кишидангина соқит бўлади»[6].

Баъзи уламоларнинг фикрича, муқтадий оз бўлса-да қиёмга улгуриб қолса, Фотиҳа сурасини тўлиқ ўқиши вожиб бўлади. Шу фикр эҳтиётга яқинроқдир, валлоҳу аълам.

  1. Инсон намозда Фотиҳа сурасини ҳарфлари ва оятларининг тартибига риоя қилиб, ташдидларига эътибор бериб, тўғри ўқиши вожиб бўлади. Агар мазкур нарсалардан бирига хилоф қилса, намози дуруст бўлмайди.

  2. Фотиҳа сурасининг ҳар бир оятини бўлиб-бўлиб ўқиш, ҳар бир оятдан кейин тўхташ суннатдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай собит бўлган. Шунингдек, оятлар ўртасида узоқ тўхтаб қолмасдан кетма-кет ўқиш вожибдир. Агар четдан қараган киши қироатдан тўхтади, деб ўйлайдиган даражада қасддан оятлар ўртасида тўхтаб ўқиса, бошқатдан ўқиши вожиб бўлади. Аммо унутиш ёки толиқиш каби бирон сабаб билан тўхтаса, зарари йўқ, келган жойидан қироатини давом эттираверади. Шунингдек, муқтадий имомнинг қироатига «омин» деса, имом билан бирга тиловат саждаси қилса, унга луқма берса, уни огоҳлантириш учун «субҳаналлоҳ» деса, акса урганида «алҳамдулиллаҳ» деса, мазкур ҳолатларнинг барчасида, хоҳ бу ишларни хатодан, хоҳ билмасдан қилган бўлсин, қироати бўлинган саналмайди ва суранинг давомини ўқиб қўйиши вожиб бўлади. Мазкур ишларни қасддан қилган киши хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, қасддан қилган кишининг ҳам намози бузилмайди.

  3. Агар инсон Фотиҳа сурасини дуруст ўқий олмаса нима қилади?

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аслида, Фотиҳасиз намоз дуруст бўлмайди. Албатта, Фотиҳа сурасини ўқиш уни ўқий олган кишига вожиб, ўқий олмаганга эмас. Агар намозхон бу сурани ўқишни билмаса, бироқ ундан бошқа бирон сурани билса, ўша сурадан етти оят миқдорича ўқиши вожиб бўлади. Чунки Фотиҳадан кейинги энг яхши зикр Қуръондан унинг миқдорича бўлган бошқа оятлардир. Агар инсон хилқатида бирон камчилик бўлса, хотираси паст бўлса, ажамлиги сабаб тили келишмаса ёки бирон хасталиги ёхуд ногиронлиги сабаб Қуръондан бирон оятни ўрганиши имконсиз бўлса, у ҳолда Қуръондан кейинги энг яхши зикр Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳмид (алҳамдулиллаҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) саналади»[7].

Уламолар мазкур фикрга Рифоа ибн Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қиладилар. Унда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига намоз ўқишни ўргатар эканлар, бундай дейдилар: «Агар Қуръондан бирон нарса билсанг, шуни ўқи. Акс ҳолда, Аллоҳга таҳмид, такбир ва таҳлил айт. Сўнг руку қил»[8]. Бироқ Фотиҳадан бошқа ўқилиши лозим бўлган оятлар айнан етти оят бўлиши хусусида бирон далил келмаган.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мазкур зикрларни айтиш тартиби баён этилган. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб деди: «Мен Қуръондан бирон нарсани ўрганишга қодир эмасман. Шундай экан, менга унинг ўрнига кифоя қиладиган нарсани ўргатинг». У зот айтдилар: «Субҳаналлоҳ, вал-ҳамду лиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, ва ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййил азийм»[9].

سُبْحَانَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، وَلا إِلَهَ إِلا اللَّهُ، وَاللَّهُ أَكْبَرُ، وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ

  1. Баъзи инсонлар имом «валаз-зоооллийн»ни айтганида «омин» дейишдан олдин ўзи ва ота-онасининг ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилишади. Бундай қилиш хатодир. Муқтадий суранинг охирига қадар имомнинг қироатига қулоқ солади, сўнг у билан бирга «омин» дейди. Бу ўринда мазкур тарзда дуо қилиш бидъатдир.

[1] Бухорий (756), Муслим (394), Абу Довуд (822), Термизий (247, 311), Насоий (2/137), Ибн Можа (837) ривояти.
[2] Абу Довуд (823), Термизий (311), Дорақутний (1/318), Ибн Ҳиббон (1785) ривояти. Ҳадисни Термизий ва Дорақутний ҳасан деган. Хаттобий айтади: «Ҳадис санади «жаййид» (ҳасан) бўлиб, унда бирон путур етказадиган айб йўқдир».
[3] «Сунани Термизий», 2/118.
[4] «Ал-мажмуъ», 3/365.
[5] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 3/332 (айрим ўзгартиришлар билан).
[6] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/85.
[7] «Сунани Абу Довуд» шарҳи «Авн ал-маъбуд», 3/44.
[8] Саҳиҳ. Абу Довуд (861), Термизий (302), Ибн Хузайма (545) ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан деган.
[9] Ҳасан. Абу Довуд (832), Насоий (2/143) ривояти.

Изоҳ қолдиринг