Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Абу Бакр Сиддиқнинг Рум жиҳоди борасидаги маслаҳатлашуви

0

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Шомга қўшин юбориш борасида катта саҳобалар билан кенгаш ўтказди. Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн Жарроҳ, шунингдек, Бадр аҳли ва улардан бошқа обрў-эътиборли муҳожир ва ансорларни ҳузурига чорлади. Ҳамма йиғилгач, сўз бошлади: “Аллоҳ таолонинг неъматлари беҳад кўп ва саноқсиз, ҳар қанча амал билан уларнинг шукрини адо этиш имконсиз. Унга кўпдан кўп ҳамду санолар бўлсинки, сизларни баҳамжиҳат ва сўзларингиз бир жойдан чиқадиган қилди. Сизларни Исломга ҳидоят қилди, шайтонга орангизга киришга йўл бермади. Шайтоннинг Аллоҳга ширк келтиришингиз ва Ундан бошқасини илоҳ тутишингиздан умиди узилди. Араблар бир уммат бўлди. Мен сизларни Шомдаги Рум салтанатига қарши жиҳодга сафарбарлик эълон қилиш масаласида чорладим. Ким ҳалок бўлса шаҳид бўлади, Аллоҳ ҳузуридаги ажру мукофот аброрлар учун яхшидир. Ким яшаса, динни ҳимоя қилиб яшайди ва мужоҳидларга бериладиган савобларга ҳақли бўлади. Бу борадаги менинг фикрим шу. Сизлар бунга нима дейсизлар?”.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу туриб, Аллоҳга ҳамду сано ва пайғамбарига салавоту салом айтгач, бундай деди: “Бандалари ичидан истаган кишисига яхшилик насиб этадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қасамки, қачон бирон яхшилик устида мусобақалашган бўлсак, сиз албатта биздан ўздингиз. Бу Аллоҳнинг фазли марҳаматидир, уни истаган бандасига беради. Аллоҳга қасамки, мен шу масалада сиз билан гаплашмоқчи бўлиб юрган эдим. Шу бугун гаплашишни Аллоҳ тақдир қилган экан. Тўғри айтдингиз. Аллоҳ сизни тўғриликка бошласин. Мен сизнинг фикрингизни тўла қўллаб-қувватлайман. Улар устига кетма-кет от солдиринг, одам кетидан одам, қўшин кетидан қўшин юборинг. Ишонаманки, Аллоҳ албатта Ўз динига ёрдам беради, Исломни ва мусулмонларни ғолиб қилади, пайғамбарига берган ваъдаси устидан чиқади”.

Сўнг Абдураҳмон ибн Авф туриб, бундай деди: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси, Бани Асфар давлати Рум жуда катта ва қудратли давлат. Менинг фикримча, улар устига тўхтовсиз от солдириш ва устма-уст қўшин юбориш керак эмас. Балки отлиқ бўлинмалар ташкил қилиш ва уларни навбатма-навбат душман сарҳадларига юбориш лозим. Улардан бири душман ерига бостириб кириб, уларга кутилмаган зарбалар бериб, ўлжалар билан қайтгач, кейинги бўлинма юборилади. Уруш шу тартибда давом эттирилади ва мусулмонлар куч-қувват йиғиб, катта урушга ҳозирланадилар. Кейин Яман аҳлига, Рабеа ва Музар қабилаларига чопар йўлланг, барчаси йиғилиб келишсин. Шундан сўнг истасангиз ўзингиз бош бўлиб урушга кирасиз, истасангиз бошқа бир кишини бош қилиб юборасиз”. Шу гапларни айтгач, қайтиб ўрнига ўтирди. Одамлар жим бўлиб қолдилар. Абу Бакр уларга: “Қани, бошқалар нима дейди, барчангизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деди.

Шундан сўнг Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу туриб, Аллоҳ таолога Ўз зотига муносиб ҳамду сано айтгач ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот йўллагач, бундай деди: “Мен ўйлайманки, сиз бу дин аҳлига холис насиҳатгўйсиз, уларга ўта меҳрибонсиз. Шундай экан, ўзингиз нимани тўғри ва яхши деб кўрсангиз, ҳеч ўйланмай ва иккиланмай шу ишга азм қилаверинг. Биз сизнинг ихлосингизга асло шубҳа қилмаймиз”.

Сўнг Талҳа, Зубайр, Саъд, Абу Убайда, Саид ибн Зайд ва бошқа бир неча муҳожир ва ансорлар Усмоннинг сўзларини қувватлаб гапирдилар ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу нимага азм қилса, албатта унга итоат этишларини билдирдилар.

Қавм ичида Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У сукут сақлаб ўтирган эди. Абу Бакр унга: “Сиз нима дейсиз, эй Абул Ҳасан?” деди. Али деди: “Мен сизни баракотли ва тўғри фикрли инсон деб биламан. Хоҳ ўзингиз қўшинга бош бўлиб чиқинг, хоҳ бошқа бировни чиқаринг, иншооллоҳ, албатта ғалабага эришасиз”. Абу Бакр: “Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин. Нега бу қадар ишонч билан айтяпсиз буни?” деди. Али деди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бу дин унга қарши чиққан ҳар бир кимса устидан ғолиб бўлаверади, ҳатто дин унинг аҳли ғолиб бўлган ҳолда қоим бўлади”, деганларини эшитганман”[1]. Абу Бакр деди: “Субҳоналлоҳ, бу нақадар гўзал ҳадис! Сиз мени хурсанд қилдингиз, Аллоҳ сизни дунё ва охиратда хурсанд қилсин”.

Сўнг Абу Бакр разияллоҳу анҳу одамларга юзланиб, Аллоҳга ҳамду сано айтди, Уни Ўз зотига муносиб зикр этди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту салом йўллади. Сўнг деди: “Эй одамлар! Аллоҳ сизларга Ислом неъматини ато этди, сизларни жиҳод билан азиз қилди ва шу дин сабабли сизларни барча динлар аҳлидан афзал қилди. Эй Аллоҳнинг бандалари, Румга қарши урушга ҳозирланинг! Мен қўшин амирларини тайин этаман, сизларга байроқлар тикаман. Раббингизга итоат этинг, амирларингизга қарши чиқманг. Ниятингиз, мақсадингиз, юриш-туришингизни тўғрилаб олинг. Зеро, Аллоҳ тақводорлар ва чиройли амал қилувчилар билан биргадир”. Сўнг Абу Бакрнинг амри билан Билол одамларга: “Шомдаги душманингиз Румга қарши жиҳодга ҳозирланинг!” деб жар солди[2].

 

[1] Бухорий (7311) ва Муслим (1533) ривояти.
[2] Ибн Асокир. «Тарихи Димашқ», 2/63-65.

Изоҳ қолдиринг